18:50 / 02.01.2021
2 855

Коронавирус пандемияси шароитида ва ундан сўнг аҳолига тиббий-психологик ёрдам: муаммо ва ечимлар

Коронавирус пандемияси шароитида ва ундан сўнг аҳолига тиббий-психологик ёрдам: муаммо ва ечимлар
2019 йил. Бухоро тиббиёт институтида проф. Ибодуллаев З.Р. "Тиббиёт психологияси" бўйича маърузаси
Эпиграф: Ҳар бир давлат коронавирусни тез орада чекинишидан умидвор ва деярли барча кучлар шу муаммо ечимига қаратилган. Бир неча асрлардан буён учрамаган бундай касаллик ҳатто тиббиётнинг етук олимларини ҳам аросатда қолдирди ва коронавирус йирик тиббий-ижтимоий муаммога айланди. Хўш, коронавирус юртимиздан чекинади ва ҳаёт эрта-индин ўз измига тушади. Бироқ, миллионлаб одамлар қалбида пайдо бўлган руҳий зарбачи? Уларни қандай бартараф қилиш керак ва бу муаммо билан ким шуғулланади? Ўзбекистонда тиббий-психологик ёрдамни кенг қамровда олиб бориш пайти келмадими? Ушбу муаммо билан боғлиқ саволларга жавоб олиш учун биз Тиббий психолог, профессор Зарифбой Ибодуллаевга юзландик.

2019 йил. Проф. Ибодуллаев З.Р. Ўзбекистон учун тиббиёт психологияси аҳамияти ҳақида ТВ га интервью бермоқда
Савол: Зарифбой Ражабович! Биринчи карантин даврида коронавирус юқиб қолмаслиги учун қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, кўчага чиқмаслик, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби гигиеник талабларга катта урғу берилди. Иккинчи карантин даврида эса ОАВ да ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам қўрқув, хавотир, ваҳимага берилмаслик, хотиржамлик ва психологик иммунитет ҳақида тинимсиз гапирилмоқда. Хатто асаб ва руҳият мустаҳкамлиги ҳар қандай вирусли инфекциядан асрайди, ушбу касаллик юққан тақдирда ҳам руҳияти кучли инсонлар ундан тезроқ ҳалос бўлади, дейишади, Бу мулоҳазага олим сифатида ойдинлик киритсангиз.

Жавоб: Тиббиёт тарихчилари фикрига кўра, бундан 1000 йиллар олдин Ибн Сино қўрқув, хавотир, ваҳиманинг саломатликка зиёнли таъсирини айнан аҳоли орасида вабо касаллиги тарқалган пайтда айтган экан. “Тиб қонунлари” китобини варақлар экансиз ҳар қандай касалликда асаб мустаҳкамлиги ва руҳий қувватнинг кучи нафақат турли касалликларга чалинишдан асраш, балки бирор касалликка чалинган тақдирда ҳам ундан тезроқ тузалиб кетишга мезон яратади. Улуғ бобоколонимиз айтган ушбу иборалар XIX-XX асрга келиб Европа олимлари томонидан олиб борилган физиологик тадқиқотларда ўз исботини топди. Бу кашфиётлар учун 3 нафар физиолог ва нейрофизиологлар Нобел мукофоти совриндори бўлган.

Савол: “Тиббиёт психологияси” дарслигининг кириш қисмида буюк аллома Ибн Синонинг “Вужуд руҳ амрига вожибдир” деган битикларини эпиграф қилиб келтиргансиз. Мана ҳозир бутун дунёда вирусологлар билан елкама-елка туриб “Тиббий психологлар” ҳам кураш олиб бормоқда.
Жавоб: Тақдирнинг тақозаси билан “Тиббиёт психологияси” дарслигининг 3-нашрини чоп қилишга рухсат берилган сана 29.12.2019 йил, яъни Хитойда коронавирус расман эълон қилинишидан бир кун олдинга тўғри келади. Бу хабар бутун дунё аҳлини, яъни нафақат оддий одамлар, балки олимларни ҳам саросимага солди. Чунки бу вирус яшин тезлигида тарқалувчанлиги, ташқи муҳитга чидамлилиги ва ўлим ҳолатлари кўплиги билан бошқа вируслардан ажралиб турарди.

Масалан, ҳатто эшик тутқичида 5 кун сақланаркан, деган иборалар ҳаммани саросимага солди. Мен дунё хабарларини ҳар сонияда кузатиб бордим. Ривожланган давлатлар зудлик билан вирусологлар билан бир қаторда тиббий, яъни клиник психологлар армиясини шакллантиргани мени ҳайратга солди. Чунки, тотал ваҳима вирусдан ҳавфли! Масалан, Канада давлати аҳолига коронавирус шароитида тиббий-психологик ёрдамни шакллантириш учун дастлаб 150 млн доллар ажратди. Биз ҳар доим кузатиб келадиган Россия Федерацияси ҳам тиббий-психологик хизматнинг моддий-техник базасини янада кучайтирди.

Савол: Бизда вазият қандай? Бизда коронавирус шароитида аҳолига тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш талабга жаво берадими?
Жавоб: Афсуски йўқ. Ўзбекистоннинг 34 млн аҳолисига 110 нафар “Тиббий психолог” бор холос. Тақослаш учун невропатологлар сони 1500 та. Бугунги кун талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, бизнинг Республикага 3000 нафар “Тиббий психолог” керак. Шу боис барча тиббиёт институтларида тиббий психологларни Давлат грантлари асосида магистратура ва клиник ординатура орқали ҳар йили 100-150 тадан тайёрлашимиз керак. Бизда эса йилига 10-15 нафар тиббий психолог тайёрланаяпти холос. Параллел равишда йирик тиббиёт институтларида “Клиник психология” факультетларини очишимиз керак. Ана шунда биз зўрға 5-7 йил ичида “Тиббий психолог” кадрларнинг етарли базасини ярата оламиз.

Савол: Бу масалага олдинроқ ҳаракат қилса бўлмасмиди?
Жавоб: Ҳаракат қилганмиз. Авваломбор бироз тарихий маълумотлар берсам. 1997 йили 2-ТошМИ алоҳида “Тиббиёт психологияси” курси очилди. Мустақилликдан кейинги даврлар! Ўзбек тилида зарур ўқув адабиётлари тайёрлаб бошланди. Европа тажрибасини ўрганиб 2008 йили “Тиббиёт психологияси” дарслигини яратдик. 2009 йили “Йилнинг энг яхши дарслиги” совринига сазовор бўлди. 2012 йили “Тиббиёт психологияси” дарслиги яна нашр қилинди, 2019 йили биз бу дарсликни мутлақ қайта кўриб чиқиб, ЖССТ ва тиббий-психологик мактаблар тажрибасини ўрганиб чиқиб ушбу дарсликнинг 3-нашрини чоп қилдик.

Биз ўша даврдаёқ Республикамиз учун “Тиббий психолог” кадрларни тайёрлаш масаласани кўтарганмиз. Бунинг учун тиббиёт институларида “Тиббий психология” мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординтура йўналишларини очиш керак ва дастлаб зарур меъёрий хужжатларни тайёрлаш керак эди.

2017 йил. Проф. Ибодуллаев З.Р. Тошкент тиббиёт академияси профессор-ўқитувчилари ва талабаларга "Тиббий психолог. У ким?" мавзусида маъруза қилмоқда.
Савол: Даволаш-профилактика муассасаларига “Тиббий психолог” кадрларни тайёрлаш аллақачон йўлга қўйилган шекилли?
Жавоб: Ўзбекистонда 2012/2013 ўқув йили Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академиясида “Тиббий психолог” кадрларни магистратура ва клиник ординатура орқали тайёрлаш албатта йўлга қўйилган. Бунга биз 2-3 йил олдин чуқур тайёргарлик кўра бошладик, Ғарб давлатлари тажрибаси асосида “Тиббий психология” фани бўйича Давлат таълим стандартини пухта ишлаб чиқдик, намунавий дастур яратдик ва бошқа зарур хужжатларни тайёрладик. Ўша йилнинг ўзидаёқ Республикамиздаги барча тиббиёт институтлари, яъни Самарканд, Бухоро, Андижон, Урганч ва Нукусда юқори курс талабалари билан бир неча бор учрашувлар ўтказдик, “Тиббий психолог. У ким?” мавзусида брошюра чиқариб талаба ва ўқитувчиларга тарқатдик.

2019 йил. Проф. Ибодуллаев З.Р. Бухоро тиббиёт институтида талабалар билан учрашув.
Савол: Тайёрланган “Тиббий психолог” кадрларни иш ўринлари билан таъминлаш масаласини қандай ҳал қилинди?
Жавоб: Албатта, бу масала билан соғлиқни сақлаш вазирлиги шуғулланиши керак. Биз бу борада ССВ га жуда кўп меъёрий хужжатларни топширганмиз, “Тиббий психолог-психотерапевтнинг квалификацион характеристикаси“ ни тузиб чиқиб уни топширганмиз. Республика, вилоят ва шаҳарларнинг йирик клиникалари ва тиббиёт бирлашмаларида “Психосоматик тиббиёт” бўлимлари ва “Тиббий психолог-психотерапевт” кабинетларини очиш зарур.

“Тиббий психология” сайти бир неча йил олдин очилган (asab.uz). ОАВ да “Тиббиёт психологияси ва психосоматик тиббиёт” мавзусида шогирдлар билан жуда кўп чиқишлар қилдик. “Ўзингни англа” дастурида “Тиббий психолог” дипломини олган янги кадрлар билан психосоматик тиббиёт мавзусида катта кўрсатув тайёрлаб эфирга бердик.

2017 йил. Тошкент. Проф. Ибодуллаев З.Р. ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бора ўтказилаётган "Тиббий психологларнинг психосоматик тиббиётга бағишланган Ҳалқаро анжумани". Ёш тиббий психологлар
Савол: Хорижлик олимлар тажрибасидан ҳам фойдаландик деб айтдингиз. Шу соҳа олимлари Ўзбекистонга ташриф буюрганми?
Жавоб: Бир неча йиллик уринишлар асносида Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба хорижлик олимлар иштирокида 2017 йил апрел ойида “Психосоматик тиббиёт: муаммо ва ечимлар” мавзусида анжуман ўтказдик. Унга 400 дан ошиқ УАШ ташриф буюрди. Ушбу олимларнинг баъзиларини Самарканд ва Бухорога олиб борганмиз, врачлар ва талабаларга маҳорат дарсларини ўтганмиз.

2017 йил. Португалиялик профессор-психолог Констанция Паул Бухорода. Проф. Ибодуллаев З.Р. ва проф. Ш.Р. Баротов
Савол: Ҳукуматга қандай таклифларингиз бор?
Жавоб: Зудлик билан қуйидаги муаммоларни ҳал қилиш керак:
1. Барча тиббиёт инситутларида “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраларини очиш зарур. Бунинг учун дипломли кадрлар етарли.
2. Тиббиёт институтларида магистратура ва клиник ординатура орқали Давлат грантлари асосида ҳар йили 100-120 нафардан “Тиббий психолог” кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш;
3. Тиббиёт институтларида “Клиник психология” факультетларини очиш;
4. Даволаш-профилактика муцассасаларида “Психосоматик тиббиёт” бўлимлари, поликлиникаларда “Тиббий психолог-психотерапевт” кабинетларини очиш.
5. Болалар ва ўсмирларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш марказларини ташкил этиш.
6. Фавқулодда вазиятларда аҳолига тез тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш.
7. “Тиббий психология” бўйича илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш учун Тошкент тиббиёт академиясида “Тиббий ва махсус психология” бўйича Ихтисослашган Кенгаш очиш;
8. “Ўзбекистонда психосоматик тиббиёт ва аҳолига тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш тизимини яратиш” бўйича Президент Фармони қабул қилиш.

2017 йил. Самарканд. Проф. Ибодуллаев З.Р., Португалиялик психолог-профессор Констанция Паул
Мен бу борада жахон тажрибасини ўрганиб чиққанман ва менда жуда катта материал бор. Уларни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб зудлик билан амалга ошириш керак. Ҳалиям бу ишга жуда кеч қолдик.

Ҳафиза Асал суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус пандемияси шароитида ва ундан сўнг аҳолига тиббий-психологик ёрдам: муаммо ва ечимлар