date
views 4 687

Зарифбой Ибодуллаев: "Академик Наби Мажидов - Неврология фани ифтихори"

Зарифбой Ибодуллаев: "Академик Наби Мажидов - Неврология фани ифтихори"
Фото: Профессор Зарифбой Ибодуллаев
Эпиграф. Ўзбекистон неврологияси ифтихори, буюк олим, академик Наби Мажидов таваллуд топган куни, яъни 10 декабрда Ўзбекистонда Неврологларнинг Ҳалқаро анжумани бўлиб ўтади. Бу галги Ҳалқаро анжуман 4 ва 5 декабр кунлари ZOOM дастури орқали онлайн режимда бўлиб ўтди. Шифо инфо таҳририяти аввалдан ўзбек ҳалқининг забардаст олими ҳақида мақола тайёрлашни режа қилиб юрувди. Фурсатдан фойдаланиб академик Наби Мажидов ҳақида батафсил маълумот олиш учун профессор Зарифбой Ибодуллаевга юзландик.

Савол: Зарифбой Ражабович! Сиз Наби Мажидовнинг шогирдимисиз?
Жавоб: Йўқ, менинг устозим профессор Мақсуд Маҳмудович Асадуллаев. Ҳозирда у киши ҳам академик. Ҳар гал устозим олдига кирганимда улар Наби Мажидовнинг кашфиётлари ҳақида фахрланиб кўп сўзлаб берардилар. Бизга неврология фанидан Наби Мажидович талабалик пайтларимиз маърузалар ўқирдилар. Уларнинг маърузаларидан зал сеҳрланиб қоларди. Олдинги қаторда кафедра ходимлари ўтирарди. У кишининг илм доирасидан мен ҳайратда қолардим. Улар неврология имтиҳонидан бир неча кун олдин ўзлари шахсан “Катта опрос” олардилар. Неврология жуда оғир фан бўлиб, Наби Мажидов ҳам, кафедра ходимлари ҳам ўта қаттиққўл инсон эдилар. Наби Мажидов суҳбатидан ким ўтса, имтихондан озод этиларди. Бу уларнинг топшириғи эди.

Мен албатта Наби Мажидович қўлидан 5 баҳо олдим. Улар менга билетдан ташқари жуда кўп савол берганлар. Ёнларида жуда кўп ўтириб қолган ҳам мен эдим. Ўлар Ҳанифа Мухсиновнага юзланиб: “Бу йигит имтихондан озод қилинди, институтни тугатгач уни кафедрада олиб қолинг, унинг келажаги бор” деганлари ҳали-хануз қулоғим остидан кетмайди. Кафедра ассистенти Ханифа Мухсиновна Ҳалимова (ҳозирда улар профессор) раҳбарлигида ТИЖ, яъни талабалар илмий жамиятига қатнашиб юрардим. Ҳанифа Мухсиновна менга: “Табриклайман! Имтихондан озод бўлдингиз” дедилар. Лекин мен имтихонга ҳам кирдим.

1982-1988 йиллари бирга ўқиган талабалар. Проф. Ибодуллаев З.Р., проф. Кариев Ғ.М., проф. Ҳалимова З.Ю (2018 йил).
Савол: Наби Мажидович ўзлари сизни имтихондан озод қилган бўлсалар, нега кирдингиз? 4 баҳо олиб қолсангиз нима бўларди?
Жавоб: Ҳамма талабалар ўта қўрқадиган кафедралар – булар профессор Б.Х. Магзумов бошқарадиган “Социал гигиена” ва Наби Мажидов бошқарадиган “Неврология” кафедраси эди. Мени имтиҳонга киришимни сўраб гуруҳдаги талабалар, яъни қизлар ҳоли-жонимга қўйишмади. Чунки имтихондан йиқилиб кетишлари мумкин эди. Имтихон пайтида 4 нафар ўртоғимнинг билет саволларига жавобларни ўзим ёзиб берганман (кулади, энди ошкор қилсам бўлар). Акс ҳолда йиқилиб кетишарди. Келинг. Менинг фаолиятим эмас Наби Мажидович ҳақида сўрайқолинг. Чунки бугун у киши ҳақида интервью олаяпсизку. Мен ўзим гувоҳ бўлган воқеаларни сўзлаб бераман. Бироқ Наби Мажидовнинг бевосита шогирдлари бўлган М.М. Асадуллаев, Ҳ.М. Ҳалимова, С.Н. Асланова, И.А. Қиличев ва албатта қизлари Ё.Н. Маджидовадан янада кўпроқ маълумотлар олишингиз мумкин.

Савол: Наби Мажидовнинг илм доираси инсон ҳайратда қоладиган даражада кенг эди, деб айтдингиз. Суҳбат олдидан у киши оламшумул кашфиётлар қилган дедингиз. Шулар ҳақида сўзлаб берсангиз.
Жавоб: Мен умуман олганда профессорларни 3 тоифага ажратган бўлур эдим.
1-тоифа – фақат ўз институтида танилган. Бундайлар одатда вақт ўтиб унут бўлиб кетади;
2-тоифа – давлат миқёсида танилганлар. Уларни Республика танийди (балким жамоат ишлари, илмий лойиҳалари ёки катта амалда ишлаши билан танилар);
3-тоифа – ўз соҳасини дунё миқёсига олиб чиққан профессорлар. Наби Мажидович ушбу 3-тоифа олимлар сирасига киради. Масалан, улар кашф қилган 2 хил касаллик, яъни лептоменингит ва хориоэпендиматит ўткан асрнинг 70-йиллари жахон неврологияси тарихида катта шов-шувга сабабчи бўлди.

2018 йил. Устоз проф. Ҳалимова Ҳанифа Муҳсиновна 70 ёшда (оқ либосда). Ёнларида Устозимиз академик Асадуллаев М.М. табрик сўзи айтмоқда
Савол: Лептоменингит ва хориоэпендиматит – булар қандай касалликлар? Бу касалликларнинг кашф қилиниши тарихини сўзлаб берсангиз.
Жавоб: Мия 3 парда билан қопланган. Шулардан бирига “ўргимчак тўрисимон парда”, яъни арахноидал парда дейилади. Наби Мажидов 1965 йили «Калла суяги орқа чуқурчасининг сурункали лептоменингити» мавзусида докторлик диссертациясини ёқлайди. Диссертацияни 37 ёшида ёқлаган олим миянинг ўргимчак тўрисимон пардаси яллиғланмай, балки ундан пастда жойлашган юмшоқ парда ва мия қобиғининг устки қисми яллиғланиши унинг эътиборини тортади. Ёш олим “Нега бу касаллик “арахноидит” дейилади, ахир арахноидал парда яллиғланмайди-ку, унда қон томирлар йўқ-ку, қайси тўқимада қон томир бўлмаса, унда яллиғланиш жараёни кечмайдику? деган саволлар унга уйқу бермайди. Наби Мажидов изланишларни давом этади ва ҳар бир ўтказган экспериментларида унинг ҳақлиги ўз исботини топаверади. 1972 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Иттифоқ неврологлари анжумани” да ўз хулосаларини баён қилади. Наби Мажидов “Арахноидит” атамаси ўрнига “Лептоменингит” атамасини қўллаш таклифини ўртага ташлайди.

Савол: Наби Мажидовнинг бу таклифини бошқа олимлар қандай қабул қилишади? Касалликнинг янги номига рози бўлишадими?
Жавоб: Илм-фанда ҳар қандай янгилик, айниқса, олимлар тасаввурида ғайритабиий бўлган ғоялар, албатта, кучли баҳс-мунозараларга сабабчи бўлади. Бунинг устига Наби Мажидов 44 ёшда бўлган. Анжуманда эса 70 ёшдан ошган энг йирик олимлар, академиклар бўлган. Бироқ Н. Мажидов қўлида инкор қилиб бўлмайдиган илмий далиллар бор эди. Ҳар қандай олим далиллар олдида бўйин эгади. Шундай бўлди ҳам. Арахноидит атамаси нотўғри эканлигига ҳамма иқрор бўлади.

Савол: Бу албатта қувонарли ҳол. Сиз хориоэпендиматит ҳақида ҳам айтдингиз. Хориоэпендиматит – тиббиётга киритилган янги илмий атама, дедингиз. Бу қандай касаллик ўзи?
Жавоб: Хориоэпендиматит – янги касаллик. Хориоэпендиматит мия суюқлигини ишлаб чиқарадиган мия қоринчаларининг ички қаватини қоплаб турадиган хориоидал чигаллар ва эпиендимал қават яллиғланиши. Дунё неврологияси тарихида бу атамани ўзбек олими Наби Мажидов киритган. Мен Наби Мажидовни машҳур француз неврологи Жан Мартен Шарко, машҳур инглиз неврологи Х. Жексон, немис неврологи Алоис Алсхаймер билан бир қаторга қўя оламан. Бу олимлар неврология тарихида бир нечта касалликлар ва неврологик синдромларни ёзиб қолдирган. Ушбу серқирра олимлар кўп кашфиётлар қилган.

Мана улардан баъзилари: Жан Мартен Шарко “Титроқ фалажлик” синдромини “Паркинсон касаллиги” деб номлаган, Х. Жексон миянинг қайси соҳаси таъсирланса, қандай эпилептик синдром юзага келишини исботлаб берган. Кейинчалик неврология фанига “Жексон эпилепсияси” атамаси кириб келган. Алоис Алсхаймер зўрайиб борувчи ақлий заифликни ёзиб қолдирди. Бу касаллик ҳозирда “Алсхаймер касаллиги” деб айтилади. Бу шарафли рўйхатни яна давом эттиришим мумкин. Бундай ишлар билан тиббиёт тарихида қолган олимлар ўша давлатнинг фахри, ифтихори ҳисобланади. Наби Мажидов ана шундай олимлар сирасига киради. Наби Мажидов – Ўзбекистон илм-фани ифтихори.

Наби Мажидов Болгарияда (1970 йил)
Савол: Нега бундай олимларни тиббиёт соҳасидан бошқалар танишмайди. Масалан биз тиббиётга алоқадор газета бўлсак-да, неврология дунёсига танилган шундай олим борлигини билмас эканмиз.
Жавоб: Бунга ажабланмасак ҳам бўлади. Масалан, Франция неврологияси фани асосчиси, дунёда биринчи “Неврология” дарслигини яратган олим, Қиролликнинг шахсий врачи бўлган ва “Неврология Наполеони” деб ном қозонган Ж.М. Шаркони ҳам оддий французлар танимаган бўлур эди. Олимлар шундай ҳалқ. Улар дунёга танилса-да, оддий ҳалқ бундан бехабар қолиши мумкин.

Савол: Сиз севиб доимо тилга оладиган машҳур нейропсихолог А.Р. Лурия 1970 йиллари Тошкентга келган. Уни Наби Мажидов юртимизга таклиф қилган деган эдингиз. Шу ҳақда сўзлаб берсангиз.
Жавоб: Ҳа, айнан шундай бўлган. Наби Мажидович юртимизда нейропсихология фанини ривожлантириш учун 1970 йиллари сайи-ҳаракатлар бошлаган. Уларнинг шогирдлари Накия Акбаровна ва Убайдулла Омонуллаевич нейропсихология бўйича номзодлик диссертацияларини ҳам ёқлашган. Нейропсихология жуда мураккаб фан бўлиб, унинг асосларини ўрганишга ҳатто аксарият невропатологлар жазм қила олмайди. Масалан, Сиз неврология соҳасида бир неча йиллар ишлаб, шогирдлар чиқарасиз, диссертация ёқлаб фан доктори ва профессор бўласиз, бироқ нейропсихология соҳасида илмингиз саёз бўлиб қолавериши мумкин.

Чунки нейропсихология олий руҳий функцияларни ўрганувчи ўта мураккаб фан. Бу фанни эгаллаш учун ҳам неврологияни, ҳам психологияни мукаммал ўзлаштирган бўлишингиз керак. Мен 2002-йили А.Р. Луриянинг 100 йиллик юбилейига кетаётганимда Е.Д. Хомская номига Наби Мажидовдан ҳам хат олиб борганман. Шу хат нусхаси ҳали ҳам ёнимда. Менга Наби Мажидов “Нейропсихология ўта мураккаб фан. Уни Ўзбекистонда ривожлантирсанг жуда зўр иш бўлади. Биринчи нейропсихолог ўзинг бўласан. Бу борада бизда докторлик диссертацияси ёқланмаган ҳали. Сенга оқ йўқ” деб фотиҳа берганлар.

Тошкент. Неврологлар анжумани. Проф. Н. Мажидов томонидан лептоменингит ва хориоэпендиматит атамалари фанга киритилаётган пайт
Савол: Неврология соҳасининг ёш олимлари Наби Мажидов қолдирган илмий меросдан фойдаланишлари ва ундан ўрнак олиши учун нималар қилиш керак?
Жавоб: Мен кечагина бўлиб ўтган Неврологларнинг Ҳалқаро илмий анжуманида Наби Мажидовнинг илмий мерослари ҳақида маъруза қилиб баъзи таклифларни берувдим. Қўшимча равишда яна қуйидаги таклифларни киритган бўлур эдим:
1) Тошкент тиббиёт академияси “Неврология” кафедрасига Наби Мажидов номини бериш;
2) Наби Мажидов ишларини хориж тилларига таржима қилиш;
3) Лептоменингит ва хориоэпендиматит касалликларини янги замонавий диагностик алгоритмларини ишлаб чиқиш;
4) Ўзбекистонда 10 декабрни (Наби Мажидов таваллуд топган кун) – “Ўзбекистон неврологлари куни” деб эълон қилиш; Масалан, 1 – декабр Жахон неврологлари куни;
5) Янги ташкил қилинаётган Неврология Илмий марказига Наби Мажидов номини бериш;
6) Ёш неврологлар учун Наби Мажидов номида медаль таъсис этиб, ушбу медаль билан Республика Неврология олимпиадасида ғолиб чиққанларни тақдирлаш.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зарифбой Ибодуллаев: "Академик Наби Мажидов - Неврология фани ифтихори"