16:20 / 03.11.2020
6 378

Ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?

Ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодеси (кейинги ўринларда Кодекс)га мувофиқ ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам, икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир. Огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса, ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шартлиги белгиланган.

Меҳнат кодекси меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатини узайтириш имкониятига йўл қуймайди ва бу муддатга киритилмайдиган бирор бир даврларни назарда тутмайди.

Ходим ариза берган кундан кейинги кундан бошлаб ўтган ҳамма вақт, бу даврда ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажарган-бажармагани ёки ишда бўлган-бўлмаганлигидан қатий назар огоҳлантириш муддатига киради. Шунингдк ходимни ишда бўлмаслиги узрли ( таътилда бўлиши, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик) ёки узрсиз сабаблар билан юз берганлиги ҳам аҳамиятга эга эмас.

Шунингдек, қонунда белгиланган (икки хафта) ёки тарафларнинг келишувига биноан қиқартирилган огоҳлантириш муддати тугагунича ходим ишни ўзича тарк этиши ёки шу даврда унинг узрсиз сабаблар билан ишда бўлмаслиги ходим томонидан меҳнат муносабатларини бузилиши ҳисобланади. Бу ҳолда иш берувчи ходимга нисбатан у билан тузилган меҳнат шартномасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси иккинчи қисмининг 3 ёки 4-бандлари бўйича бекор қилишгача бўлган интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақлидир.

Бироқ ходимга нисбатан у ёки бу интизомий жазо фақат қонунда белгиланган (икки хакфта) ёки тарафларнинг келишувига кўра ходим ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги қисқартирилган огоҳлантириш муддати тугагунигача қўлланиши мумкин.
Ходимнинг ишда йуқлиги берилган аризага биноан у билан меҳнат шартномаси бекор қилишига тўсқинлик қилмайди. Бунда ходим ишда йуқлигига сабаб бўлган ҳолатлар (вақтинча меҳнат лаёқатсизлиги, ходимнинг таътилда бўлиши ва хокозалар) аҳамиятга эга эмас.

Масалан ходимга 2 майдан 30 майгача таътил берилган бўлса, 4 майда эса у меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берса, унда икки хафта ўтгандан кейин, 16 майда (агар тарафлар бундан олдинроқ муддатни шартлашмаган бўлса) иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши керак. Бунинг учун ходимни таътилдан чақириб олишга ҳожат йуқ.

Агар ходим иш вақтида касал бўлиб қолса ( шу жумладан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кун ҳам ) вақтинча меҳнат лаёқатсизлиги бўйича нафақани у билан меҳнат шартномани бекор қилингандан кейин ҳам меҳнат қобилияти тиклангунгача ёки ногиронлик белгилангунгача умумий тартибда тўлаш давом эттирилади.

Кодекс 99-моддасининг учинчи қисмига асосан ходим огоҳлантириш муддати давомида (шу жумладан, охирги иш куни ҳам) меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризасини қайтариб олишга ҳақлидир. Бунда тарафлар меҳнатга оид муносабатларни қонунда белгиланган икки ҳафталик огоҳлантириш муддати ўткунига қадар бирмунча олдинроқ санадан бошлаб бекор қилиш тўғрисида шартлашиб олган бўлсалар, у ҳолда ходим ўзи берган аризани фақат тарафлар келишиб олган огоҳлантриш муддати тугагунгача қайтариб олиш мумкин.

Масалан 1 августда ходим ўзи билан меҳнат шарномасини икки хафтадан кейин эмас, балки илгарироқ, айтайлик 8 августдан бекор қилишни сўраб ариза берди, бунга иш берувчи рози бўлди. Мазкур ҳолда ўз аризасини уни берган кундан бошлаб то шартнома бўйича ишни тугатадиган кунгача, яъни 8 августгача бутун огоҳлантириш муддати мобайнида қайтариб олишга ҳақлидир.

Ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани қонунда белгиланган (икки хафталик) ёки тарафларнинг келишувига биноан қисқартирилган огоҳлантириш муддати тугагунигача қайтариб олишни рад этиш ғайриқонуний ҳиобланади.

Шунингдек, меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига расман риоя қилинган ҳолда ҳам, иш берувчи ходимни тегишли ариза беришга мажбурлаганлиги аниқланса, унда меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда ходим суд томонидан ишга қайта тикланиши мумкин. Ишга тиклаш тўғрисидаги низони қараб чиқишда судлар ходимнинг иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза беришга мажбур қилганлиги хусусидаги даъволари тўғрилигини текшириб чиқади.

Иш берувчининг тегишли буйруқлари, текшириш далолатномалари, йиғилиш баённомалари, ходимнинг уни ишдан кетишга мажбур қилган ҳақиқий сабаблар кўрсатиб ёзилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрсидаги аризаси, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва шу кабилар бу даъволари тасдиқловчи далиллар бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, амалдаги меҳнат қонунчилигига асосан ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари алоҳида норма билан белгилаб қўйилган. Шундай бўлсада, ушбу асосларни қўллашда амалиётда айрим муаммоли ҳолатларнинг вужудга келаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Айниқса иш берувчи билан ходим ўртасида меҳнат шартномаси бекор қилинишида деярли 80% ортиқроқ ҳолатларда ходимнинг ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш деб расмийлаштирилади. Аслида иш берувчининг хоҳишига кўра бўлиши мумкин ёки тарафларга боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳам бўлиши мумкин. Бу эса қонун нормаларини тўғри талқин қилинмаслиги деб айтишимиз мумкин.

Дилфуза Абдуллаева,
Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган
филиали Хусусий-хуқуқий фанлар кафедраси мудири в.б.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ходимнинг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби қандай?