06:00 / 14.11.2020
2 151

Кадастр маълумотномаси масалалари бир кун ичида ҳал этилаётгани маълум қилинди

Кадастр маълумотномаси масалалари бир кун ичида ҳал этилаётгани маълум қилинди
11 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасида «Рақамлаштирилаётган кадастр соҳасида интеграция жараёнлари коррупцияга қарши курашишнинг асосий омили» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманни Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Мурод Файзуллаев очиб берди.

«Ҳозирда кўчмас мулкка тааллуқли бўлган хатти-ҳаракатларда рақамлаштириш юқори даражада кетмоқда. Бугунги кунда фуқаролар ёки тадбиркорлар кадастрнинг эшиги тагида «сарғайиб» туришига ҳожат йўқ. Кадастр соҳасидаги хизматларнинг барча тури Давлат хизматлари марказида йўлга қўйилган.

Бундан ташқари, кадастр ахборот тизими 9та манфаатдор вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари билан интеграция қилинган. Бунинг натижасида авваллари фуқаро ёки тадбиркорларда қарздорлик мавжуд бўлса, МИБ томонидан бир варақда тақиқ ва чеклов хатлари бизга келиб тушар эди. Тошкент шаҳрида бундай чекловлар кўп бўлгани сабабли хатларни қайта ишлаш, жавоб хати ёзиш каби ишлар 10 кун вақт талаб қиларди. Агар фуқаро ушбу тақиқни олиб ташлашни истаса, яна шунча муддат кадастр ва МИБ ташкилотлари ўртасида саргардон бўларди.

Эндиликда буларнинг ҳаммаси рақамли тарзда амалга оширилмоқда. Фуқаро ёки тадбиркорга тақиқ қўйиш ва уни олиб ташлаш жараёни сезиларли даражада тезлашган. Шунингдек, кўчмас мулк объектлари бўйича нотариал идораларга тақдим қилинадиган маълумотнома бериш муддати илгари 15 кунни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда маълумотномаларнинг 70 фоизи онлайн тарзда берилмоқда ва бу масала асосан бир кун ичида ҳал этилмоқда.

Шунингдек, биз яқин келажакда банклар билан кредит масалалари бўйича ҳам интеграция қилишни режалаштирмоқдамиз
», – деди Мурод Файзуллаев.

Анжуман давомида Давлат хизматлари агентлиги масъул ходими Сарвар Қодиров ҳам сўз олди.
«Агентликнинг асосий вазифаси – юридик ва жисмоний шахсларнинг давлат органлари билан бўладиган муносабатларида тартиб, шаффофлик ва қулайликни таъминлаш, қолаверса коррупция ҳолатларини олдини олиш ҳисобланади.

Бу тизимнинг ижросини таъминлаш ва назорат олиб бориш агентлик томонидан амалга оширилади. Шунингдек, давлат органлари ходимлари томонидан иш бажариш муддатидан ўтиб кетадиган ёки асоссиз равишда рад этиладиган бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда субъектга нисбатан тегишли тартиб чоралари қўлланилади
», – деди Сарвар Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, 15 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида «Давлат кадастрларини юритишнинг янги тизимини самарали ташкил этиш, ҳудудлардаги мавжуд резервлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар» мавзусида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда соҳада коррупцияга қарши курашиш ва бу борадаги қонунчилик нормаларини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича тегишли топшириқлар берилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кадастр маълумотномаси масалалари бир кун ичида ҳал этилаётгани маълум қилинди