22:13 / 04.01.2021
8 094

Буюк Фред ва психоанализ таълимоти

Буюк Фред ва психоанализ таълимоти
Фрейдни ўқитиш ғояси қачон пайдо бўлди?
Мен ушбу китобимда шу давргача (ўйлайманки, бундан кейин ҳам) ўзининг психоанализ таълимоти билан бутун дунё илм аҳлини ҳайратга солиб келаётган олим Зигмунд Фрейд ҳақида қисқача маълумот бераётганимдан хурсандман.

Менинг мақсадим бу олим ҳақида китоб ёзиш эди. Бу фикр 1997 йили қўлимга “Психология бессознательного” китоби тушиб қолгандан сўнг пайдо бўлган. Зигмунд Фрейднинг психоанализ таълимотини ўқидим-у, унга боғланиб қолдим. Унинг ишларини ўзбек тилига таржима қилишни ҳам ўйлаб кўрдим. Бироқ ўша пайтлари докторлик диссертацияси устида иш бошлаган эдим.

1998 йили институт раҳбарияти менга “Тиббиёт психологияси”дан дарслик тайёрлашни топширди. Менда З. Фрейднинг психоанализ таълимотини ушбу дарсликка киритиш ва уни талабаларга ўқитиш фикри пайдо бўлди. Ушбу таълимотни институтнинг ўқув дастурига киритишга муваффақ бўлдим.

З. Фрейд таълимоти бўйича алоҳида маъруза тайёрладим ва уни барча факультет талабаларига ўқий бошладим. Амалий машғулотларда ҳам психоанализ таълимотини талабаларга ўргата бошладик. Айниқса, психо­аналитик даволаш усуллари талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Ўша пайтлари гипноз билан ҳам шуғулланиб, талабалар ва беморларга гипнотерапия ўтказар эдим. Бироқ психоаналитик терапия мени шу қадар ўзига ром қилдики, мен гипноз билан шуғулланишни тўхтатиб қўйдим. Қизиққан талабаларга дарсдан кейин ҳам психо­аналитик даволаш усулларини ўргата бошладим. Бу усуллар талабаларда катта қизиқиш уйғотди ва жуда кўп талабалар “Фрейд ҳаёти ва ижоди”, “Психоанализ таълимоти”, “Психоналитик терапия” мавзуларида илмий тўгаракларда маърузалар қила бошлашди.

Вақтлар ўтиб, баъзи таълимотлар инқирозга учрайди ва унут бўлиб кетади. Ч. Дарвиннинг “Турларнинг келиб чиқиши” ҳақидаги таълимотини бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. З. Фрейднинг психоанализ таълимоти ҳам ўз вақтида жуда кўп танқидларга учраган. Бироқ бу танқидлар остида унинг назарияси ўзгариб, янги тусга кириб ва инсонларга янада яқинроқ бўлиб бораверди, унинг моҳияти янада юксалаверди.

З.Фрейд таълимоти нафақат тиббий фанлар ва психология, балки фалсафа, этика, эстетика, деонтология, этнология, юридик фанлар, жамиятшунослик каби ўндан ортиқ йирик фанлар ичига кириб борди. Фикримизча, нафақат жамиятда бўлаётган воқеаларни, балки иккала инсон орасида рўй берадиган ҳар қандай муносабатларни Фрейд таълимотига асосланиб изоҳлаб бериш мумкин.

Мен Зигмунд Фрейднинг “Психоанализ таълимоти”ни инсоният олдидаги моҳияти бўйича буюк Эйнштейннинг “Нисбийлик назарияси” билан бемалол таққослаган бўлар эдим. Агар Нобель мукофоти олувчилар рўйхатида психологлар ҳам бўлганида эди, бу мукофотни ҳеч иккиланмай Фрейдга тақдим қилишарди.

Фрейд таълимотидан завқланиб кетган бир олим: “Агар Фрейд бўлмаганда эди, уни ўйлаб топиш керак бўларди” деб хитоб қилган. Тўғри! Фрейдни жамиятнинг ўзи яратди. Фрейд ва унинг таълимотисиз психологияни тасаввур қилиш қийин!

Фрейднинг болалик даври
Зигмунд Фрейд Чехиянинг Пршибор (ҳозирги Фрейбург) шаҳрида 1856 йили 6 майда дунёга келган. 1860 йили Фрейдлар оиласи Вена шаҳрига кўчиб ўтишган. Демак, кичик Зигмунд бу шаҳарда бор-йўғи 4 ёшга киргунга қадар яшаган. Шундай бўлса-да, чехлар буюк олим шарафига Прага шаҳрида “У бизнинг юртда дунёга келган” деб ёдгорлик ҳайкалини ўрнатишган.

З. Фрейд кўп болалик оилада туғилган. Уларнинг оиласида 8 нафар фарзанд бор эди. Зигмунд эса оилада учинчи фарзанд бўлган. Зигмунд ўта нимжон бўлиб, тез-тез касал бўларди. Шунинг учун ҳам оилада асосий эътибор унга қаратиларди. Отаси ўғлининг ўлиб қолишидан жуда қўрқарди. Фрейдлар оиласи камбағал яшашган. Унинг отаси жун (шерсть) сотиб, фарзандларини боққан.

Зигмунд жисмонан нимжон бўлишига қарамасдан илм олишга жуда чанқоқ бўлган. У болалик давриданоқ ўта зийрак ва ақлли бўлса-да, инжиқ ва қайсарлиги билан ҳам ажралиб турган. Ёш Зигмундни деярли барча маълумотлар қизиқтирарди. У чет тилларни ҳам тез ўзлаштирган.

Хаёлпараст ва шуҳратпараст Зигмунд!
Фрейд ўсмирлик давриданоқ хаёлпараст ва шуҳратпараст бўлган. Унинг илмга, айниқса, табиий фанларга чанқоқлиги авж олиб борарди. У барча илмларни эгаллаб, машҳур киши бўлишни орзу қилар ва кўп китоб мутолаа қиларди. Фрейд мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ Ч. Дарвиннинг таълимоти билан қизиқиб қолади ва уни бошдан-оёқ ўқиб чиқади. Ёш Фрейд ўз тенгдошларига: “Мен Ч. Дарвинга ўхшаган табиатшунос олим бўламан” деб хитоб қилган. Менимча, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Чунки ўсмирлар хаёлпараст ва орзуманд бўлишади.
Ота-онаси оғир характерли Зигмунддан азият чекишса-да, унинг таълим олиши учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилишган. З.Фрейд болалик давридаёқ табиий фанларга жуда қизиққан.

Фрейднинг нега дўсти бўлмаган?
Зигмунднинг характери ўта оғир бўлганлиги учун ҳам унинг дўстлари деярли бўлмаган. Фрейд кейинчалик Эйнштейнга ёзган хатида буни ўзи ҳам тан олган. Шунинг учун бўлса керак, у ёлғизликка интилган. У ҳатто машҳур бўлиб кетганида ҳам ёлғиз қолган. Фрейднинг болалик пайтидаги ўта ўжарлиги кейинчалик кучайса кучайган-у, бироқ барҳам топмаган. Ҳатто ўзининг дастлабки шогирдлари – Алфред Адлер ва Карл Густав Юнг билан ҳам келишмаган. Улар Фрейдни тарк этишган. Балким Фрейднинг ўзи улардан воз кечгандир. Агар Гёте “Оддийлик – бу буюкликдир” деган бўлса, Фрейд “Ёлғизлик – бу буюкликдир” деган тамойилга асосланиб яшаган ва ижод қилган бўлса керак.

Илм пиллапоялари
Фрейд 17 ёшида, яъни 1873 йили гимназияни муваффақиятли тугатиб, машҳур Вена университетининг медицина факультетига ўқишга киради. Вена университети Европада энг машҳур илм масканларидан бири бўлиб, унда дунёга машҳур олимлар дарс берган. Фрейд фалсафий йўналишдаги фанлар бўйича илмий тўгаракларга қатнашиб юради.

У 1876–1882 йиллари Эрнст Брюккнинг физиология лабораториясида илмий изланишлар олиб боради ва орқа миянинг физиологияси билан шуғуллана бошлайди. Физиологик жараёнларни ўрганишга шўнғиб кетган Фрейд руҳиятнинг биологик асослари ва физиологик параметрларига эътибор қаратди. У туғма инстинктлар билан руҳият орасида боғлиқлик излайди.

Ўша даврларда психологияда фалсафий қонунлар устунлик қилиб, психологлар воқеа ва ҳодисаларнинг тафсилотларини ўрганиш билан чегараланиб қолишган, яъни уларни миядаги физиологик жараёнлар билан боғлашмаган. Буни тушуниш мумкин, албатта. Чунки ўша пайтларда физиология ҳали ривожланмаган эди. Физиологик қонунларга асосланган экспериментал психология эса энди куртак ота бошлаганди. Умуман олганда, тиббиёт ва психология физиологлар ва биологларга доимо таъзим бажо айлаши керак. Чунки тиббиётнинг ҳам, психологиянинг ҳам гуркираб ривожланишида физиология ва биологиянинг ўрни ҳеч қайси фан билан таққослаб бўлмас даражада беқиёсдир.

Менимча, Фрейднинг бошқа психологлардан кескин илгарилаб кетганлигининг асосий сабаби – унинг физиология ва биология қонунларига қатъий амал қилганлигида. У энди ривожланиб келаётган физиологиянинг ҳар бир ютуғидан психологик қонуниятларни ўрганишда муваффаққиятли фойдаланди. Фрейд воқеа ва ҳодисалар тафсилоти билан чегараланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва асл моҳиятини излаб топишга интилди.

Унинг бу характери умрининг охиригача унга ҳамроҳ бўлди. Фрейднинг физиология бўйича устози Эрнст Брюкк ўз даврининг буюк физиологи бўлган. Бир неча йиллардан сўнг бутун дунёга машҳур бўлишга интилган Фрейд Э.Брюкк билан ўтказган онларини эслаб: “Мен устозим Брюкк билан лабораторияда соатлаб қолиб кетардим, ҳайвонларнинг орқа мияси физиологиясини ўрганиш мен учун энг катта бахт эди” деган.

Эътибор беринг-а, Фрейд уни машҳур қилган психоанализ таълимоти ҳақида эмас, балки физиология ҳақида завқланиб гапирган. У Э.Брюкк қўл остида умрбод илмий иш билан шуғулланишга аҳд қилди. Бироқ...

Илм қилиш қийинми ёки оила боқиш?
1882 йили Фрейд 21 яшар Марта Вернейга уйланади. У ҳам камбағал оиладан эди. Илмий иш эса инсонга завқ бағишлайди, бироқ ҳар доим ҳам қоринни тўйғизавермайди! Энди оилали бўлган Фрейдда иқтисодий қийинчиликлар яна давом этади. Оилани боқиш борасида келиб чиқаётган эр-хотин орасидаги жанжаллар Фрейдни илмий ишни ташлашга мажбур этади. У оила боқиш учун оддий невропатолог бўлиб ишлай бошлайди.
Шу ерда бир нарсани айтиб ўтмоқчи эдим. Ажаб эмас, Фрейднинг психоанализ ҳақидаги таълимотининг яратилишига унинг хотини сабабчи бўлган бўлса.

Уриш-жанжаллардан безиб кетган Фрейд хотинига: “Марта, касал кўриш ва даволашни осон деб ўйлайсанми. Невротиклар жонга тегди! Уларга саломатлик ҳақида соатлаб гапирасан-у, бироқ ҳеч қандай нафини кўрмайсан. Айниқса, сенга ўхшаш хотинларни тузатиш жуда қийин”. Шунда хотини Фрейдга бепарво оҳангда: “Сен гапирма! Уларнинг ўзларини гапиртир! Хотин киши ўзи гапириб, ўзи тузалиб кетаверади” дейди. Ажаб эмас, психоналитик терапия услубларини ишлаб чиқаётган Фрейд Мартанинг тавсияларини ҳам эътиборга олган бўлса. Чунки психоаналитик терапиянинг асосий услуби беморни гапиртиришдан иборат.

“Бу невропатолог жонимга тегди!”
Фрейд невропатолог бўлиб ишлай бошлагач, маҳаллий газеталарга шундай эълон беради: “Асаб бузилишларини даволайман!” Фрейд неврологияга жуда қизиқиб кетади. У асаб касалликларини энди китобдан ўқиб эмас, балки беморларнинг кўзидан ўқиб, ўргана бошлади. Фрейд турли-туман беморлар билан мулоқотда бўлар ва улар билан соатлаб суҳбатлашишни хуш кўрарди. Ўша пайтлари ҳали яхши ривожланмаган неврологиядан унинг кўнгли тўлмасди.

1896 йили Фрейдда даволаниб юрган Эмма фон Н. исмли бемор унинг даволаш усулларидан қаттиқ шикоят қилади: “Бу невропатолог жонимга тегди! У менинг аҳволимни фақат оғирлаштираяпти!”. Бу Фрейдга қаттиқ таъсир қилади. Фрейдни ўша пайтларда асаб касалликларини, хусусан, неврозни даволашга оид қўлланмалар қониқтирмаётган эди. Нима қилиш керак?

Нега бу усуллар китобда ёзилганидек ёрдам бермаяпти? Шаркога мурожаат қилиш керак!
Асаб касалликларини даволашга оид китобларда келтирилган тавсиялар беморларда Фрейд кутган натижани беравермас эди. Неврологияни чуқурроқ ўрганиш учун Фрейд Европада жуда катта ном қозонган француз неврологи Жан Мартен Шарко (1824–1893) ёнига боради. Фрейд Шарконинг ишлари билан фахрланиб юрар, у билан учрашишни азалдан орзу қиларди. Ж.М.Шарко Францияда шу қадар машҳур эдики, ҳатто унга “Неврология Наполеони” деб ном беришган. У невроз ва истерия белгиларини мукаммал билган ва беморларни даволашда гипноз усулидан кенг фойдаланган. Шарко деярли барча аристократларнинг шахсий врачи бўлган.

Невропатолог бўлганлигим учун ҳам шу ерда Шарко ҳақида батафсилроқ маълумот бермоқчиман. Дунёда биринчи марта неврология кафедраси Францияда 36 ёшли Ж.М.Шарко томонидан очилган. Бу кафедра 1860 йили Париж университетининг тиббиёт факультети қошида ташкил этилади ва унинг раҳбари Шарко бўлган. Шарко жуда кўп неврологик касалликларнинг симптом ва синдромларини ёзиб қолдирган. Неврологияга оид дастлабки йирик дарслик ҳам айнан Шарко қаламига мансуб. Шарко неврология соҳасида олимлар йўл қўйган ҳар қандай хатони аёвсиз танқид қилган. Шарконинг танқидига учраган илмий мақолалар қайтиб ҳеч қайси журнал юзини кўрмас эди.

Фрейд ва Брейер
З. Фрейд Париждан Венага қайтгач, ўша даврнинг кўзга кўринган психиатри Иосиф Брейер билан истерия ва неврозларни чуқур ўргана бошлайди. Улар Шарко асарларида кўрсатилган усулларни невроз ва истерияни даволашда қўллай бошлашади. Ўша пайтлари энди амалиётга кириб келаётган физиотерапия усуллари ва кенг қўлланиб келаётган гипноз Фрейд кутган даражада ёрдам бермаётган эди.
Фрейд невроз ва истерия билан мурожаат қилаётган беморларнинг аксарияти аёллар эканлигига эътибор қаратади. 1896 йили З.Фрейд Брейерга: “Устоз, аёллардаги невроз ва истериянинг асл сабаби сексуал қониқмаслик эмасмикан” дейди. И.Брейер унинг бу фикрига қўшилмайди ва аввалги даволаш усулларини давом эттиравериш кераклигини айтади.

Фрейд аста-секин ўз устозидан узоқлаша бошлайди ва уни тарк этади. Шу ерда И.Брейер ҳақида икки оғиз сўз. Агар Фрейд ҳақидаги ўнлаб материалларни ўқиб чиқсангиз қизиқ фактларга дуч келасиз. Айнан И.Брейернинг ишлари Фрейдда психоанализ таълимотининг илк куртакларини пайдо қилган. Чунки И.Брейер невроз ва истерия ташхиси қўйилган беморларга касаллик аломатларини узоқ сўзлатган. Бемор ўзини безовта қилаётган белгилар ҳақида қанча узоқ сўзласа, унинг аҳволи шунча яхшиланаверган. Бунга дастлаб Брейер эътибор қаратган ва бу ҳолатни катарсис деб атаган. “Катарсис” грекчадан руҳий покланиш дегани.

Демак, Фрейд асарларида энг кўп қўлланиладиган катарсис атамаси устози И.Брейер томонидан таклиф этилган. Аммо Брейер ўзининг даволаш усулларини янада такомиллаштирмади ва эски услублар билан чегараланиб қолди. Фрейд эса изланишни тўхтатмади, невроз ва сексуал қониқмаслик орасида боғлиқликларни излашга берилиб кетди.

Невроз – сексуал қониқмаслик аломатими?
З.Фрейд 1897 йилдан бошлаб невроз ва сексуал қониқмаслик орасида боғлиқликларни систематик тарзда ўргана бошлайди. Фрейд сексуал қониқмаслик ғоясига шу қадар берилиб кетадики, у нафақат невротик бузилишлар ва хулқ-атвордаги ўзгаришларни, балки психосоматик симптомларни (бош оғриғи, оёқ оғриқ, бел оғриқ, қорин оғриқ, юрак оғриғи ва ҳ.к.) ҳам сексуал қониқмаслик билан боғлайди. Бунинг натижасида Фрейд “пансексуалист” деган лақабни олади. Ундан кўп олимлар ва ҳатто ўзининг устозлари ҳам юз ўгиради. Унинг мақолаларини чоп қилмай қўйишади.

Чунки ўша пайтлари ижтимоий омилларга бурканган психологик назариялар яхши ривожланиб келаётган эди. Фрейд эса аслида ҳайвонлар хулқ-атворини белгилаб берувчи биологик инстинктлар инсонлар хулқ-атворини ҳам белгилаб беради деган эдида. Фрейд бундай беморларга гипнознинг ёрдам бермаслигига ишонч ҳосил қилади ва бу усулдан воз кечади. У Шарконинг даволаш усулларини деярли қўлламай қўяди. “Гипноз – беморнинг аҳволини вақтинча яхшиловчи восита, холос” деган эди Фрейд. У гипноз усулини ҳам тарк этди ва руҳиятнинг янги моделини яратишга киришди.

Психоанализ таълимоти қандай яратилди?
З. Фрейд инсон руҳиятини муз тоғига қиёслаб тушунтириб берди: “Муз тоғининг устки, яъни олтидан бир қисми онг бўлса, сув остида кўринмай ётган олтидан беш қисми онг остидаги жараёнлар, яъни онгсизликдир”.
“Жаноб Фрейд! Сенинг инсон психологияси ҳақидаги дунёқарашларинг ва илмий фаразларинг психология қонунларига жуда зид ва ҳақоратомуздир” деган дашномларни кўп эшитган олим психологияни ҳам тарк этди. Менимча, Фрейд психологияни эмас, балки психологларни тарк этди. Боз устига унинг мақолаларини психология журналларида чоп этмай қўйишди, илмий кенгашлар ҳам усиз ўта бошлади. Унда фанда янги бир йўналиш очишдан бошқа илож қолмади ва у психологияга яқинроқ бўлиши керак эди.

Ахир инсон руҳиятини психологиясиз ўрганиб бўладими? Онгли жараёнларни онгсиз жараёнлар орқали ўрганиш унинг фикру хаёлини қамраб олганди. Инсон руҳияти ҳақидаги демагогия ҳам унинг жонига теккан эди. У фанда янги бир йўналиш очади ва уни “Психоанализ” деб атайди. Тўғри, “психоанализ” атамаси фанга яқин бўлса-да, унинг шаклланишида физиология, неврология ва психология ётарди. Бу учала фаннинг иштирокисиз психоанализни тасаввур қилиб ҳам бўлмайди.

Образли қилиб айтганда, психоанализни осмонга бўй чўзиб турган телеминорага ўхшатиш мумкин. Ушбу миноранинг бир оёғи – физиология, иккинчи оёғи – неврология, учинчи оёғи эса – психологиядир. Эътибор қилингга, уларнинг ҳаммаси бир хил ва тенг. Миноранинг осмонга бўй чўзиб, қуёшга интилиб турган қисми эса – психоанализдир. Миноранинг ушбу қисмидан атрофга қарасангиз гўзал шаҳар кафтингизда тургандек кўз олдингизда намоён бўлади. Демак, бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, психоанализ инсон қалбини ва унинг энг тубида яшириниб ётган жараёнларни бемалол кўра оладиган фан. Психоанализ фани ўз олдига онг тубида яшириниб ётган чуқур психологик жараёнларнинг сир-асрорини очишни мақсад қилиб қўяди ва шу йўл билан неврозни келтириб чиқарувчи омилларни ўрганади.

Онгсизлик нима?
З. Фрейд бизда “яшириниб” ётган психологик жараёнларни онгсиз жараёнлар деб атади. Рус психологлари бу ҳолатни турли атамалар билан таърифлашади: “бессознателное” (онгсизлик), “подсознание” (онгости). Ўзбек олимлари ичида онгсизликни “ботиний онг” деб аташ таклифи ҳам киритилган (А. Усмонхўжаев).

Шундай қилиб, ҳанузгача фанда катта шов-шувларга сабаб бўлиб келаётган ва моҳияти тўлалигача ўрганилмаган ушбу ноаниқ психологик жараёнларнинг атамаси ҳам ноаниқ бўлиб қолмоқда. Уларнинг маъносини ўзгартирмаган ҳолда мен “онгсизлик” атамасини маъқул топдим.

Онгсизлик бу шундай ҳолатки, бунда одам ихтиёрсиз тарзда, ўзи билмасдан ёки англамасдан турли хатти-ҳаракатларни амалга оширади. Бу хатти-ҳаракатлар ўз-ўзидан кундалик ҳаётда, уйқуда, яъни туш кўраётганда ёки гипнотик ҳолатларда кузатилиб туради. Онгсизлик, табиийки, онгга боғлиқ бўлмаган ҳолат.

З. Фрейднинг таъбирича, онгдан сиқиб чиқарилган одамнинг табиий инстинктлари онг остида қўним топади. Онгсизлик туғма хусусият бўлиб, инсоннинг барча хатти-ҳаракатларини белгилаб беради.

Фрейд бўйича руҳият модели қандай?
З. Фрейд ўз кузатувларига асосланиб, инсон руҳиятининг янги бир моделини яратди. Унга асосан бир-бирига узвий боғлиқ бўлган 3 та психологик тузилма мавжуд. Булар ид, эго ва супер-эго. “Ид” – бу инстинктлар. У онгдан холис. “Эго” – бу Мен. Унинг онги бор. “Супер-эго”, яъни “Супер-мен” – бу одамни ўраб турган муҳит, жамият. “Супер-мен” одамнинг хулқ-атворини “тепадан” назорат қилиб туради. Бу тушунчаларнинг ҳар бирига таъриф бериб чиқамиз.

“Ид” – биологик инстинктларми?
Зигмунд Фрейд фикрича, эволюциянинг дастлабки босқичида одамда ўз-ўзини сақлаш, яъни овқат излаш инстинкти одамнинг хулқ-атворини белгилаб берган. Шу билан параллел ҳолда ёки бироз сўнг бу функцияни кўпайиш инстинкти, яъни сексуал инстинкт бажара бошлаган. Фрейд барча биологик инстинктларни (ҳимоя, овқат излаш ва кўпайиш, яъни сексуал) битта сўз билан “Ид” деб атаган.

“Ид” онгда акс этмайди, у онг остида жойлашган, тўғрироғи, онг остига тиқиштирилган. “Ид” қониқиш принципларига асосланиб фаолият кўрсатади. Бу ерда жинсий қониқиш алоҳида ўрин тутади. З. Фрейд жинсий майл тушунчасини бағоят кенгайтириб юборади. Яъни унинг таълимоти бўйича жинсий майл одамнинг хатти-ҳаракатини туғилганидан буён бошқариб келади. З.Фрейд қондирилмаган ҳис-туйғу ёки майлнинг руҳий қуввати онг остида тўпланиб боради ва ўз ифодасини топишга уринади, деб фикр юритади. Майллар ичида у либидони асосий ўринга қўйган.

“Ид” тажовузкорми?
“Ид” доимо “Мен” ва “Супер-мен” билан муросасиз жанг олиб боради, чунки улар “Ид”ни доимо назорат қилишга интилади-да. “Ид” кучли қувватга эга бўлса-да, “Мен” уни онг остидан сузиб чиқишига йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам “Ид” тажовузкордир. “Мен” назоратни тўла қўлга олгунга қадар инстинктлар гўёки одамнинг ҳаёт тарзини, яъни хулқ-атворини белгилаб берган. “Мен”нинг ривожланиши одамнинг ҳаёт тарзини ўзгартириб юборди ва унинг хулқ-атворини назорат остига олди. Шунга қарамасдан, психоаналитиклар “Ид”га одамнинг ҳаёт тарзини белгилаб берувчи асосий манба сифатида қарашади. “Ид” ўзгармас, “Мен” эса ривожланиб ва ўзгариб боради.

“Эго” – бу “Мен” дегани!
Одам бошқа жонзотлардан ақл-заковат, яъни онгнинг борлиги билан фарқ қилади. Демак, онг “Мен” демакдир. Агар одам фақат “Ид»” қонуниятларига бўйсуниб яшаганида эди, унинг ҳаёт тарзи ҳайвонларникига ўхшаб қоларди. Ваҳоланки, одам фаолияти онгли жараён экан, у ўз хатти-ҳаракатларида ҳам, асосан, онгга таянади. Бироқ бу хатти-ҳаракатларни “Ид” белгилаб беради.

Психоаналитиклар одамни, аниқроғи, унинг руҳиятини тирик ҳужайрага ўхшатишади. Бунда ҳужайранинг ташқи пардаси “Мен” бўлса, унинг ички таркиби “Ид”дир. Ҳужайранинг ичида моддалар алмашинуви натижасида катта энергия тўпланади ва кучли энергияга эга бўлган “Ид” ташқарига ёриб чиққиси келади. Бунга эса ҳужайранинг ташқи пардаси, яъни “Мен” йўл қўймайди.

“Ид” ва “Мен” орасидаги муносабатлар яхшими?
З.Фрейд “Мен” ва “Ид” орасидаги муносабатларни чавандоз билан от орасидаги муносабатларга қиёслаб ҳам тушунтириб берган.
Чавандоз отни ўзи бошқарса-да, фақат унинг қуввати ҳисобига ҳаракатланади. Керак пайтда чавандоз юганни қаттиқ ушлаб, отни тўхтатиши ва ўзи хоҳлаган томонга йўналтира олиши зарур. Акс ҳолда у йиқилиб, қаттиқ жароҳат олади ёки ҳалок бўлади. Баъзи вазиятларда қачон тўхташ ва қайси томонга юриш кераклигини чавандоз эмас, балки отнинг ўзи танлайди. Масалан, чавандоз ухлаб қолади, чарчайди ёки касалланади.
“Мен” (чавандоз)нинг аҳволи “Ид” (от)нинг аҳволига қараганда бир оз мураккаброқ.

Чунки “Мен” бир томондан атроф-муҳит, яъни ташқи оламнинг қонун-қоидаларига амал қилиши, иккинчи томондан кучли от (“Ид”)ни бошқариши керак. “Мен” ҳам ташқи олам, яъни “Супер-мен”нинг талабларини, ҳам “Ид”нинг эҳтиёжларини қондириши учун доим хавотирда яшайди. Бу талабларни бажариш учун “Мен” доим сергак бўлиб туриши керак, бу талаблар бажарилмаса, айбдорлик ҳисси айнан “Мен” бўйнига тушади. Демак, “Мен” доимо ўзини ҳимоя қилиш йўлларини излайди. З.Фрейд неврозларнинг келиб чиқишини ушбу зиддиятли муносабатлардан излаган.
Кейинчалик З.Фрейд яраланган ҳарбий хизматчиларда ҳам невроз ва истерия ҳолатларини кузатади. Бу касалликларни жинсий майл билан изоҳлаб бўлмасди, албатта.

Энди З.Фрейд онг остига қамалган ва қондирилмаган эҳтиёжларни бошқача йўл билан қондириш йўлларини излади, яъни у сексуал фаолиятни бошқа фаолият билан алмаштириш (сублимация) мумкинлигини илгари сурди. Бу фаолият нима? Улар ахлоқ қонунларига зид келмайдиган фаолиятдир (фан, маданият, спорт, ижод ва ҳ.к.). Бу назарияни З.Фрейдгача ҳам ўрганишган. Бироқ З.Фрейд инсоният яратган маданий бойликларни ана шу хил эврилиш (сублимация) маҳсули деб билди.

“Супер-эго” – бу “Супер-мен”!
Хўш, унда “Супер-мен” нима? Маълумки, ҳужайралар тўплами тўқимани, тўқималар аъзоларни, аъзолар эса организмни ташкил қилади. Демак, “Супер-мен” – барча “Мен”лар йиғиндиси. Ҳужайра организмда ҳаёт кечиргани каби, организм ҳам ҳужайрасиз яшай олмайди. Организм – бу “Супер-мен2. “Супер-мен” – бу жамият қонунлари, ахлоқ принциплари ва дин талаблари. “Мен” “Супер-мен” талабларига бўйсуниб яшаши керак. Акс ҳолда у ҳалокатга учрайди. Демак, бу 3 та тузилмадан “Мен”га оғир. Чунки у бир томондан “Ид”ни қониқтириши, иккинчи томондан “Супер-мен” талабларига амал қилиши керак. Фрейд фикрича, шунинг учун ҳам “Мен”да невроз ривожланади.

Психоаналитик қандай даволайди?
Психоаналитиклар неврозларни психотерапевтик йўл билан даволашда “Ид”, “Мен” ва “Супер-мен” орасидаги зиддиятларни камайтиришга ёки тўхтатишга ҳаракат қилишади. Оддийроқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, психоаналитик ва мижоз бир хонада ёлғиз қолиши керак. Мижоз ўзини эркин қўйиб, кўзларини ярим юмган ҳолда креслога суяниб ётади. Психоаналитик ундан хаёлига келган барча фикрларини ва унга азоб бераётган воқеа ва ҳодисаларни оқизмай-томизмай сўзлаб беришни илтимос қилади. Бу ерда бирорта ҳам сир қолмаслиги ва бемор уялмаслиги керак. Маъноли сўзларми, маъносизми, бемор уларни психоаналитикка очиб ташлаши шарт.

Ана шундагина, З. Фрейд таъбири билан айтганда, руҳий покланиш, яъни “катарсис” рўй беради ва тузалиш жараёни жадал кечади. З. Фрейднинг фикрича, энг муҳими мазкур ассоциациялар онг томонидан бошқарилмаслиги керак ва бемор фикрини эркин ифодалаши зарур. Шу талаб сақлангандагина онг остига қамалган хоҳиш-истаклар ва онг томонидан тақиқланган зиддиятли муаммолар ўз ечимини топади. Бунинг натижасида мижоз йиллар мобайнида уни қийнаётган муаммолардан халос бўлади ёки невроз белгилари бутунлай чекинади.

Профессор Зарифбой Ибодуллаевнинг “Асаб ва руҳият” китобидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Буюк Фред ва психоанализ таълимоти