20:10 / 02.10.2020
1 849

Қорақалпоғистон собиқ раҳбарининг ўғли, республика ДХХ собиқ раҳбари. Мурат Камалов ҳақида

Қорақалпоғистон собиқ раҳбарининг ўғли, республика ДХХ собиқ раҳбари. Мурат Камалов ҳақида
Мурат Камалов.
Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг 2 октябрь куни бўлган навбатдан ташқари 8-сессиясида Мурат Камалов Қорақалпоғистоннинг янги раҳбари этиб сайланди. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашган сессияда Оқсоқоллар кенгаши томонидан Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига (республика Конституциясига мувофиқ, бу Қорақалпоғистондаги энг юқори лавозимдир) Мурат Камалов номзоди тавсия этилган. Шавкат Мирзиёев бу номзодга ўз розилигини билдирган. Шундан сўнг яширин овоз бериш йўли билан Камалов Жўқорғи Кенгес раислигига сайланган. Жараён Қорақалпоғистон Конституциясининг 80-моддасида кўрсатилганидек ўтган.

Мурат Камалов 12 кун аввал Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайланган эди. Бунгача, 2020 йил 7 августидан бери Президент ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказига директорлик қилган. Ундан аввал, 2018 йилдан бошлаб, Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон бўйича бошқармасига бошлиқ бўлган (2020 йил августида Қорақалпоғистон ДХХга янги бошлиқ тайинлангани маълум бўлган эди). Махсус хизмат мактабини тамомлаб, меҳнат фаолиятини ҳам 1977 йили Давлат хавфсизлик қўмитаси (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати)да бошлаган бўлса-да, Камалов 1987 йилдан то 2018 йилгача бошқа соҳаларда фаолият юритган.

Жумладан, 1987—1990 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясида кичик илмий ходим, 1990—1991 йилларда «Консул» дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш ташкилотида бош муҳандис, 1991—1996 йилларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги «Каракалпакинторг» хорижий мамлакатлар билан ишбилармон ҳамкорлик уюшмасининг Тошкентдаги ваколатхонасида директор, 1996—2010 йилларда Тошкентдаги Стеллор унитар корхонасида бошлиқ (очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, корхона улгуржи савдо билан шуғулланган), 2010—2018 йилларда «Ҳуқуқий бизнес ва консалтинг агентлиги» адвокатлик бюросида маслаҳатчи лавозимларида ишлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 8-сессиясида нутқ сўзламоқда, 2020 йил 2 октябрь.
Фото: Президент матбуот хизмати

«Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман. У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам», — деган Жўқорғи Кенгеснинг 2 октябрдаги сессиясида сўзга чиққан Президент Шавкат Мирзиёев. У Камаловнинг номзодига унинг «инсоний фазилатлари, фидоийлиги ва раҳбарлик қобилиятини ҳисобга олиб» розилик билдирган. Президентнинг таъкидлашича, Камалов «қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаган». «Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман», — деб таъкидлаган Ўзбекистон Президенти.

Қаллибек Камалов (чапдан иккинчи) ва Шароф Рашидов (марказда).
Фото: «Odnoklassniki.ru» / Қарақалпақлар

Мурат Камаловнинг отаси Қаллибек Камалов 21 йил Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилган. Қаллибек Камалов 1953—1956 йилларда Қорақалпоғистон коммунал хўжалик вазири, 1956—1958 йилларда Қорақалпоғистон автомобиль транспорти ва шоссе йўллари вазири бўлган. Кейинги тўрт йил Қорақалпоғистон Министрлар Советига раислик қилган, 1963 йилда эса Қорақалпоғистон Коммунистик партияси биринчи котиби этиб сайланган. Шароф Рашидовнинг ўлимидан сўнг, 1984 йилда биринчи котибликдан олиниб, Руминиянинг Констанса шаҳрига СССР бош консули қилиб юборилган. 1987 йилда «пахта иши»да айбланиб, кейинчалик , 1990 йил июнида СССР президенти фармони билан барча мукофотларидан маҳрум қилинган. Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Шароф Рашидовнинг ўғли Қаллибек Камаловнинг қизига уйланган, Камаловнинг ўғли эса Рашидовнинг жиянига уйланган.

Шавкат Мирзиёев ва Қаллибек Камалов, 2017 йил 7 декабрь.
Кадр: YouTube

Қаллибек Камалов 2017 йили Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган. Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан 91 ёшли Камалов (ҳозирда 94 ёшда), жумладан, шундай деганди: «Президентимиз қўлидан орден олиш мен учун улкан бахт. Бу мукофот бир ўзимга эмас, бутун Қорақалпоғистон меҳнаткаш халқининг қаҳрамонона меҳнати учун берилган орден, деб ўйлайман. Ҳар бир элнинг, ҳар бир миллатнинг, ҳар бир мамлакатнинг ўсиши, ривожланиши биринчи раҳбарнинг одамгарчилиги, ақли, иш юргизиш услубига боғлиқ. Бир йил ичида бизнинг суюкли Президентимиз Шавкат Миромонович дўст мамлакатлар билан яқин бўлиб, Ўзбекистоннинг 2017—2021 йиллар орасидаги қуриладиган улкан қурилиш объектларига етадиган инвестицияни олиб келди. Халқаро аренада Шавкат Миромонович дадил қадам ташлади. Бу қадам билан, Худо хоҳласа, яқин орада Ўзбекистон энг ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин олади».

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг аввалги раҳбари Муса Ерниязов 2020 йил 31 июль куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган эди. Мурат Камалов Жўқорғи Кенгес раислигига сайланган Қорақалпоғистон тарихидаги тўртинчи раҳбар бўлди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)