
Қатарда бўлиб ўтаётган VI Ислом Бирдамлиги ўйинлари доирасидаги илк турда Ўзбекистон футзал терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга тушди. Беллашув жуда шиддатли ва курашларга бой тарзда ўтди. Ўйин якунида терма жамоамиз 5:2 ҳисобида муносиб ғалаба қозонди.
Биринчи бўлим нисбатан тенг курашлар остида кечди. Ҳисобни саудиялик Абдуллаҳ Али Алмачраби очди, аммо жамоамизнинг жавоби узоқ куттирмади — Музаффар Аҳаджонов биринчи бўлим якунига етмасдан ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда эса устунлик тўлиқ ўзбек футзалчилари томонида бўлди. Муҳаммадали Ҳусанбоев жамоамизни ҳисобда олдинга олиб чиқди, шундан кейин Акбар Усмонов ва Машраб Адиловнинг голлари устунликни янада мустаҳкамлади. Саудияликлар Салеҳ Алқарни орқали бир гол уришга муваффақ бўлди, аммо ўйин якунланишига бир дақиқа қолганда Аббос Элмуродов жамоамизнинг бешинчи тўпини киритди ва якуний ҳисобни белгилади — 5:2.
Бу ғалаба Ислом ўйинларидаги старт учун катта аҳамият касб этди. Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани фаол бошлаб, кейинги босқичларда ҳам юқори натижалар кўрсатиш ниятида эканлигини намоён этди.
Мураббийлар штаби ўйиндан кейин жамоа ҳаракатидан мамнун эканини билдириб, кейинги баҳсларда ҳимоядаги ишончни янада ошириш ва стандарт вазиятлардан унумли фойдаланиш кераклигини таъкидлади.
Бу ғалаба билан Ўзбекистон термаси “А” гуруҳида етакчиликни қўлга киритди ва кейинги баҳслар олдидан руҳий устунликка эга бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!