20:10 / 03.01.2021
2 139

Экранлардаги ҳаёт: улар дақиқалар ўрнига нима «ҳадя» қиляпти?

Экранлардаги ҳаёт: улар дақиқалар ўрнига нима «ҳадя» қиляпти?
Фото: Flickr
Инсоният экранлар ичида яшамоқда. Дeярли ҳар бир киши қўлида кичик экран бор. Смартфон, компютер, телевизор, кинотеатрлар экрани, ташқи реклама мониторлари – улар қарийб бир асрдан буён инсонни, унинг тасаввурларини, туйғуларини шакллантириб келяпти.

Умуман медиа, мултфилм, кино, сериал, реклама, китоблар – буларнинг барчаси томошабин хулқ-атворини, нима ўйлаши ва ҳатто нима ҳақида орзу қилишини ҳам белгилаб беради.

Aмерикалик тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, киши кўрган ёки эшитган ҳикоялари мияда қайта такрорланади. Мия доимий кўрадиган ахборотларини соддалаштириш ва маълумотларни ташкиллаштириш учун уларни бўлакларга бўлишга муҳтож. Шу бўлаклар йиғилиб, кишининг дунёқараши шаклланади ва қабул қилган нарсаларидан маъно чиқаришни бошлайди.

Натижада экрандаги бирор қаҳрамон ҳис қилган нарсани секинлик билан томошабин ҳам ҳис қилади. Ёлғонми, чинми унга ишонади, реал ҳаётда қўллайди ёки бошқалардан экран қаҳрамонларидаги муносабатни кутади.

Фильмларнинг онгга таъсири – ирқчилик муаммоси мисолида
Британиялик олимлар 2006–2016 йилларда британ филмларида ўйналган 45 минг қаҳрамон устида тадқиқот ўтказди. Ушбу ролларнинг атиги 0,5 фоизигина қора танли британияликлар томонидан ўйналган. Лекин жиноий мавзулардаги филмларнинг 64 фоизини қора танлилар ўйнаган. Устига-устак, филмларда қора танлиларни жаҳлдор, жиноятчи, зўравон қилиб тасвирлаш урф бўлган.

Қора танли қаҳрамон экранда акс этишни бошласа, оқ танлилар орасида ирқчилик ғоялари, мустамлакачилик, қора танлиларга қаршилик ва қулдорлик ёдга тушган.

Умуман, қора танлилар қандай бўлиши ҳақидаги ғоя бутун тарих давомида оқ танлилар томонидан филмларга моҳирлик билан сингдириб келинган. Бунда, режиссёрларни ҳам ўзлари кўрган филмларнинг қурбони дейиш мумкин: улар ғайриихтиёрий тарзда салбий қаҳрамонлар ролига кўпроқ қора танли актёрларни танлашади.

Шу боисдан ҳам айтиш мумкинки, медиа – шахсни шакллантирувчи куч; у бирор ғояга нисбатан ишонч уйғотади, тасаввур шакллантиради ёки мавжуд тасаввурларни ўзгартиради.

Сериаллар тарихига қисқа назар
Бир неча қисмли, бир-бирига боғланган воқеаларни кетма-кет қисмларга бўлиб, эфирга узатиш 1930 йилларда Aмерика радиоларида бошланган. Сериaлларнинг асосий аудиторияси уйда ўтирадиган аёллар ҳисобланган. Ўша пайтда Aмерикадаги ҳар 4 аёлдан 3 нафари уй бекаси эди.

Радиокомпаниялар рекламадан даромадларни кўпайтириш мақсадида серияли эпизодларга ҳомийлик компаниялар излай бошлайдилар. Бунда асосан ўзларининг аудиториясига мос келадиган, аниқроғи рўзғор буюмларини сотадиган корхоналарни қидиришади. Даставвал сериаллар орасида совун ва шунга ўхшаш хўжалик маҳсулотлари реклама қилинган. Шунинг учун ҳам сериал сўзининг таржимаси инглизчада – «soap opera». Яъни «soap» – совун деган маънони англатади.

50 йилларнинг бошларида сериаллар телевизорга кўчди ва 30 дақиқагача узайди. 50-йилларга қадар классик америка сериали одатда кичик шаҳарчада яшовчи ўрта синф оиласи ҳақида ҳикоя қиладиган кичик воқеа бўлган.

1970 йилларга келиб эса сериаллар саноатида инқилоб юзага келди. Бу вақтга келиб уларда жиддий мавзуларни кўрсатиш бошланган: гиёҳвандлик, хиёнат, ирқчилик, зўравонлик ва жиноий ҳаракатлар, романтик ва оилавий муносабатлар асосий мавзуга айланди. Баъзи сериаллар 60 дақиқагача кенгайтирилди ва кеч пайти эфирга узатиладиган бўлди.

Бугун эса минглаб кишилар интернет ва Netflix каби платформалар орқали сериалларни бутун боши фаслларини бир неча кунда кўриб тугатишмоқда.

Сериаллар томошабин муаммоси учун ечим бўлиб қоляпти
Сериалларнинг аудитория идеалогиясини шакллантириши, томошабиннинг реал ҳаётига таъсири ҳақида психолог Зебинисо Aҳмедова шундай дейди.

«Сериаллар инсонларга гўёки ҳаётда шунақа воқеалар бўлаётганини эслатяпти. Яъни бирор инсоннинг ҳаётида сериалдагидек вазият пайдо бўлиб қолганда, шунақа йўли ҳам бор, деб йўл кўрсатяпти. Сериаллар инсонлар ўз миясида ечим тополмаган жойда кўрсаткич бўлиб хизмат қиляпти. Инсонлар умуман фикрлай олмай қолганида, менда ҳам шунақа йўл бор экан, деб қаҳрамоннинг ички дунёсини ўзида кашф қилиб, у юрган йўллардан юриб кўрмоқчи бўляпти.

Умуман олганда, яшашга ундовчи, мотивация берувчи, яхшилик ғалабаси талқин қилинган кинолар керак. Лекин пала-партишликни тарғиб қилувчи, инсон тақдирини ўйинчоқ қилувчи киноларни қўймаслик керак.

Ўзбек аудиториясига намойиш қилишдан олдин филмларни маълум бир текширувдан ўтказиш керак деб ҳисоблайман. Филмлар намойишидан олдин уни баҳолайдиган психологлар бўлиши керак», – дейди психолог Зебинисо Aҳмедова.

Шу ўринда психолог асосий вақти уйда ўтадиган аёлларга қўшимча машғулот топишни, мисол учун бўш вақтида гул парваришлашни тавсия этади.

Медиа олам атрофимизни қамраб олган ва табиийки, биз улар таъсири билан яшаймиз, ўйлаймиз, орзу қиламиз. Улар оқ деб кўрсатганини оқ, қора деганини қора деб қабул қиламиз. Бироқ вақт кино ёки филмга қўшилиб оқиб боради. Танлов яна томошабинда қолади.

Зуҳра Aбдуҳалимова

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Экранлардаги ҳаёт: улар дақиқалар ўрнига нима «ҳадя» қиляпти?