date

Президент Шота Руставели кўчасида амалга оширилган ишлар билан танишди

Президент Шота Руставели кўчасида амалга оширилган ишлар билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябр куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида бўлиб, Шота Руставели кўчасида амалга оширилган реконструкция ишларини кўздан кечирди.

Шота Руставели кўчаси пойтахтнинг бир неча туманларини боғловчи марказий йўлдир. Транспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида унинг Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр қисми реконструкция қилинди. Энди 10 та қатнов қисмига бўлинган йўлнинг 6 та тасмасида автомобиллар, махсус ажратилган 2 та йўналишда автобуслар ҳаракатланади. Қолган 2 та йўлак эса автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган.

Президент давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда автобусда юриб, қулайликларни кўрди, йўловчилар билан суҳбатлашди.

Таъкидланишича, кўча ўртасида ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, BRT (Bus Rapid Transit) тизими асосида ажратилган автобус йўлаги Тошкент шаҳрида биринчи бор амалиётга татбиқ қилинди.

Умумий қиймати 19,2 миллион долларлик ушбу лойиҳа натижасида йўловчи оқими соатига 2500 дан 6000 кишига ортди. Шунингдек, суткасига 40 мингта автомобил ўтказиш имконияти яратилиб, ўртача тезлик соатига 23 километрдан 30 километрга етказилди.

Лойиҳа доирасида автобуслар тўхташи учун 21 та янги бекат, 463 та «ақлли» светофор ўрнатилди. Интеллектуал транспорт тизими жорий этилди. Йўл бўйида автомобиллар тўхтаб туриши учун ҳам шароит инобатга олинган.

Шунингдек, велосипед йўлаклари, яшил ҳудудлар, суғориш ва дренаж тизимлари барпо этилди.

Шу ерда Тошкент шаҳрида алоҳида ажратилган автобус йўлакларини узайтириш, шаҳар атрофида транспорт боғламалари ташкил этиш лойиҳалари тақдимот қилинди.

– Агар метро йўллари қурмаганимизда, янги автобуслар олиб келмаганимизда бугун Тошкентда транспорт қатнови қийин бўларди. Шунинг учун одамларни рози қилиш нуқтаи назаридан йўлларни тўғрилаяпмиз, жамоат транспортини ривожлантиряпмиз. Бундай ишларни барча шаҳарларимизда давом эттирамиз, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мутасаддиларга жамоат транспорти учун қулайликларни ошириб, тирбандликни камайтириш, шаҳарни Янги Тошкент билан самарали боғлаш борасида топшириқлар берди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент Шота Руставели кўчасида амалга оширилган ишлар билан танишди