17:06 / 31.01.2021
2 241

Адлия вазирлиги: халқ адлия органлари фаолиятидан рози бўлиш керак

Адлия вазирлиги: халқ адлия органлари фаолиятидан рози бўлиш керак
2021 йил 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда Адлия вазирлигининг 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар якуни, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Ҳайъат мажлиси видеконференцалоқа шаклида ўтказилиб, унда адлия органлари ва муассасаларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этишди.

Қайд этилдики, сўнгги пайтларда адлия тизимининг аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилди, инновацион янги лойиҳалар асосида замонавий тарғиботнинг ўзига хос кўринишлари яратилди.

Таъкидлаш жойизки жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан адлия органлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа фаолиятини такомиллаштиришга доир бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг асосий вазифалари қабул қилинган қонун ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилишдан иборат бўлиши айтиб ўтилди.

Ўтган 2020 йил Адлия органлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, вазирлик зиммасига қатор вазифалар юклатилди ҳамда вазирлик марказий аппаратида янги таркибий бўлинмалар ташкил этилди. Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни ривожлантириш, Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш ҳамда Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармалари шулар жумласидандир.

Шу билан бирга вазирликка бир қатор янги ваколатлар юклатилди. Мисол тариқасида:
• амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш;
• қонун ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;
• халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш ваколатларини келтириш мумкин.

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада ошириш мақсадида вазирлик ҳузурида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил қилинди.

Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тасдиқланди.
Халқаро “СERT International” ташкилоти томонидан Адлия вазирлигига ISO 37001:2016 халқаро стандарти берилди.

Адлия вазирлиги томонидан давлат ва жамият ҳаётининг муҳим масалаларини тартибга солишга қаратилган 199 та қонун ҳужжатлари, шу жумладан 45 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ҳамда 2 463 та қонун ҳужжатлари лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Адлия тизимини аҳоли билан мулоқоти тубдан ўзгарди, айниқса пандемия даврида интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан яқиндан мулоқот қилишнинг янги, замонавий ва таъсирчан шакллари амалиётга жорий этилди.

Келиб тушган жами 90 минг 41 та мурожаатларнинг 86 фоизи қонуний ҳал этилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 334 мингдан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Давлат хизматлари марказлари соҳасида ислоҳотлар ҳам самарали давом эттирилди. Улар томонидан 8 млн. 235 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди.

Ҳайъат мажлисида асосий эътибор мавжуд хато ва камчиликлар ҳамда уларнинг илдизларини пухта танқидий таҳлил қилишга, фаолиятдаги муаммоларни очиқ-ошкора муҳокама қилишга қаратилди.

Хусусан, аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиш ишларини ташкил қилишда айрим тизимли муаммолар мавжудлиги, давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан фуқароларга хизмат кўрсатишда жиддий камчиликлар кўзга ташланаётганлиги, туман (шаҳар) адлия бўлимлари ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришга жиддий ёндашмаётганлиги, яъни аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, халқ ичига кириб бориш фаолияти талаб даражасидан анча йироқлиги, айрим ҳудуддаги аҳоли адлия бўлимлари фаолияти ташкил этилганлигидан бехабар эканлиги, соҳани такомиллаштириш ва аҳолига қулайликлар яратишдаги муаммоларни ҳал этишда раҳбарларда шахсий ташаббус ва талабчанликнинг етарли бўлмаётганлиги айтиб ўтилди.

Ҳайъат мажлисида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳамда Давлат хизматлари агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг
2020 йилдаги фаолияти ҳам танқидий таҳлил этилди.

Шунингдек, амалиётдаги мавжуд муаммоларни яхшилаш юзасидан аниқ мақсадга йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни оммалаштириш бўйича ишлар қониқарсиз олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Мажлис кун тартибидаги масала бўйича, вазир ўринбосарлари, марказий тармоқ раҳбарлари, жойлардаги адлия органлари ва муассасалари раҳбарларининг ҳисоботлари ҳамда адлия органлари фахрийларининг таклиф ва тавсиялари эшитилди.

Шу мақсадда, адлия органлари раҳбарлари томонидан ушбу соҳада тизимли назоратни таъминлаш ва янада кучайтириш, ходимларнинг масъулиятини ва уларнинг касб-одоб қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлигини ошириш, хизмат кўрсатувчи идоралар фаолиятини тизимли равишда назоратда ушлаб туриш, жамоатчилик гуруҳлари ёрдамида “сирли мижоз” тадбирларини кенг амалга ошириш, жамоат назоратини кучайтириш ҳамда тегишли масалаларни соҳа мутахассислари билан маслаҳат қилиш орқали ҳал қилиш белгилаб олинди.

Ҳайъат мажлисида халқ адлия органлари фаолиятидан рози бўлиш кераклиги, адлия органлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўймаслиги ва келгусида белгиланган режаларни амалга оширишда фаол бўлиш кераклиги яна бир бор таъкидлаб ўтилди.

Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адлия вазирлиги: халқ адлия органлари фаолиятидан рози бўлиш керак