22:22 / 27.07.2021
12 515

Ўзбекистонда вакцинадан бош тортганлар ишдан четлатилиши мумкин


Қонунчилик палатаси депутатлари 27 июль куни Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши мажбурий эмлашни қонунийлаштиришни кўзда тутган қонун лойиҳасини маъқуллади. Ҳужжат Сенатга кўриб чиқиш учун юборилди. Бундан ташқари, лойиҳага кўра, шифокор рухсатига қарамасдан эмланишни рад этган ходим иш берувчи томонидан маошини сақламасдан ишдан четлатилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда «Gazeta.uz» маълум қилди.

Вакцинация мажбурийми?
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тушунтиришича, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга экани белгиланган. Шунга кўра, ҳеч бир шахс вакцина олишга мажбур қилинмайди.

Шу ўринда, Ўзбекистон давлат бош санитария врачи «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунда ваколати доирасида эпидемиологик кўрсаткичлар асосида эмланиши лозим бўлган контингентларнинг (масалан, эпидемиологик нохуш ҳудудда ишлайдиганлар, мазкур ҳудудда яшайдиганлар, ушбу ҳудудларга ташриф буюрмоқчи бўлганлар ва бошқалар) эмлаш календарини тасдиқлайди.

Шу сабабли давлат бош санитария врачи Баҳодир Юсупалиевнинг 19 июлдаги қарори билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб коронавирусга қарши профилактик эмлаш ҳам Эпидемиологик кўрсатма бўйича профилактик эмлаш календарига киритилди (0239−07-сон СанҚваН «Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси»). Унга кўра, 14 тоифадаги 18 ёшдан катта аҳоли мажбурий эмланади.

«Профилактик эмлашлар доимий равишда аҳолининг айрим тоифалари ўртасида ўтказилади. Шунга кўра, фуқаролар айрим фаолият турлари билан шуғулланиши учун (асосан аҳоли билан кўп мулоқот қилувчи фаолият турлари) коронавирусга қарши эмлашдан ўтиши керак», — дейилади ССВ хабарида.

Лойиҳада давлат бош санитария врачининг «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида«ги қонунда белгиланган ваколатини фуқароларнинг соғлиғини сақлаш борасидаги асосий қонун ҳужжати ҳисобланган «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада Меҳнат кодексига ўзгартириш киритиш орқали, иш берувчига профилактик эмлашдан ўтишни рад этган ходимларни ишга қўймаслик ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда. Бу таклиф Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда халқаро экспертлар коронавирусга қарши курашиш ва унинг янги тўлқинларининг олдини олиш оммавий вакцинация орқали муваффақиятли ташкил этилиши мумкинлиги юзасидан тавсияларини инобатга олган ҳолда билдирилганлиги айтилади.

Депутатлар қонун лойиҳасини маъқулламоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, «Миллий тикланиш» демократик партия томонидан COVID-19 юқиш даражасини пасайтириш ва ижтимоий иммунитетни ташкил этиш мақсадида аҳолини вакцинация қилиш ишларини жадаллаштириш таклифини билдирган.

Хусусан, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда давлат бош санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда, жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда, иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани кўзда тутилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш натижасида коронавирус инфекциясининг янги тўлқинлари олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.

Ўзбекистонда 26 июль ҳолатига кўра, 1 миллион 99 минг киши тўлиқ эмланган — бу 18 ёшдан катта аҳолининг 5 фоизидан камроқ.
«Жамоавий иммунитетни шакллантириш учун эса аҳолининг 60−80 фоизи эмланиши талаб этилади. Хитойда вакциналарга бўлган ишонч 90 фоиз, Бразилияда 80, Ҳиндистон, Индонезия ва Таиландда 70, Туркия ва Мексикада эса 60 фоизни ташкил этмоқда. Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда мажбурий вакцинация амалиёти жорий этилган», — дейилади парламент қуйи палатасининг хабарида.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда вакцинадан бош тортганлар ишдан четлатилиши мумкин