08:33 / 10.04.2021
2 317

Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак

Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак
Аввал хабар қилинганидек, парламент қуйи палатасининг куни кеча бўлиб ўтган мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари қизғин, конструктив муҳокама қилинди. Асосий эътибор тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш, уларнинг ҳаётимиздаги таъсирчанлигини ошириш, бу борада аниқ механизмлар ва ҳуқуқий кафолатларни қўллаш масалаларига қаратилди.

Зеро, Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишидаги нутқида таъкидлаганидек, ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак. Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари юзасидан депутатлар ўз фикрларини билдирди.

Зафаржон ЖАЛОЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:
— «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2453, 248-моддаларига маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқишда тегишлилик ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига тааллуқлилиги белгиланмоқда. Бунда электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларининг аксарияти жойларда аҳоли томонидан содир этилиши инобатга олинган.

Мазкур масала қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, бу вазифанинг ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика (катта) инспекторларига юклатилиши қатор муаммоларни келтириб чиқариши айтилди. Депутатларнинг фикрича, профилактика (катта) инспекторларида бу бўйича етарлича билим мавжуд эмас. Яъни мазкур соҳада уларнинг мутахассис эмасликлари ва уларга хизмат вазифасидан ташқари ортиқча юкламаларнинг юклатилиши келгусида бир талай муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Муҳокамалар чоғида Ички ишлар вазирлиги бу бўйича ўз эътирозларини билдирганликлари маълум қилинди.

Албатта, депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ҳамда таклифлар юзасидан тегишли мутахассис ва экспертларнинг жавоблари мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда инобатга олинади. Шу нуқтаи назардан, лойиҳа биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Дилшод ҲАМЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси:
— «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасида асосий эътибор унинг концептуал жиҳатларига қаратилди. Қайд этиш жоиз, лойиҳа мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган. Унда, шунингдек, бу борада Ҳукуматнинг ҳамда масъул давлат органларининг бир қатор ваколатлари белгиланмоқда.

Хусусан, унга мувофиқ, Ҳукумат томонидан ҳудудларда сейсмопрогностик мониторинг ва сув омборларида доимий сейсмологик ва сейсмометрик кузатувларни олиб бориш, фавқулодда вазиятларда тезкор-қутқарув ишларини ташкиллаштириш, давлат тизими куч ва воситаларининг зилзилаларга шайлигини таъминлаш, зилзила хавфи ҳақида аҳоли ва давлат органларини тезкор хабардор қилиш ишлари амалга оширилади.

Қурилиш жараёнида эса сейсмик хавфсизлик талабларининг бажарилиши бўйича доимий назоратни олиб бориш, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича текширувларни ташкиллаштириш кўзда тутилмоқда. Янги қурилган фойдаланишга топширилаётган бино ва иншоотларни электрон техник паспортларни шакллантириш ҳамда шу асосда бино иншоотни сейсмик заифлиги бўйича турларга ажратиш ишларида қатнашиш, сейсмик хавфсизликни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни доимий такомиллаштириб бориш ишлари белгиланади.

Тўғри, лойиҳа устида кўп ишлаш керак бўлади. Бунинг учун, албатта, соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик фикрлари ҳам инобатга олинади.

Нигора ҚУТЛИМУРАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси:
— «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси билан бугунгача қонуний тартибга солинмаган айрим ҳолатлар учун жавобгарлик қоидалари белгиланмоқда. Жумладан, сафарбарлик чақируви резервида хизмат ўтаётган фуқароларнинг ҳарбий йиғинлар ўтказилаётган даврда давлатга етказган зарари учун моддий жавобгарлиги белгиланяпти.

Тўғри, мажлисда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди. Шу билан бирга, депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши лозим бўлган таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Масалан, лойиҳа билан ҳарбий ҳизматчиларнинг давлатга етказилган зарар учун моддий жавобгарлигини қонун даражасида белгилаш, учинчи шахсларга етказилган моддий зарарни қоплаш масалалари Фуқоролик кодексининг нормаларига зид келмаслиги лозим.

Бу борада хорижий давлатларнинг амалиётини кенгроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш муҳим. Қолаверса, қонун лойиҳасида ҳаволаки нормалар бўлмаслиги, давлатга етказилган моддий зарар миқдорини аниқлаш ва уни ундириш тартиби аниқ белгиланиши юзасидан билдирилган таклифлар иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида атрофлича кўриб чиқилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак