19:36 / 03.01.2021
2 761

Мактаб психологлари ва ҳамширалари билиши зарур бўлган тиббий-психологик билим ва кўникмалар

Мактаб психологлари ва ҳамширалари билиши зарур бўлган тиббий-психологик билим ва кўникмалар
Бугунги глобаллашув даврида ўқувчи-ёшларимиз ижтимоий, айниқса дистанцион кўринишдаги ижтимоий таҳдидлар остида қолмоқда. Бундай таҳдидлар уларнинг руҳий камол топишига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани сир эмас. Педагог ва психологлар ўқувчи-ёшларни атрофда бўлаётган салбий таъсиротлардан асраши мумкин, бироқ уларни дистанцион кўринишдаги ижтиомий таҳдидлардан асраши анча мушкул бўлмоқда.

Тан олиб айтиш жоизки, бугунги кунда энг катта масъулият мактаб психологлари зиммасига тушмоқда. Улар нафақат педагогик психология, балки социал ва тиббий психология асослари бўйича етарли даражада илм ва кўникмаларга эга бўлишлари лозим. Чунки вазият шуни тақозо этмоқда.

Мен тиббий психология асосларини билиш мактаб психологлари учун нақадар зарурлиги ва бунда айнан нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида сўз юритмоқчи эдим. Нима учун тиббий психологияни билиш зарур. Маълумки, тиббий психология умумий психологиядан фарқли ўлароқ, бемор киши психологиясини ўрганади.

Бугунги кунда жамиятимизда руҳий соғломлар қанча-ю, невроз, депрессия ва психозлар билан касалланганлар сони қанча? Афсуски бу ҳақда Ўзбекистонда аниқ статистика йўқ. Бироқ кам эмас, балким жуда кўпдир. Чунки ОАВ ҳар куни эмас, деярли ҳар соатда ўсмирлар орасидаги пичоқбозликлар, ака мобил телефон учун укасини ўлдириб қўйгани ёки фарзанд отани уриб ўлдиргани ҳақида кўп ўқиймиз. Яна бир бор такрор айтаман, бу воқеаларни ҳар куни эмас, балки ҳар соатда ўқияпмиз. Бу мудҳиш статистикага оилада рўй бераётган, бироқ ОАВ га чиқмаётган ўта аянчли ҳолатларни ва ёшларимиз орасида кўпайиб бораётган суицидларни қўшсак, жамиятимизга нима бўляпти ўзи, деб хитоб қилгинг келади.

Хўш, булар кимлар? Аниқ-ки булар руҳий соғлом кишилар эмас. Улар – невроз ва депрессиянинг энг оғир тури ёки психоз билан касалланган шахслар. Бундайларга, албатта, ўсмирлар ёки оилавий психологлар кучи етмайди. Ўша невроз, депрессия ёки психозни бартараф этмас экансиз, уларнинг характерини коррекция қилиб бўлмайди ёки педагогик ёки психологик уринишлар бесамара бўлади. Бир сўз билан айтганда касални даволаш керак, тарбиялаш эмас.

Мен 3 йил олдин тиббий психолог магистрларимни йиғиб бир нечта мактабда 1000 дан ошиқ мактаб ўқувчиларида психологик текширувлар ва суҳбатлар ўтказиб кўрдик. Мени мактабдаги психологик вазият жуда қизиқтирганди. Мен тибб ий психолог-магистрларим билан 5-6 синф ва 7-8 синф ўқувчиларида билан аноним сўровнома ҳам ўтказдим, уларнинг исм-шарифи ёзилган очиқ хатларни ҳам олиб ўргандик.

Улардан баъзиларини сизларга ҳавола қиламан: 5-синфда ўқийдиган қизча: “Ойимга айтинг! Мен билан кўпроқ суҳбатлашсинлар”; 6-синфда ўқийдиган ўғил бола: “Отам менга сира қарамайди, ёнларига борсам уришадилар”; 7-синф ўқувчиси (ўғил бола): “Савол: Сиз психологмисиз? Жавоб: Ҳа...Унда ҳув анави қизга айтинг (қизни қўли билан кўрсатади). Мен уни яхши кўраман, агар у ҳам яхши кўрмаса, мен ўзимни ўлдираман”.

Суҳбатларни ўтказиб мактабдан чиқиб кетаётганда 5-синфда ўқийдиган битта қизалоқ Гулчеҳра Сейткаримова исмли магистримиз кетидан югуриб келиб, “Опажон! илтимос яна келинг. Биз билан суҳбатлашинг” деган. Шунда Гулчеҳра: Вой албатта келаман, қизалоқ, деб унинг олдига чўкка тушиб бағрига босган, пешонасидан ўпиб бошини силаган. Қизалоқ узоқ вақт Гулчеҳрани қўйиб юбормай турган. Гулчаҳра: - Ойингни ҳам шундай яхши кўрасана-а? Қиз йиғлаб юборади ва улар мени ҳеч қачон бағрига босмаганлар, бошимни силамаганлар, ўпмайдилар, фақат уришадилар...

Албатта, мен бу ерда келтирган мисолдан мактаб психологи ва оилавий психологлар ўзлари хулоса чиқариб олишар. Мен мактаб ўқувчилари билан боғлиқ бешта асосий тиббий-психологик муаммо ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи муаммо – гипердинамик синдром. Гипердинамик синдром – бу касаллик. Ҳалқаро тиббий таснифларда алоҳида рукнда кўрсатилган. Мактаб ёшидагиларда учрайдиган бу касалликни бутун дунёда тиббий (клиник) психологлар даволашади. Мен ўзимнинг “Асаб ва руҳият” номли китобимда бу синдромни “Бебош бола синдроми” деб номлаганман.

Тиббий психолог-магистрлар билан 1000 дан ошиқ мактаб-ўқувчиларда ўтказган скрининг текширувларда деярли уларнинг 70 % га “Гипердинамик синдром” ташхисини қўйдик. Бу жуда катта рақам! Асосан диққат ва ҳулқ-атвор бузилишлари билан намоён бўладиган ушбу касалликка тиббий психолог аралашмаса бўлмайди. Мана нима учун педагог ва мактаб психологи уринишлари кўзланган самарани бермаяпти?

Иккинчи муаммо – болалар неврози. Аслида катталарда учрайдиган ушбу касаллик, болалар ва ўсмирлар орасида тобора авж олмоқда. Бизда неврозни ҳамон невропатологлар даволаётган бўлса, ривожланган ҳориж давлатларида бу муаммо билан, асосан, тиббий (клиник) психологлар шуғулланишади.

Учинчи муаммо – ўсмирлар депрессияси. Ёшлар депрессияси – жуда катта психосоциал муаммо! Маълумки, депрессия ҳам касаллик ва оғир касаллик. Албатта бу касаллик ўсмирлик ёшидан бошлаб пайдо бўла бошлайди, яъни индивид ўзини шахс деб ҳисоблаб бошлаганидан бошлаб. Унинг келиб чиқишига оиладаги носоғлом муҳит, яъни болага эътиборсиз ота-оналар сони ошиб бораётгани, ўқитувчининг ўз ўқувчисига нисбатан адолатсизлиги ва камситилиши, рағбатнинг йўқлиги, ўқувчиларнинг бой ва камбағалга табақаланиб бораётгани, катталар орасидаги ёлғоннинг авж олаётгани ва ҳк.

Тўртинчи муаммо – ўсмирдаги агрессия ва психоз. Ушбу ўта оғир патологик ҳолатларга ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган омиллар сабабчи бўлади. Ўсмирлик агрессияси ва психоз – бугунги кунда ўқувчи-ёшлар орасида авж олиб бораётган пичоқбозлик ва турли қотилликлар кўпайишига туртки бўлмоқда. Юқорида мен тилга олиб ўтган воқеага ҳам агрессия ва психоз сабабчи бўлган, яъни мобил телефон туфайли ака ўз укасини ўлдириб қўйган. Алоҳида таъкидлаш жоизки, ўсмирда агрессия шаклланиши сабаблари кўп, бироқ бу ҳавфли ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – унга нисбатан бўлаётган адолатсизлик. Таълим даргоҳидаги ва оиладаги адолатсизлик. Бунинг оқибатида унинг онг остида ечимини топа олмаган ёки ечими топилмаган зиддиятли муаммолар қўним топади ва Фрейд тили билан айтганда кучли салбий қувват манбаига айланади. Бу ҳолат эса бировнинг ҳаётига тажовуз ва қотилликка олиб келади.

Бешинчи муаммо – ўсмирлар орасидаги суицид. 14-17 ёшдагилар суицидининг асосий сабабчиси – бу депрессия. Суицид муаммоси – бир қанча психолог мутахассислар биргаликда ечадиган муаммо. Битта касб эгаси уни бартараф эта олмайди. Суицид муаммосини ечишда ҳар кимнинг ўз вазифаси бор: педагог – яхши таълим-тарбияга урғу беради, психолог – характердаги психологик оғишларни бартараф этади, тиббий психолог депрессияни коррекция қилади, психиатр – агрессия ва психозни даволайди. Демак, ушбу муаммо – барчамизга тегишли!

Бу муаммоларни ечиш учун мактаб психологи қуйидаги тиббий-психологик ва психотерапевтик билим ва кўникмаларга эга бўлиши керак.
1. Гипердинамик синдром, болалар неврози, ўсмирлик агрессияси, депрессия ва психозларга олиб келувчи этиологик омиллардан ва ушбу касалликларнинг клиник белгиларидан воқиф бўлиши;

2. Ушбу касалликларда қўлланиладиган психологик тестлардан воқиф бўлиши, уларни интерпретация қила олиши, тестлар ва бошқа тиббий текширувлар натижасига таяниб психологик соғлом ва носоғлом гуруҳларга ажратиш;

3. Ўқувчиларнинг тиббий-психологик саломатлиги акс этган электрон база яратиш ва унинг мониторингини олиб бориш. Ушбу маълумотларнинг конфеденциаллигини таъминлаш;

4. Ҳавф-хатар гуруҳи бўйича мактаб ўқувчиларини А (ҳавфсиз), В (хавфли), С (ўта ҳавфли) гуруҳларга ажратиш ва ҳар бир гуруҳ билан индивидуал ишлаш механизмини ишлаб чиқиш. Агрессия, психоз ва депрессия ҳамда суицидга мойил ўқувчилар аниқланганлар алоҳида рўйхатга олиниши ва улар билан ишлашни алоҳида молиялаштириш масаласини кўтариш;

5. Ўқувчи ёшларнинг нафақат психологик, балки тиббий саломатлигини ҳам биргаликда сақлаш, профилактика ишларини кенг йўлга қўйиш, бу борада мусиқа ва спорт залларидан унумли фойдаланишни кенг йўлга қўйиш зарур;

6. Қизларнинг тиббий-психологик саломатлиги бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш, балоғат ёшига етган қизларнинг жинсий ва руҳий саломатлигига оид самарали психопрофилактик ва психогигиеник дастурлар яратиш ва бу борада грант лойиҳаларини ишлаб чиқиш лозим;

7. Бу борада олиб борилаётган барча ишлар давлат томонидан етарли даражада маблағ билан таъминланиши керак, мактаб психологлари ва ҳамширалари маошларини кескин ошириш, уларни иш самарасига қараб рағбатлантириб туриш, мактаб психологи статусини кўтариш, уларни зарур адабиётлар ва методик кўрсатмалар билан таъминлаб туриш ҳам ўта долзарб муаммодир.

Зарифбой Ибодуллаев
Тошкент тиббиёт академияси асаб касалликлари ва тиббиёт
психологияси кафедраси профессори, тиббий психолог

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мактаб психологлари ва ҳамширалари билиши зарур бўлган тиббий-психологик билим ва кўникмалар