18:13 / 11.11.2020
2 033

Рахит касаллигидан сақланиш учун нималарга риоя қилиш керак?

Рахит касаллигидан сақланиш учун нималарга риоя қилиш керак?
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими ушбу касалликнинг белгилари, даволаш усуллари ҳақида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметов билан суҳбатлашди.

— Д витамини етишмовчилиги қандай касаллик?
— Д витамини етишмовчилиги, яъни рахит хасталиги бир умрлик асоратлар қолдирувчи фақат кичик ёшдаги болаларда учрайдиган касалликдир. У бола организмида Д витамини етишмаслиги натижасида келиб чиқади. Боланинг ривожланиши, хусусан, суякнинг ўсиши ҳамда мустаҳкам бўлиши учун организмга кальций ва фосфор элементлари зарур бўлади. Д витамини эса кальций ва фосфорнинг ичакдан сўрилиши, уларнинг суяк, мушак ва бошқа аъзо тўқималарига етиб боришини бошқаради.

Агар организмда Д витамини етишмовчилиги кузатилса, боланинг кальций ва фосфор элементларига бўлган эҳтиёжи қондирилмайди. Бу эса ўз навбатида рахит хасталигини келтириб чиқаради. Кўпинча ушбу касаллик кеч куз ва қиш ойларида туғилган болаларда учрайди. Сабаби бу фаслларда туғилган бола учун қуёш нури етарли бўлмайди.

— Рахит касаллигидан сақланиш учун нима қилиш керак?
— Албатта, қуёшли кунларда ва эрталаб очиқ ҳавода сайр қилиш бола учун жуда фойдали. Сайрга куннинг энг қулай вақти эрталаб соат 8:00дан 11:00гачадир. Ёз кунлари кечки 18:00дан кейин ҳисобланади. Очиқ ҳаводаги сайр болани чиниқтириш билан бирга организмда Д витамини ишлаб чиқарилишини кучайтиради. Ҳаттоки, ҳомиладор аёлнинг қуёш нуридан баҳраманд бўлиши ҳам фарзандида Д витамини етишмовчилиги бўлмаслигида муҳимдир.

Шунингдек, болага Д витаминига бой бўлган озиқ-овқатлар: мол гўшти, айниқса, балиқ, тухум ҳамда жигар маҳсулотларини бериш ҳам унинг рахит касаллигига чалинмаслигини таъминлайди. Гўдакка қўшимча маҳсулотлар берилмайдиган даврда она Д витаминига бой маҳсулотлар кальцийга тўйинган озиқ-овқат: сут ва сут маҳсулотлари, туршак, ловия, хурмо, кўк пиёзларни мунтазам истеъмол қилса, ушбу моддалар она сути билан бирга фарзандига ўтади ва унинг соғлом бўлишига замин яратади.

— Қандай белгилар намоён бўлади?
— Рахитга чалинган болалар кўп безовта бўлади. Бот-бот қайсарлик ва инжиқлик қилади. Чироқ ёқилишидан, қулоққа чалинган кутилмаган товушдан доим чўчиб тушадиган бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда тезда шифокорга мурожаат қилиш зарур. Касалликни боланинг гавда тузилишидаги номутаносибликлардан ҳам аниқлаш мумкин.

— Касалликни даволаш усуллари қандай?
— Агар болада рахит касаллиги белгилари сезилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак. Чунки ушбу хасталикни даволаш алоҳида муолажаларни талаб этади. Агар бошланғич ҳолати бўлса, Д витамини дорилари ва бошқа кальцийни кўпайтирувчи воситаларни истеъмол қилишнинг ўзи етарли бўлади. Аммо касаллик зўрайишининг олдини олиш учун бир неча чораларни ҳам кўриш мумкин. Хусусан, зарур бўлган ҳолларда шифокорнинг тавсиясига мувофиқ даво гимнастикаси, массаж, кварц лампаси билан нурлантириш амалиётлари ўтказилади. Даво чоралари ва махсус дори-дармонларни фақатгина мутахассис тавсияси билан истеъмол қилиш мумкин.

— Вақтида даво чоралари кўрилмаса қандай оғир оқибатларга олиб келади?
— Бу касалликка чалинган болаларнинг иммунитети тушиб кетади, оқибатда юқумли касалликларга таъсирчан бўлиб қолади. Шунингдек, рахит камқонлик, суяклар юмшаши, бўғим ва мушаклар бўшаши, тишлар кеч ва бир текис чиқмаслигига олиб келади. Унинг оғир асоратлари боланинг анча вақтгача боши ва гавдасини тута олмаслигида кузатилади.

Бундан ташқари, вақтида даво чоралари кўрилмаса, вазнининг ортиб бориши натижасида боланинг суяклари қийшаяди. Бошининг пешона қисми олдинга туртиб чиқади, энса қисми эса орқага киради, умуртқа поғонаси букчайиб қолади, кўкрак қафаси пастга қараб кенгайиб кетади, оёқ «Х» ёки «О» шаклида қийшаяди, болаларда ясси оёқлик ривожланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рахит касаллигидан сақланиш учун нималарга риоя қилиш керак?