Жиззах вилоятида солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликнинг ошиб кетиши давлат бюджети ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар молиявий фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Солиқларни ундириш эса энг қадимги ва муҳим вазифалардан бири бўлиб, давлатчиликнинг барқарорлигини таъминлашнинг асосий шартларидан саналади.
Жиззах вилояти Солиқ бошқармасининг Солиқ мажбуриятига эга шахснинг мол-мулкидан солиқ қарзини ундиришга оид қарорлари асосида “B.H” МЧЖдан ижро ҳужжатлари бўйича умумий 324 000 000 сўм миқдоридаги солиқ қарзи ундириш бўйича ижро варақалари Бюронинг Шароф Рашидов туман бўлими иш юритувига келиб тушди.
Давлат ижрочилари томонидан қарздорнинг ҳисоб рақамлари банд қилинган ҳамда барча мол-мулкларига тақиқ ўрнатилган. Бу чоралар қарздорликнинг бартараф этилиши учун амалга оширилган муҳим қадамлардан бири саналади.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздорга тегишли ва ҳозирга қадар ишга тушмаган Метан заправка бинолари ва иншоотлари хатланди. Бу давлат ижро тизими томонидан амалга оширилган молиявий назоратнинг самарали мисоли сифатида кўрсатилмоқда.
Агар қарздорлик тўлиқ бартараф қилинмаса, мазкур мулк воситаси аукцион савдолари орқали сотилиб, тушган маблағлар солиқ қарзи ва бошқа мажбурий тўловларга йўналтирилади. Бу йўл орқали давлат бюджетининг барқарорлиги таъминланиши ва солиқ тўловларига масъулиятни кучайтириш мақсад қилинган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!