12:56 / 07.03.2021
1 795

Иммунитет қанчага етади? Вакцинага оид муҳим саволларга жавоблар

Иммунитет қанчага етади? Вакцинага оид муҳим саволларга жавоблар
Spencer Platt / Getty Images
Мутахассислар коронавирус вакцинаси ҳақида кўп нарса биладилар ва ўрганмоқдалар. Бир тарафда эса, пандемия ниҳоясига етгани йўқ, кундалик кўрсаткичлар эса барча даврлар учун рекордларни янгилашга ҳисса қўшмоқда. Бироқ шунда ҳам ҳануз вакциналар ҳақида саволлар бор ва уларга мутахассислар жавоб бериб келишяпти.

Савол: Коронавирус вакцинаси сизни эмланмаганларга касал тарқатишдан сақлайдими? (вакцина олган одамни ташувчи қилиб қўймайдими)
Жавоб:
бу ҳозирча аниқ эмас.

Johns Hopkins Bloomberg School of Public Health даги халқаро марказ ижрочи директори Уильям Мосснинг айтишича, эмланган шахслар асимптоматик тарзда эмланмаганларга касаллик юқтириш эҳтимоли борасида тадқиқотлар давом этмоқда.

«АҚШ озиқ-овқат ва дори маҳсулотлари сифатини санитар назорат қилиш бошқармаси (FDA) фавқулодда фойдаланишга рухсат берган вакциналар 3-фаза синовларининг пировард мақсади касалликка клиник томондан қараш эди, эмланган одамларнинг касалликни ташувчи бўлиб қолиш эҳтимолини ўрганиш эмас», дея таъкидлаган у.

«Синовлар бошидан бу масалани ўрганишни назарда тутмаган. Биз вакцина юқиш хавфини камайтиради деб айта олишимиз мумкин, холос. У тўлиқ ҳимоя қиладими йўқми, буни вақт кўрсатади. Маълумки, одамдаги вирус миқдори ва касаллик қанчалик оғир экани ўртасида боғлиқлик бор. Яна шуни биламизки, вакциналар касалликни енгиллаштиради ва касалликдан ҳимоялайди. Бинобарин, бу вакциналар инсондаги вирус миқдорини камайтиради ва демакки ташувчи бўлиб қолишдан ҳам асрайди», дейди Мосс.

Шунинг учун эмланган бўлсангиз ҳам, беихтиёр бошқалар учун вирус ташувчиси бўлиб қолмаслик учун жамоат жойларида маълум қоидаларга (ниқоб тақиш, ижтимоий масоф сақлаш ва қўлни ювиб юриш) риоя қилишингиз муҳим.

Коронавирус вакцинасини олгандан сўнг, касалликка қарши иммунитет қанчага етади?
Жавоб:
бу ҳали аниқ эмас, бироқ мутахассислар камида бир йилга етишини умид қилишмоқда. Тадқиқотлар вакцинадан кейинги иммунитет давомийлигини ҳам ўрганмоқда. Лекин эмлангандан сўнг иммунитет қанча туриб бера олиши ҳали аниқ эмас.

«Бу ҳақда айта олишим мумкин бўлган гап – синовларнинг илк фазаларида эмланган одамлар нейтраллашган иммунитет излари борлигини кўрсатмоқда», дейди Шимолий Каролина университети профессори Рейчл Грэм.

«Биз иммунитет муддати ва унинг коронавирус тарқалишига таъсири ҳақида истиқболдаги синов фазалари орқали кўпроқ билиб олишимиз мумкин. Умид қиламизки, иммунитет бир йил давом этади деган хулоса оламиз ва бу вакцинация сизнинг ҳар йилги вакцинация дастурингизнинг бир қисми бўлади», дея қўшимча қилади у.

Коронавирус билан касалланганлар ҳам эмланиши керакми?
Жавоб:
ҳа. Коронавирус билан оғриганлар ўзларини ҳимояланган деб ўйласалар-да, аслида ундай бўлмаслиги мумкин. Касалликка чалингандан сўнг унга иммунитетнинг жавоби турлича бўлади, дейди Мосс.

Колумбия университети қошидаги Мейлман соғлиқни сақлаш мактабининг эпидемиология бўйича профессори Сандра Альберхтнинг айтишича, одамлар табиий равишда коронавирусга чалинганларидан сўнг уларнинг иммунитети турлича реакция қилади – баъзиларда антитаначалар йўқ, баъзиларида кам бўлса, айрим одамларда антитаначалар жудаям юқори бўлади. Лекин табиий равишда касаллангандан сўнг кимнинг иммунитети қанақа бўлишини тахмин қилишнинг иложи йўқ, дея қўшимча қилади Альберхт.

«Бизда одам танаси вакцинага қандай жавоб қилиши, одамлар қандай ҳимоялангани ҳақида яхши маълумотлар бор. Бизда вакцинациядан сўнг ҳимоя даражаси борасида ишонч ва қатъийлик бор. Табиий касалланиш ҳақида эса шундай маълумотлар йўқ. Коронавирусга чалинганлар ҳам вакцина олишлари тавсия қилинади. Ана шундагина улар чинакамига ҳимояланганига ишонч ҳосил қилиш мумкин», дейди Мосс.

Аллергияси борлар ҳам вакцина олиши керакми?
Жавоб:
аксар ҳолларда – ҳа. Бу масалада шифокор билан маслаҳатлашиш керак. «Оғир аллергик реакциялар кам учрайди», дейди Грэм.

Вакцина нисбатан янги бўлгани боис, тиббиёт ходимлари пациентлар препаратни қабул қилганидан сўнг кузатувни давом эттиришади.

«Вакцинага масъул одам 15 ё 30 дақиқа кетмай туришни сўрайди ва эмлангандан сўнг сизда реакция йўқлигига ишонч ҳосил қилиб олади. Коронавирус вакцинасидаги ягона потенциал аллерген бу полиэтил гликолдир», дейди Грэм.

Альберхт оғир реакциялар ниҳоятда кам эканини айтгани бироз овунч беради. 1 миллион дозага 11 оғир реакция тўғри келган. Кимдадир оғир реакция кузатилганда, тиббиёт профессионаллари томонидан уни дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилиши мумкин.

«Аллергик реакциялар, умуман олганда, ўша пайтдаёқ бартараф этилиши мумкин. Шунинг учун ҳам вакцина олган шахслар тиббиёт муассасини тарк этмай туришлари сўралади», дейди Альберхт.

Вакцина олишдан аввал қайси вакцина ёки дорини қабул қилганингиздан кейин реакция бўлганини шифокорга айтишингиз жуда муҳим.

Вакцина коронавируснинг мутацияларидан ҳимоялайдими?
Жавоб:
мутахассислар шунга ишонишмоқда. Ҳозир Pfizer вакцинаси янги штаммларга қарши энг самарадор экани айтилмоқда, Moderna вакцина эса ўрганилмоқда.

Ўтган бир неча ҳафта ичида янги ва хавфли штаммлари пайдо бўлди. Энг хавфли вариантлар Британия ва Жанубий Африкада аниқланди ва бошқа давлатларда ҳам пайдо бўлади бошлади. Касалликларни назорат қилиш ва бартараф этиш маркази (CDC) янги штаммлар АҚШда доминант бўлади, деган фикрда.

Альберхт тадқиқотлар Pfizer вакцинаси юқоридаги икки штаммга қарши самарадор эканини билдирган. У мутахассислар ҳозирда самарадорлиги синалаётган Moderna вакцинаси ҳақидаги маълумотни ҳам кутаётганларини қистириб ўтган. Мутахассислар Moderna’ни ҳам янги вариантларга қарши самарадор бўлади, деб кутишмоқда.

Иммунтанқислиги бор ва ҳомиладорлар учун вакцина олиш хавфсизми?
Жавоб:
ҳар икки гуруҳдаги одамлар ҳам коронавирус вакцинасини олишлари тавсия қилинади.

Ўтган йилнинг декабрида Америка акушер ва гинекологлар коллежи коронавирус вакцинасини ҳомиладорларга қилиш кечиктирилмаслиги, аксинча, бўлажак оналар эмлашга тарғиб қилиниши кераклигини маълум қилган.

«Шу пайтгача бу гуруҳда нохуш ҳодисалар кузатмадик. Шу билан бирга, хулоса чиқариш учун эмлаш учун етарли ҳомиладор аёл топилмаган», дейди Альберхт.

Ҳомиладор аёллар вакцина синовларига жалб қилинмаган ва нормал ҳолат – ҳомиладорлар одатда аксар вакцина синовларига жалб қилинмайди. Ҳозирда етарлича ахборот бўлмагани боис, мутахассислар вакцина олиш рисклари унинг фойдаларидан ортиқмас деб ўйлашади.

Иммунтанқислиги бор шахслар учун Касалликларни назорат қилиш ва бартараф этиш маркази (CDC) коронавирус вакцинасини олишни тавсия этади. Иммунтанқислиги борлар орасида ҳам ножўя таъсирлар ва самарадорлик баҳолари ҳақида маълумот йўқ. Бироқ ВИЧ инфекцияси юқтирганлар коронавирус вакцинаси синовларига жалб этилган.

Эмланиш керакми ёки йўқми деган қарорга келаётганда иммунтанқислиги борлар ва ҳомиладорлар коронавирус юқтириб олиш эҳтимоллари юқори эканини ёдда тутишлари лозим. Шунингдек, ҳар қандай масалани шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал қилган маъқул.

Қандай ножўя таъсирлар бор?
Жавоб:
инъекция қилинган жойда оғриқ, иситма, бошоғриғи – булар оддий ҳол.

Коронавирус вакцинасининг ножўя таъсирлари одамга қараб фарқланади. Кўп одамларда ножўя таъсирлар умуман кузатилмайди, лекин одамлар эмлангандан бир неча кун ўтиб инъекция қилинган жойда оғриқ, бош оғриғи, паст ҳароратли иситма, мушакларда оғриқ ва ҳолсизликдан шикоят қилишган. Умуман олганда, икки дозали эмлашда иккинчи дозадан кейин ножўя таъсир бўлиши нормал ҳолат.

Кутилган ножўя таъсирлар хавотир олишга арзимайди. Зеро, организмнинг вакцинага кутилган реакциясидир.

«Вакцинага тананинг иммун реакцияси бош оғриғи, инъекция қилинган жойдаги оғриқ, паст ҳароратли иситма кўринишидаги яллиғланиш бўлиши мумкин», дейди Стэнфорд университетининг педиатрик инфекцион касалликлар эпидемилоги Айвонна Мальдонадо. Ножўя таъсирлар яллиғланишга қарши дорилар билан бартараф этилиши мумкин.

Мутахассислар коронавирусни ўрганишда давом этишяпти. Мақоладаги маълумотлар шу пайтгача қўлга киритилган тажрибалар асосида тайёрланган ва олимлар вирус ҳақида янги ахборотга эга бўлишгач ўзгариши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Иммунитет қанчага етади? Вакцинага оид муҳим саволларга жавоблар