19:13 / 29.10.2020
1 307

Мунажжим (ҳажвия)

Мунажжим (ҳажвия)
Кўчада, ён-веримда кўринган жуфтликлар борки, кўзимга бахтли кўринади, ўксинаман. Турмушимизнинг дастлабки йилларида биз ҳам Лайли-Мажнун эдик, еттинчи йилига келиб, бир-биримиздан зерикдикми, тирикчилик ташвишлари сабабми, сўзимиз сўзимизга, қилиғимиз қилиғимизга тўғри келмай қолди. Кўп жанжаллашадиган бўлдик. Кулранг, зерикарли ҳаёт бошланди. Ҳар не қилиб кўрдим, кўпчиликдан маслаҳат олдим, ҳатто «Google»дан ёрдам сўрадим. Яндексдаги Алиса ҳам тузукроқ маслаҳат беролмади.

Нима қилишни билмай юрган ана шундай кунларимда калламга ажойиб ғоя келиб қолди. Хотинимнинг ҳамма ишни мунажжимлар башоратига қараб қиладиган одати бўлиб, айнан мунажжимлар башорати учун газета сотиб олар эди. Менинг гапимга кирмас, аммо мунажжим маслаҳатларидан чиқмасди. Янги сим карта олдим ва телефонини қувватлантиришга қўйган вақтида янги рақамимни унинг контактлари сафига «Мунажжим башорати» деб сақлаб қўйдим. Кунда рақамига башорат жўнатишни бошладим.

Маош оладиган куним «Бугун қўлингизга пул тушади» деб ёздимда, эҳтиёжларимдан ортган қисмини қўлига бериб, «бу ўзингга» деб қўйдим. Кўзларида ҳайрат кўрдим, аммо бу ҳайрат қўли пул кўрганидан эмас, башоратнинг «аниқ чиқаётганидан» эди.

Мен ёқтирмайдиган дугонаси тўй қилди. Борма, десам, бораман, деб туриб олди. Уйдан чиқиб, беш дақиқада қайтиб келди. «Оёғим тортмади» эмиш. Аслида «Бугун катта даврали зиёфатларга бормаганингиз маъқул. Сизни катта кўнгилсизлик кутяпти» деб башорат жўнатгандим.

Ҳаётим изига тушгандай бўлди, чунки хотиним менинг яширин чизган «чизиғимдан» чиқмайдиган бўлди. Синаш учун «Бугун турмуш ўртоғингизнинг юзига урмасангиз, бошингизга кўп балолар ёғилиши мумкин» деб ёздим. Тонгда шуни ўқиганидан буён ёнимдан у ёққа ўтади, бу ёққа ўтади. Ўтганда чап қўли енгилгина кўтарилиб қўяди. У чапақай. Аммо ургани ботинолмайди. Ишга отланганимда ҳовлига чиққунимча ортимдан келди, эшик остонасида қолди. Хайрлашиб, дарвозага етганимда «тўхтанг» деди, олдимга келди-да «бегона аёлларга қарасангиз ўлдираман» дея юзимга енгил уриб қўйди...

Вой, баҳонангдан, сенинг! Шундай бўлсада, ишхонамгача қўли теккан юзимни силаб келдим. Юрагим илиди. Бўлар экан-у! Бунгача қанча асаб толаларим таранг тортилиб, узилиб кетди, омон қолганлари эса ҳозир бахт шаббодасида сархуш тебранади, гўё. Болаларимни айтмайсизми, юзларига ранг кириб қолди, авваллари сарғимтир кўринар экан. Ўғлим «дада» эмас, «дадажон» дейдиган бўлди. Қизим келиб мени ўпиб кетади, кейин бориб онасини ўпиб қўяди.

Кунига уч-тўрт марта смс-хабарлашиб турадиган бўлдик:
«Яхшимисиз, чарчамай ишлаяпсизми, дадажониси?»
«Раҳмат, ўзинг-чи, аяжониси?»
«Раҳмат. Кечаги ишим учун узр сўрамоқчийдим, энди ҳеч қачон бошим оғримайди...»
«Иссиқ жон, ҳечқиси йўқ...»

Бундай суҳбатлардан сўнг маст бўлиб уйга шошаман. Кийим алмаштираётганимда кўйлагимнинг енгига кириб олган ари чақиб олди. Арини топиб, қанотидан оҳиста ушлаб, табассум билан: «Бошқа бундай қилмагин, хўпми?» деб учирвордим ва ўзим уйга учдим.

Ҳамма нарсанинг интиҳоси бўлади. Қачонлардир буни бас қилишим керак эди, ўзим ҳам башорат тўқиб чарчадим. Якшанба куни биринчи бор аёлимнинг телефонига мунажжим башорати келмади. У ҳар доимги вақтда телефонига қаради. Кейин қувватлантиришга қўйиб, ошхонада нонушта тайёрлашга чиқди. Тез-тез телефонидан хабар олиб қўяди. Уч-тўрт марта кириб-чиқди. Текширди. СМС йўқ. Чиқди, яна кирди, телефонни ўчириб-ёқди, кейин силкитиб ҳам кўрди... Кун бўйи нимасинидир йўқотиб қўйган одамдай юрди.

Ётар чоғи оғиз очдим.
- Аяси.
- Ҳов.
- Бир гап айтайми?
- Айтинг.
- Телефонингга мунажжим башорати келар эди-ю...
- Хўш?
- Ўшани мен ёзиб жўнатардим...

У ётган жойидан чаён чаққандай сапчиб, ўтириб олди. Бир вақтнинг ўзида, бир чеҳрада ғазаб, табассум ва ҳайратни кўрганмисиз? Ой ёруғида унинг юзида буларнинг барини кўрдим. Бир муддат шу аҳволда ўтирди, сўнг кулиб «Ўзимнинг мунажжимим» деб қўйди.

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)