date

Наманганда камбағаллик қисқа вақтда 2,5 баробар камайди

Наманганда камбағаллик қисқа вақтда 2,5 баробар камайди

Наманган вилоятида камбағаллик даражаси қисқа вақт ичида 2,5 баробар камайиши таъкидланди. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

“Ҳар сафар бу вилоятга ташрифимни амалга оширганимда, аҳолининг кўтаринки кайфияти, катта-ю-кичик ҳар бир инсоннинг доимо ҳаракатда бўлиши ва изланишда эканини кўриб қувонаман. Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим”, деди давлат раҳбари йиғилиш аввалида.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Наманганда салмоқли ва муҳим ишлар амалга оширилган. Эртага бошланадиган камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форумга Наманган шаҳри мезбонлик қилаётгани ҳам бежиз эмаслиги алоҳида қайд этилди.

“Қисқа вақт ичида Наманганда камбағаллик 2,5 баробар камайди. Бу энг аввало яратилган қулай шартлар ва вилоят аҳолисининг меҳнаткашлиги, самарали ҳаракатлари билан боғлиқ”, дейилади хабарда.

Президент матбуот хизматининг маълумотларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида вилоятга 7 миллиард долларлик хорижий инвестиция киритилган, 8 мингга яқин янги корхона фаолиятга тушган. Экспорт қилинаётган маҳсулот турлари икки баробар ортиб, мингдан ошган. Аҳолининг реал ўртача даромади уч баробар кўтарилган. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 82 фоизи айнан кичик бизнес ва тадбиркорлик орқали даромад топмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари вилоятда барча асосий ривожлантирувчи соҳаларни юксалтириш учун ресурс ва қулай шароитлар етарли эканини таъкидлади.

Йиғилишда вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 14 та туман ва шаҳар ҳокимлари олдида муҳим вазифалар қўйилди: йил охиригача 4 миллиард 200 миллион долларлик инвестиция жалб қилиш, экспорт ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, 323 минг аҳолини иш билан таъминлаш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқариш.

Норин туманидаги 5 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Шўрариқ маҳалласи мисолида “оғир” маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгартирилиши ва шаҳар муҳитини олиб кириш чоралари белгиланган. Бундай маҳаллаларда замонавий маҳалла гузари қурилади, болалар ва спорт майдонлари, сервис объектлари, кутубхона, касб ва тил ўргатиш маркази, банк шохобчаси ташкил этилади. Кўчалар асфальт қилинади ва ёритилади, эскирган боғлар тўлиқ янгиланади.

Косонсой ва Норин туманларига 100 миллиард сўмдан, қолган туманларнинг иккитадан “оғир” маҳалласига эса 5 миллиард сўмдан ажратилади, жами 320 миллиард сўм маблағлар энг яхши намунали ҳудудларни яратиш учун йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги шароити оғир Шўрариқ маҳалласига кирган эди. У ерда 5 мингдан зиёд аҳоли яшайди, 62 та камбағал оила, 118 нафар ишсиз, 157 одам эса миграцияда бўлган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Наманганда камбағаллик қисқа вақтда 2,5 баробар камайди