date

Фарер оролларидан мағлубият — Чехия мураббийсиз қолди

Фарер оролларидан мағлубият — Чехия мураббийсиз қолди

Европада Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичи қизғин тус олган бир пайтда, айрим терма жамоаларда мураббий алмашинувлари ҳам тобора кучаймоқда. Чехия миллий терма жамоаси ҳам шундай вазиятга дуч келди — жамоа бош мураббийи Иван Гашек лавозимидан озод этилди.

Чехия футбол уюшмаси расман маълум қилишича, қарор Фарер оролларига қарши кутилмаган мағлубиятдан (1:2) кейин қабул қилинган. Бу натижа жамоа учун жуда оғир зарба бўлди, чунки Чехия гуруҳда етакчилар қаторида бўлиши кутилган эди.

Иван Гашек 2024 йил январидан бери миллий терма жамоани бошқариб келаётганди. Унинг раҳбарлиги остида жамоа айрим муҳим ғалабаларни қўлга киритган бўлса-да, барқарор натижа кўрсата олмади. Сўнгги мағлубият эса бугунги қарорни тезлаштирган асосий сабаб бўлди.

Ҳозирги кунда Чехия терма жамоаси саралаш гуруҳида 7 ўйиндан кейин 13 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бир ўйин захирасига эга бўлган Хорватия етакчиликни сақлаб қолган — фарқ 3 очкони ташкил этади.

Маҳаллий нашрлар ёзишича, Чехия футбол уюшмаси яқин кунларда янги мураббий номзодини эълон қилиши кутилмоқда. Айрим манбаларнинг маълум қилишича, номзодлар орасида маҳаллий мутахассислар билан бирга хорижлик мураббийлар ҳам бор.

Футбол мухлислари эса бу қарорни икки хил баҳоламоқда: кимдир бу кутилган натижа деб ҳисобласа, бошқалар учун Гашекнинг иш услуби ва фалсафаси ҳали ўз самарасини тўлиқ кўрсатмаган эди.

Шундай бўлса-да, Чехия учун кейинги ўйинлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Янги мураббий жамоани қайта руҳлантириши ва мундиалга чиқиш имкониятини сақлаб қолиши лозим.

Европа саралашидаги шиддатли кураш давом этаркан, Чехиядаги бу ўзгариш миллий жамоалар учун жиддий сабоқ бўлиши мумкин — натижага эришиш талаби юқори, вақт эса чекланган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фарер оролларидан мағлубият — Чехия мураббийсиз қолди