19:53 / 22.02.2021
2 767

Қўрқоқлик оқибати фалокатдир

Қўрқоқлик оқибати фалокатдир
Савол: Қўрқув нимадан пайдо бўлади?

Жавоб:
Қўрқувнинг турлари жуда кўп. Қўрқув ҳар биримизда турлича намоён бўлади ва турли вазиятларда ҳимоя функциясини ҳам ўтайди. Нимадандир қўрқсангиз ўша ишга қўл урмайсиз ёки қаердандир қўрқсангиз ўша ерга бормайсиз ва ҳ.к. Демак, кези келганда инсонни ҳимоя қилувчи восита – бу қўрқув. Тиббиётда “фобия” деган атама бор. Фобия – бу мияга ўрнашиб қолган ва узоқ давом этувчи қўрқув. Демак, қўрқув узоқ давом этса ёки кучли бир стресс туфайли тўсатдан пайдо бўлса, фобия ривожланади. Инсонни бу ҳолатдан фориғ этиш учун тиббий психолог ёрдами керак бўлади.

Савол: Болани қўрқув остида тарбиялаш қанчалик тўғри?

Жавоб:
Бундай тарбия, албатта, нотўғри. Барчамиз биламизки, қўрқув болалик даври учун хос. Мен тушунаман, агарда болага қўлларингни ювмай овқат есанг қорнинг оғриб қолади, ёмон болаларга қўшилсанг, ёмон йўлга кириб кетасан, “ассалому алайкум” деб катталарга салом бермасанг, катта бўлмай қоласан, ўз вақтида ухламасанг, ёмон тушлар кўрасан каби жумлалар ишлатилиши мумкин. Бундай пайтларда болада ўзига яраша қўрқув ёки дейлик ҳадик пайдо бўлади ва бу ҳолатдаги қўрқув психологик ҳимоя вазифасини ўтайди. Лекин бундай ўгитлар ҳам ота-она учун удумга айланмаслиги керак. Бундай тушунтиришларни бошқача йўл билан амалга оширса бўлади.

Савол: Қўрқув, яъни қўрқитишлар оқибати нима билан тугаши мумкин? Бу жамият ривожланишига қандай таъсир кўрсатади?

Жавоб:
Умуман олганда, оммавий тарзда удумга айланган доимий қўрқитишлар ҳар қандай жамият учун фалокатли бўлиши мумкин. Мен қўрқитишларни илк болалик давридан бошлаб изоҳлаб беришга ҳаракат қиламан.

Биринчи давр – илк болалик даври. Йиғлама, сени “олабўжи”га бериб юбораман ёки ухламаган болага “Ана, ойнага қара, сенга кўзлари билан тикилиб турибди, ҳозир кўзингни юммасанг уйга кириб сени олиб кетади” ва ҳ.к. каби қўрқитишлар. Боғча опанинг дўқ-пўписалари: овқат бермайман, ойнадан отиб юбораман, анави бурчакда куни билан турасан. Айниқса, бу гаплар боланинг кўзига тикилиб айтилаверса, у ҳатто 40 ёшга тўлганда ҳам ерга қараб гапирадиган бўлади.

Иккинчи давр – мактаб ёши даври. Бу давр жуда оғир давр. Болага кўрсатиладиган руҳий босимлар: дўқ-пўписалар, “2” баҳо билан қўрқитишлар, милицияга топшириб юбораман, сен икки дунёда ҳам одам бўлмайсан, сендан ҳеч ким чиқмайди, болаларга унинг ота-онаси мавқеидан келиб чиқиб муносабат ўрнатишлар ўша боланинг мотивациясини сўндиради ва уни ўта қўрқоқ ва шу билан бирга тажанг болага айлантиради.

Учинчи давр – институтда ўқиш даври. Доимий қўрқув ва хавотир остида улғайган бола институтга киргунча руҳий ногирон бўлиб қолади. Олий таълим даргоҳлари давлат ва жамият учун ўта муҳим кадрларни ва Ватан тақдирини ҳал қиладиган шахсларни тўғри таълим-тарбия орқали етиштирадиган маскан бўлмоғи керак. Агарда бу ерда ҳам “қўрқитиш машинаси” ишга тушса, бунинг оқибати жуда ёмон бўлади. Бундай институтлар давлат ва жамият учун қўрқоқ кадрларни тайёрлайди, холос. Бундай кадр илмли бўлиши мумкин, бироқ қўрқоқлиги туфайли, унинг илми ичида қолиб кетади. Бундай кадр ҳунарли бўлиши мумкин, бироқ битта дўқ-пўписа билан у ўз ҳунарини ичига ютиб юборади ва ҳ.к. Бундай бечорадан на оила, на жамият бирор бир наф кўради. Тасаввур қилиб кўринг, бу ҳолат оммавий тарзда кузатилса, юрт учун нима бўлади?!

Доимий қўрқув остида вояга етган шахс соғлом оила қура олмайди, ўз фикрини бировга ўтказа олмайди, бошқа юртларда ҳам у қўрқоқ деган ном чиқаради, катта лавозимга кўтарилса ҳам ўз фикрини дангал айтишга қўрқадиган бўлади, бир сўзли бўлмайди, бундайлар деярли “Йўқ, ундай бўлиши мумкин эмас” деган иборани ишлата олмайди, уларнинг энг яхши кўрган ибораси – “Майли, хўп бўлади, мен розиман”.

Энди кўз олдингизга келтиринг, бутун бир халқ қўрқоқ бўлса, у қандай қилиб илғор жамият қура олади, у қандай қилиб хорижликларга фикрини ўтказа олади, қандай қилиб ўзга юртларда ўз юртдошини ҳимоя қила олади, у қандай қилиб демократик жамият қура олади, у қандай қилиб нотўғри йўлдан бораётган раҳбарига қарши гапира олади, у қандай қилиб ҳақиқат учун кураша олади?!

Қўрқоқ одам субутсиз бўлади, қўрқоқ олим ўз янгилигини ошкор эта олмайди, қўрқоқ журналист жамиятда бўлаётган хато ишлар ҳақида очиқ-ойдин ёза олмайди, қўрқоқ депутат ўз фикрини билдирмай “розиман тугмаси”ни босиб ўтираверади, қўрқоқ доктор беморга зудлик билан тез ёрдам кўрсата олмайди, қўрқоқ аскар Ватанни ҳимоя қила олмайди ва ҳ.к.

Демак, биз ўзимиз билмаган ва хоҳламаган ҳолда давлат ва жамиятни жар ёқасига олиб бориб қўйишимиз мумкин. Ҳар доим эсда тутинг: Қўрқоқликни эмас, қўрқмасликни, яъни мардликни бешикдан бошлаб болага сингдириш керак.


“Асаб ва руҳият” илмий-тиббий маркази
директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қўрқоқлик оқибати фалокатдир

Жамият янгиликлари