16:50 / 18.09.2021
1 870

Ғилдиракдаги мой ва лой: коррупция даражасини қандай ўлчаш мумкин?

Ғилдиракдаги мой ва лой: коррупция даражасини қандай ўлчаш мумкин?
Коррупция феномени турли мамлакатларда турли даражадаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий таъсирларга эга. Лекин у билан боғлиқ бўлган умумий бир савол мавжуд: коррупция даражасини ўлчаш мумкинми? Мумкин бўлса қандай?

Албатта, бу саволга жавоб бериш осон эмас. Бироқ шу нарса аниқки, барча соҳаларда коррупцияга қарши курашни таъминлаш, бу борадаги муаммоларни аниқлаш ва натижаларни назорат қилиш учун ҳам коррупция даражаси ўлчанмоғи даркор.

Коррупция – тўғридан тўғри ўлчанадиган ўзгарувчидир. Коррупция даражасини ўлчашга қаратилган индекслар сони кейинги йилларда ортиб бормоқда. Кўп мурожаат қилинaётган мазкур индекслар Transparency International (Халқаро шаффофлик) ташкилотининг коррупция индекси, Жаҳон банкининг глобал бошқарув кўрсаткичлари, янги турдаги ўлчаш ва баҳолаш воситалари саналмиш Халқаро шаффофлик ташкилоти барометри (GCB) ва Global Integrity ташкилотининг глобал яхлитлик индексидир. Шунингдек, PricewaterhouseCoopers шаффофлик индекси ҳам ўзига хос нуфузга эга.

Коррупция даражасининг аниқланиши Жаҳон банки ва фуқаролик жамиятига коррупцияга қарши чоралар ишлаб чиқишда катта ёрдам беради. Айни шу зарурат бугун коррупцияни қандай ўлчаш ва кузатиб бориш мумкинлиги ҳақидаги янгидан янги баҳсларни келтириб чиқармоқда.

Таъкидлаш жоизки, дунё халқларида коррупция билан боғлиқ асосан икки хил қараш кенг тарқалган: айримлар коррупцияни ғилдиракнинг мойи деб билишади ва улар коррупцияни қийинроқ кечадиган жараённи тезлаштириш ва осонлаштириш воситаси сифатида қабул қилишади. Баъзилар эса коррупцияни ғилдиракка илашиб қолган лой деб билишади. Лой ҳажми ортгани сари, табиийки, ғилдиракнинг айланиши ҳам қийинлашади. Шунингдек, коррупция билан боғлиқ турли нотўғри қарашлар ҳам мавжуд:

1-янглиш фикр: Коррупция даражасини ўлчаш мумкин эмас.
Коррупцияни қуйидаги уч усул билан ўлчаш мумкин:

1. Тегишли манфаатдор томонларнинг фикрларини ўрганиш орқали.
Бу нодавлат-нотижорат ташкилотлар, хусусий сектор, давлат хизматчилари ва жисмоний шахслар ўртасида ўтказилган сўровларни ўз ичига олади.

2. Мамлакатларнинг институциявий хусусиятларини тадқиқ этиш орқали. Бу харид қилиш амалиёти, бюджет шаффофлиги каби коррупция имкониятлари-имтиёзлари тўғрисида маълумот беради.

3. Аниқ лойиҳаларни синчковлик билан назорат қилиш орқали. Бу усул муайян лойиҳанинг натижалари ва харажатларини батафсил таққослашга асосланади.

2-янглиш фикр: Субъектив маълумотлар объектив характер касб этмайди. Улар коррупция ҳақидаги ноаниқ ва умумий тушунчаларни акс эттиради.
Инсонларнинг коррупция ҳақидаги ўз реал ҳаётий тажрибаларига асосланган тушунчалари баъзан мавжуд бўлган энг яхши ва ягона маълумотдир. Масалан, агар фуқаролар судлар ва ички ишлар тизимини коррупцияга алоқадор деб ҳисобласалар, улар объектив ҳақиқат қандай бўлишидан қатъи назар, уларнинг хизматидан фойдаланишни исташмайди.

3-янглиш фикр: Коррупцияни ўлчашда ишлатилган субъектив маълумотлар ишончли эмас.
Таъкидлаш лозимки, коррупция даражасини аниқ ўлчашда ҳеч бир ўлчов 100 фоиз ишончли эмас.

Коррупциянинг айрим шаклларини, хусусан, мамлакат даражасидаги коррупцияни кузатиб бориш муқаррар равишда бир ёки бир нечта ўлчов муаммосига олиб келади. Коррупцияни ўлчашга оид барча ёндашувлар муайян ноаниқликларни ўз ичига олади.

4-янглиш фикр: Коррупцияга қарши курашда олдинга силжиш учун кескин объектив чоралар зарур.
Коррупция яширин табиатга эга эканлиги боис аниқ объектив чораларни кўриш деярли имконсиз. Бундан ташқари, объектив маълумотлар мутахассислар, фуқаролар ва компанияларнинг ҳисоботларидан кўра аҳамиятлироқ эканига доир қатъий тўхтам мавжуд эмас.

5-янглиш фикр: Коррупциянинг субъектив ўлчовларидан амалда фойдаланиб бўлмайди, улар сиёсатчиларга йўл кўрсата олмайди.
Бир неча турдаги компаниялар ва шахслар томонидан ўтказилган сўровномалар ҳукуматга турли соҳаларидаги коррупциявий ҳолатлар бўйича маълумот бериши мумкин. Қолаверса, коррупцияга оид умумий фикрларни кузатиб бориш ҳукуматнинг коррупцияга қарши стратегияси муваффақиятини таъминлайдиган омиллардан бири бўлиши мумкин.

6-янглиш фикр: Коррупция даражаси юқори бўлган аксарият мамлакатлар ҳам тез ривожлана олгани сабабли коррупция билан боғлиқ вазиятни кузатишга ҳожат йўқ.
Даниэл Кауфманнинг фикрича, коррупцияни баҳолашда паст натижаларга эришган, аммо сўнгги ўн йилликларда жиддий ўсиш кўрсаткичларини қайд этган мамлакатлар коррупцияга қарши курашда эътиборга лойиқ ишларни амалга оширган.

Коррупцияни амалда ўлчашда ҳам катта қийинчиликлар мавжуд. Коррупцияни ўлчашни истаган шахс ёки фирма дуч келадиган илк қийинчилик – бу тушунчага оид барча бирдай тушунадиган ягона ва аниқ бир таърифнинг йўқлигидир. Чунки коррупция турли маданият ва муҳитларда ҳар хил маъноларда қўлланади. Гарчи халқаро ташкилотлар унинг умумий таърифини яратишга ҳаракат қилишаётган бўлса-да, қонуний равишда вужудга келадиган коррупцияга оид хатти-ҳаракатлар соҳаларга кўра бир-биридан фарқ қилади.

Коррупциянинг умумий таърифи мавжуд деб фараз қилинган тақдирда ҳам тадқиқотчилар коррупциянинг ўлчанадиган умумий асосларини топишда қийинчиликларга дуч келишади. Ҳатто коррупция ҳолатларининг сонига кўра олинган аниқ ўлчов-натижалар ҳам бефойда бўлиши мумкин. Статистик маълумотлар (коррупция билан боғлиқ жиноятларга алоқадор айбдорлар сони ва бошқалар) мавжуд бўлса-да, коррупция билан боғлиқ аксарият ҳолатлар аниқланмай, жазосиз қолиб кетади.

Қолаверса, барча коррупциявий ҳолатлар бир-бирига тенг равишда содир бўлмайди – албатта, кичик коррупциявий ҳолатларнинг давлат тендерларидаги катта жиноятлардан фарқи бор. Бундан ташқари, бундай фарқлар жиноятлар статистикасидан ҳам ўрин олмаслиги мумкин.

Мамлакатлар, одатда, амалда CPI (Perception Corruption Index)дан фойдаланади. Transparency International томонидан 1995 йилдан бери коррупцияни ўлчаш учун фойдаланиладиган индекс – CPI ёрдамида коррупциянинг миқдорий ўлчови ўтказилади ва унинг мамлакатлар ўртасидаги тақсимоти кўриб чиқилади.

2012 йилгача бўлган тадқиқотларда индекс кўрсаткичи 0дан 10гача бўлган қийматларга эга эди. Унга кўра, агар индекс рақами 0га тенг бўлса, ўша мамлакатда коррупция жуда юқори, 10га тенг бўлса, аксинча, ўша мамлакатда коррупция даражаси жуда паст ҳисобланган ва муайян мамлакатнинг бошқа давлат-минтақаларга кўра рейтингда нечанчи ўринда экани кўрсатилган.

2012 йилдан кейин ўтказилган тадқиқотларда эса мамлакатлар CPI’да 0дан 100гача бўлган тизимда баҳолаб келинмоқда. 0 балл мамлакатнинг ўта коррупциялашганидан далолат беради, 100 балл эса унинг жуда тоза эканини кўрсатади. Тўғри, айрим мамлакатлар яхши натижага эришади, лекин ҳеч қайси бир давлат 100 балл тўплай олмайди.

Қайд этиш жоиз, CPI рейтингида 2020 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 26 балл билан 180та давлат орасида 146-ўринни эгаллаб турибди. Таққослаш учун, қўшни мамлакатлар – Қозоғистон 94-, Қирғизистон 124-, Тожикистон 149-, Туркманистон ва Афғонистон эса 165-ўриндан жой олган.

Ўзбекистоннинг сўнгги беш йилликдаги коррупция даражаси кўрсаткичлари
(2016-2020 йиллар)

Манба: www.transparency.org

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистонда институциявий, индивидуал, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий каби бир қанча омиллар коррупцияга сабаб бўлмоқда. Шу боис барча маъмурий, ҳуқуқий ва иқтисодий соҳаларда коррупцияга қарши чора-тадбирлар кўрилиши ва мамлакат тузилишига мос ечимлар таклиф қилиниши зарур. Чунки CPI баллари ва рейтингида мамлакатимизнинг юқори ўринларга эга бўлиши давлатимизнинг ишончлилиги ва халқаро нуфузи ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Отабек Тиллаев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ғилдиракдаги мой ва лой: коррупция даражасини қандай ўлчаш мумкин?