17:33 / 09.09.2020
2 442

Беш қонунда беш хил талқин, қайси бири тўғри?

Беш қонунда беш хил талқин, қайси бири тўғри?
Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ҳужжатда ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги бир неча муҳим масалалар инобатга олинган, айрим жазо чоралари кучайтирилиб, миллий қонунчилигимизда гендер масалаларига оид бир неча янгиликлар жорий этилмоқда.

Қонун билан 8 кодекс ва 9 қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиляпти. Шунинг ўзиёқ мазкур ҳужжатда кўтарилаётган масалалар нақадар кенг кўламли эканлигини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, қонун жойлардаги сенаторларга аввалдан юборилиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва соҳа мутахассислари билан биргаликда ўрганилмоқда. Шу билан бирга, ҳудудларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда фикр ва тавсиялар билдириляпти.

Ушбу ўзгартиришнинг айрим муҳим жиҳатларига тўхталиб ўтсак.

Аввало, Меҳнат кодекси ва «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, меҳнат муносабатларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларнинг кафолатларини муcтаҳкамлаш мақсадида аниқлаштирувчи норма киритилмоқда.

Яъни Жиноят Кодексида «Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш» учун жавобгарлик кўрсатилган 148-моддасининг 2-қисми янги таҳрирда «Аёлни ҳомиладорлиги ёки шахсни ёш болани парвариш қилаётганлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортиш ёки ишдан бўшатиш» деб белгиланди. Демак, бунда шахс деган сўзни киритишдан мақсад, жабрланувчи тараф нафақат ёш боланинг онаси, балки парвариш қилаётган унга яқин бошқа шахс ҳам бўлиши мумкин.

Яна бир янгилик — бу автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши натижасида автомобиль йўлларининг тегишли таъмир муддатларигача бузилиши билан боғлиқ. Эндиликда юк ташувчи автотранспорт воситаларининг махсус рухсатномасиз автомобиль йўлларида юрганлиги учун маъмурий жазо чоралари назарда тутилмоқда. Қонун билан катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишида вазн ва ҳажм параметрларига риоя этмаган шахсларга маъмурий чоралар белгиланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Қайд этиш керак, Давлат экология қўмитаси инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг кўрсатмаларини бажармаслик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг кўплаб учраётганлигини ҳисобга олиб, бу борадаги тегишли жавобгарликни кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик кодекси янги модда билан тўлдирилди. Унга кўра, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек, унинг кўрсатмаларини бажармаслик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қонунда яна бир муҳим модда борки, у бевосита ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиради. Маълумки, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» Қонун билан ҳимоя ордери таъсис этилди. Лекин қонун ҳужжатларида ушбу ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажармаганлик учун жавобгарлик масаласи назарда тутилмаган эди.

Шу боис тазйиқ ўтказиш, зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бу эса мавжуд чекловларнинг бажарилишини яна бир бор кафолатлади.

Яна бир масала «кўп болали оила» тушунчаси билан боғлиқ. Мазкур атама қонунларимизда 21 маротаба қўлланилган бўлса, 5 та қонунда турлича талқинда келган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ҳамда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга кўра, бола деганда ўн саккиз ёшга тўлгунга (вояга етгунга) қадар бўлган шахс тушунилади.

Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида «кўп болали оила» тушунчасининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Оила кодексига тегишли ўзгартиш киритилди. Унга кўра, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила — кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила, деб ҳисобланади. Бу янги норманинг киритилиши кўп болали оилаларни ижтимоий муҳофаза қилишда катта аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши аҳолини қийнаётган бир неча муаммоларни ҳал этиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва ўз навбатида, давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ботир МАТМУРОТОВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга
қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Беш қонунда беш хил талқин, қайси бири тўғри?