Испания чемпионатида тобора порлаб бораётган "Атлетик Бильбао" яримҳимоячиси Ойан Сансет яқин орада Англия Премьер-лигаси клубларига йўл олиши мумкин. Европа матбуотида тарқалган хабарларга кўра, 25 ёшли футболчига Лондоннинг икки гранд жамоаси — "Арсенал" ҳамда "Тоттенхэм" жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Сансетнинг "Атлетик" билан амалдаги шартномаси 2032 йил июнгача мўлжалланган бўлиб, унда 80 миллион еврога тенг товон пули банди белгиланган. Бу эса футболчини олиб кетмоқчи бўлган клублар учун катта маблағ сарфлашни талаб этади.
Басклар таркибида етишиб чиққан яримҳимоячи охирги йилларда Испания Ла Лигасидаги энг муҳим фигуралардан бирига айланди. Жорий мавсумда у бешта учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйишга муваффақ бўлди. Мутахассислар унинг техник маҳорати, майдонни кўриш қобилияти ва ҳужумларни ташкил этишдаги ўрнини алоҳида таъкидламоқда.
Англия Премьер-лигаси клублари эса ўз навбатида Сансетнинг универсаллиги ва ўйиндаги тажрибасини юқори баҳоламоқда. "Арсенал" Микель Артета қўл остида таркибни янада кучайтиришни мақсад қилган бўлса, "Тоттенхэм" ҳам марказдаги рақобатни ошириш учун янги етакчи излаяпти.
Келаси трансфер ойнасида Сансет атрофида жиддий кураш бошланиши мумкин. Агар икки клубдан бири 80 миллион евролик талабни қондирса, "Атлетик"нинг энг муҳим футболчиларидан бири Англияга йўл олиши эҳтимоли юқори.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!