
Франция терма жамоаси ва “Пари Сен-Жермен” ярим ҳимоячиси Дезире Дуэ 2025 йилда Европанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди. Бу ҳақда Италиянинг нуфузли Tuttosport нашри хабар берди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, 20 ёшли француз футболчиси сўнгги мавсумда ҳақиқий сенсацияга айланган. У “ПСЖ” билан бир қатор турнирларда зафар қучиб, нафақат Франция, балки бутун Европада ёш авлод орасида етакчи ўйинчилардан бирига айланди.
“Бу йил Дезире Дуэ учун феноменал мавсум бўлди. У майдонда нафақат натижа, балки характер ва лидерлик фазилатларини ҳам намоён этди. Шу орқали “ПСЖ” тарихда илк бор Чемпионлар Лигасини қўлга киритишида муҳим роль ўйнади”, — дейилади мукофот ташкилотчилари баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили мазкур соврин “Барселона” вингери Ламин Ямалга насиб этганди.
Дезире Дуэ 2024/25 йилги мавсум давомида барча мусобақаларда жами 61 ўйинда майдонга тушди, рақиблар дарвозасини 16 марта ишғол қилди ва шунча марта ассист муаллифига айланди. Бу кўрсаткич унинг ёши учун ҳайратланарли даражада юқори ҳисобланади.
Ёш футболчи “ПСЖ”нинг Европа миқёсидаги тарихий ютуғида — Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқишида асосий ролни бажарди. Шунингдек, у жамоаси билан Франция чемпионати ва мамлакат Суперкубогида ҳам зафар қучди.
Мутахассислар фикрича, Дезире Дуэнинг бу йилги ютуғи уни келгуси мавсумларда “Олтин тўп” учун курашиши мумкин бўлган футболчилар қаторига олиб чиқиши мумкин. Француз журналистлари эса уни келажакда “ПСЖ”нинг янги символига айланиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!