3 829
Грин карта ютганларни Америкада орзудаги ҳаёт кутадими? "Америка орзуси"га эришганларнинг ҳикоялари
Ўзбекистон грин картада топ давлатлар орасида – грин карта ўзбекларнинг орзусига айландими?
“Америка шундай диёрки, ўз юртида фан доктори бўлган инсон бу ерда пицца ташиши ёки дипломи ҳам бўлмаган одам катта ташкилотда ишлаши – табиий ҳолат. Ўзбекистондаги касбингиз АҚШда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин. Лекин Америка ўз устида ишлайдиганларни қадрлайди” – Kun.uz’да грин карта ҳаётини ўзгартириб юборган ўзбеклар.
Грин картага аризалар қабули тугашига саноқли кунлар қолди. Катта эҳтимол билан кўпчилик ёки кўпчиликнинг танишлари, танишларининг танишлари бу йил грин картада омадини синаб кўрган. Рақамлар ҳам ўзбекистонликларнинг грин картага қизиқиши ва унда ютиш кўрсаткичи юқори эканини исботлайди. 2022 йилги дастур натижаларига кўра, Ўзбекистон – грин карта лотереяси ғолибларининг топ бешталигида. Ўзбекистонликлар 6 001та визани қўлга киритган.
Ҳозир грин карта мавзусининг ичида юрганлар тили билан айтганда “сезон”, яъни ҳужжатлар қабули давом этяпти. Бу гал ҳам дастур орқали 55 минг кишига АҚШда яшаш ҳуқуқи тақдим этилади. Дастур ғолиблари компьютер ёрдамида тасодифий танланади. Натижалар эса май ойида эълон қилинади.
“Америка орзуси”да ўз омадини синаб кўришни орзу қиладиганлар сони кўплиги сабаб грин карта мавзусида турли гипотезалар ҳам тарқалган. Масалан, “Самарқандликларнинг грин картада ғолиб бўлиши эҳтимоли кўпроқ”, “Грин карта ютган қизларнинг совчиси кўп бўлади”, “Сизга грин карта аризасини тўлдириб берган фирма кодингизни бермаслиги мумкин. Ютуқ чиқса, улар сиздан пул талаб қилишади”, “Ўзингиз ариза тўлдиргандан кўра, фирмалар ёрдам берса, ютуқ чиқиши эҳтимоли юқорироқ” ва ҳоказо.
Мақолада бу каби миш-мишларга ойдинлик киритувчи суҳбатдошларимизнинг фикрлари билан таништирамиз. Ундан олдин грин картага оид баъзи қизиқ маълумотларни ҳам бериб ўтмоқчимиз. Худди яшил чироқдан олдин сариқ чироқ бир ёниб ўчгандай бу фактларни ўқиб нафас ростлаб олсангиз бўлади.
Грин карта – яшил карта тарихда сариқ рангда ҳам бўлган
Бугунги грин карта тарихи Иккинчи жаҳон уруши даврига бориб тақалади. 1940 йилда АҚШ Конгресси ҳозирги грин картага алоқадор “Хорижликларни рўйхатга олиш акти”ни қабул қилади.
Грин карта (инглиз тилида Green card – “яшил карта” деганидир) йиллар давомида аввал яшил, кейин сариқ, пушти, сўнг бинафшаранг кўк бўлган. Ва ниҳоят 2010 йилдан грин карта яна яшил рангда чиқарила бошланган.
Эгаларига салкам АҚШ фуқаролари билан тенг ҳуқуқларни берадиган грин карта фақат биз билган лотереядан иборат эмас. Грин картага 4 хил йўл билан эга бўлиш мумкин:
- АҚШда доимий иш топиш билан;
- АҚШ фуқароси ёки резиденти билан оила қуриш;
- АҚШ компаниясига катта миқдорда инвестиция киритиш;
- Грин карта лотереясида ютиш.
Жуда кўпчилик учун охирги вариант – АҚШга боришнинг энг осон ва муқобил варианти.
“Грин карта ютган қизларнинг совчиси кўп бўлади”
Биринчи суҳбатдошимиз, Наргиза Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидан, 2017 йилги дастурда ғолиб бўлиб, АҚШга кетади. У ҳозир Оҳайо штатида, дўконлардан бирида сотувчи бўлиб ишлайди.
Менга грин карта лотереясида ютуқ чиқиши ўта тасодифий бўлган. ОТМга ҳужжат топширгани борган пайтимда грин карта ўйнатадиган агентлардан бири шахсий маълумотларимни сўраб олган ва тўлдирган. Мен бу ҳам ўқишга топшириш учун керак деб ўйлаганман.
Менинг маълумотларимни тўлдирган грин карта фирмаси Самарқандда жойлашган эди. Улар менга ютуқ чиққач, анкетадаги манзилимга қараб уйимизни топиб келишган. Ўшанда 22 ёшда эдим. Ҳаммаси бирданига содир бўлган. Уйга кўп совчилар кела бошлаган: мени узатишди ва ҳужжатлар билан боғлиқ ҳамма ишларни куёв тайёрлади. Аслида, ҳужжат ишларини тушунмаган одам уларни ўзи қилса, хато қилиб қўйиши мумкин. Бирорта ҳарф хато бўлса ҳам, муаммо чиқиши мумкин. Агентликлар эса АҚШга келишингизгача бўлган бутун жараёнга тўлиқ ёрдам беришади. Албатта, пул эвазига.
Мен ёш келинчак эдим, бор эътиборимни оилага қаратганман ва грин карта ҳақида кўп ўйламаганман ҳам. Ҳамма расмийлаштириш ишларини турмуш ўртоғим қилган. Бу орада бизга виза чиқди. Яшаш жойимдан маълумотнома кечикиб қолгани учун турмуш ўртоғим мендан 2 ой олдин Америкага кетган. АҚШга биринчи келганимда Нью-Йоркка борганман, сабаби у ерда қариндошларимиз бор эди. Икки ҳафтача қариндошларим билан Нью-Йоркда яшаганман. Америкага биринчи марта келган одамнинг қариндошлари бўлса жуда яхши, сабаби бу ердаги йўл-йўриқни билган одамдан маслаҳат сўраш, уларнинг ёрдамидан фойдаланиш жуда асқатади.
Мен ҳам АҚШга келганимда бошида жуда қийин бўлган. Келгунча оила ишлари сабаб тил ўрганишга ҳам вақтим бўлмаган. Қариндошларим ҳужжатларимни тезроқ расмийлаштиришга ёрдам берган.
“Америкада ҳаёт нолдан бошланади”
Бу ерга ҳамма ҳар хил шароитда келади. Кимдир Ўзбекистондаги бор мулкини сотиб, кимдир қарз олиб келади. Тезроқ оёққа туриб олиш орзуси бўлади одамда. Ҳамма нарса нолдан бошланади. Лекин АҚШга мослашиб олгандан кейин орзуларга эришиш анча осон.
Биринчи келганимда озроқ муддат Нью-Йоркда тозалаш ишларини бажарганман. Ҳозир эса Оҳайо штатининг Цинциннати шаҳрида яшайман. Бу ерда меҳмонхона бизнеси ривожланган. Бошида меҳмонхонада тозалаш ишларини бажарганман. Эрталаб соат 9:00-15:00 оралиғида бир ишда, 15:00дан кечки 23:00гача бошқа жойда ишлаганман. Икки жойда ишлаганимда солиқлардан ташқари ойига ўртача 3 минг доллар маош олардим. Бир неча йил шундай ишлагач, йирик савдо марказларидан биридаги дўконга сотувчи бўлиб ишга кирдим. Дўкон эгалари турклар бўлгани учун турк тилини ўргандим, инглиз тилимни ҳам ишимда муомала қилишга керак бўладиган даражада биламан.
“Фақат АҚШга келиш учун уйланадиган одамлар бор, қизлар эҳтиёткор бўлишгани маъқул”
АҚШга келгач одам ўзига яхшироқ шароит яратишга ҳаракат қилади. Мен ҳам яхшироқ иш топиш ва қулайликларга эга бўлиш учун ҳаракат қилдим, бу орада бир неча йил ўтди. Ҳозирча Ўзбекистонга бора олганим йўқ. Январда боришни мўлжаллаганман. Бу ерда, Цинциннатида дугонам билан яшайман, у билан бирга ишлаб танишиб қолиб жуда яқин бўлиб кетганмиз.
АҚШнинг ҳамма штатларида ўзбеклар бор. Ўзбек биродарларимиз ҳеч қачон бир-бирини қийин вазиятда қолдиришмайди. Кимгадир ёрдам керак бўлса доим ёрдам қўлини чўзишади.
АҚШга келгач, қисқа муддатдан кейин турмушимдан ажрашишимга тўғри келди. Ҳаётимда ҳаммаси жуда тез содир бўлди, АҚШга келиб ҳаётим яхшиланган бўлса-да, бахтим тўла-тўкис бўлмаганидан афсусланган пайтларим бўлади.
Бундай ҳаёт фақат менда эмас. Бу ерга оила қуриб келиб, кейин турмуш ўртоғи ажрашиб кетган қизларни, ёш боласини ўзи боқишга мажбур бўлаётган аёлларни кўп кўрдим. Грин карта чиққан қизларга уйланадиганлар орасида АҚШга келиб олишни ўйлаганлар ҳам бўлар экан. Лотереяда ғолиб бўладиган қизларга турмуш ўртоқ танлашда ўта эҳтиёткор бўлишни тавсия қилардим. Аслида, оила қуриб АҚШга келиш мажбурий эмас, лекин қизларнинг ўзини мусофирликка жўнатмаслик учун ҳам уларни тезроқ узатишади.
“Фан доктори Америкада пицца ташиши ҳам мумкин”
Кейинги суҳбатдошимиз – Ҳамидулла Зияев, Costco Wholesale корпорациясида инфратузилма таҳлилчиси бўлиб ишлайди. Аслида, мутахассислиги юрист бўлган ватандошимиз ҳам грин карта лотереяси орқали АҚШда янги ҳаёт бошлаган.
Америка шундай диёрки, ўз юртида фан доктори бўлган инсон бу ерда пицца ташиши ёки дипломи ҳам бўлмаган одамнинг катта ташкилотда ишлаши – табиий ҳолат. Ўзбекистондаги касбингиз АҚШда ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги мумкин. Аксинча, Ўзбекистонда эътиборга эга бўлмаган оддий ҳунарингиз АҚШда тез иш топиш ва янги имкониятлар эшигини очишга ёрдам бериши мумкин. Аммо умумий хусусият шундаки, Америка меҳнат қилувчиларни, ўз устида ишлайдиганларни ардоқлайди. Қийинчиликларга рози бўладиган, ўз устида ишлайдиган, қисқа муддатга эмас – ҳаётини Америкада кечиришни истаб келган инсонлар муваффақиятга эртами-кечми эришади, деган фикрдаман.
Америкада ўзбеклар, умуман, бутун дунёдан келган иммигрантлар турли соҳаларда ишлашади: улар таксичилик қилишдан тортиб университетларда дарс ҳам беради. Менинг кузатишларим бўйича ўзбеклар, асосан, юк ташиш соҳасида ишлашади. Лекин IT соҳасида ва бошқа нуфузли йўналишларда ишлаётган ўзбеклар ҳам анча кўпайяпти.
“АҚШга келгач, афсусланиб, қайтиб кетишни хоҳлаган пайтим ҳам бўлган”
Сабаби мослашув даврида қийинчиликлар, олдинги даврни қўмсаш бўлади. Ўзбекистонда нуфузли компанияда юрист бўлиб ишлаганман, у ерда яхшигина шароитга эга эдим. АҚШда эса оддий ишчига айланиб қолгандим. Лекин вақт ўтиб Америкада ҳам нуфузли ташкилотга ишга кирдим. Шунинг билан IT инженеринг менга юридик соҳадан ҳам кўра кўпроқ мос эканини англадим.
Ҳатто ҳозир бош офиси Ўзбекистонда бўлган бирор йирик компания IT инженеринг йўналишида ишга таклиф қилса, рози бўлган бўлардим.
Оилада ўзбек миллатига хос барча қадриятларни тўлиқ сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Билмадим, балки шу жиҳатдан консервативдирман. Соф ўзбек тилида гаплашишга, чет сўзларни қўшмасдан муомала қилишга ҳаракат қиламиз.
АҚШда иш топишда бир қанча нарсаларни эътиборга олиш керак:
Америкага келишдан бош мақсад – бу ердаги ҳаётингиз вақтинчалик, фақат пул ишлаб, жамғариб ватанга қайтиш ниятида бўлсангиз, эришиш узоқ муддат талаб қиладиган, кўп харажатли касбга эришишга ҳаракат қилиш тўғри бўлмайди.
Салоҳият – эришишга кўзингиз етмайдиган ишга вақт сарфлаб, ҳаётга бўлган қизиқишингизни сўндириб қўйманг. Масалан, мен ҳам қанчалик адвокат бўлиш чиройли орзу бўлмасин, эришиш узоқ бўлгани учун бу ниятдан воз кечдим.
Қизиқиш – энг ёмони ўзингиз ёқтирмаган ишни қилиш бўлса керак. Ўзбекистонда ҳуқуқшунос бўлиб ишлаганман, маълумотим ҳам ҳуқуқшунослик бўйича.
Агар инсон ўз устида доим ишлайдиган, қизиқишларига мос касбни танласа, ўзлари ва оилалари учун ҳам кўпроқ манфаатли бўлади деб ўйлайман.
Ўзбеклар грин картага нега бунча кўп қизиқишяпти?
Менимча, бу иқтисодий фактор билан боғлиқ. АҚШ ва Ўзбекистон орасида кунлик даромад миқдори ўртасидаги тафовут анчагина бўлса керак.
Лекин Америкага тезроқ мослашиб ўз устида кўпроқ ишламаса, ўз юртида профессор бўлган одам пицца ташиши мумкин. Иқтисодий фаровонлик учун ўз қадрини қурбон қилиш қанчалик тўғрилиги эса бошқа масала.
“Тасдиқлаш коди учун пул талаб қиладиган грин карта фирмалари ҳам бор”
Шоҳхусрав Содиров – грин карта йўналишидаги бизнес эгаси.
Грин карта агентликлари лотереяга ариза тўлдириб беришдан тортиб то виза олиб АҚШга кетгунгача бўлган жараёнда ҳужжатларни тўлдириб бериш, таржима қилиш хизматларини кўрсатади. Бизнинг фирма ҳар йилги аризалар мавсумида ўртача 25 мингга яқин одамга шундай хизмат кўрсатади. Тўғри, аслида, грин карта ўйнаш учун фирма хизматидан фойдаланиш шарт эмас, лекин одамлар расмларни тўғри юклаш, ҳужжатларни адашмасдан тўлдириш учун фирмалар хизматини танлайди. 2014 йилдан бери фаолият юритаётган бўлсак, шу пайтгача 500дан ортиқ ўзбекистонликлар ёрдамимиз билан АҚШга кетишган.
Грин карта йўналишида хизмат кўрсатаётган ҳаммага ҳам ишониб бўлмайди. Сабаби грин картада ариза тўлдирувчининг тасдиқлаш кодини бермасдан ютуқ чиқса, пул талаб қиладиганлар ҳам бор. Кодсиз эса ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Шунинг учун ўта эҳтиёткор бўлиш лозим.
Самарқандликлар нега кўп ютади?
Грин карта ҳақида 7 ёшдан 70 ёшгача деярли барча самарқандликлар билишади. Бу вилоятда грин карта фирмалари ҳам кўп. Улар йил давомида грин карта учун иштирокчиларнинг анкета маълумотларини йиғиб юришади ва тўплаб Самарқанд шаҳридаги асосий офисига жўнатишади. Ва у ерда барча анкеталар жамланиб, грин картага қабул бошлангач, бу маълумотлар киритилади. Ютуқ кўп чиқишининг сабаби оддий: самарқандликлар кўпроқ грин карта ўйнайди ва республикада кўпроқ одам Самарқанддаги грин карта фирмалари хизматидан фойдаланади.
“Тўртинчи уринишда грин карта чиқди”
Баҳромжон Қосимов эса 2020 йилги грин карта ғолибларидан бири, ҳали Ўзбекистонда, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидан, 3 фарзанднинг отаси, савдо-сотиқ билан шуғулланади.
Грин картага 2015 йиллардан бошлаб қизиққанман. Унгача ҳам грин карта ҳақида эшитгандим, лекин бир ўртоғим ютиб АҚШга кетгач, астойдил қизиққанман. Шундан сўнг тўрт марта ўйнаб охирги мартасида ютдим. Ҳар сафар грин картага ҳужжатни ўзим тўлдирганман. Аслида, уни тўлдириш қийин эмас, фақат ҳаммасини эътиборли бўлиб ёзиш керак, холос.
Ютуқ чиққан 2020 йили май ойида чиқиши керак бўлган жавоблар июнда чиқди. Бизнинг йилда ғолиб бўлганлар пандемия сабаб бўлиб суҳбатга чақирилмадик, ҳозир бу йил учун ажратилган визалар музлатилган.
Ҳозирча АҚШга кетишим аниқ эмас. Ҳаммаси виза олишга боғлиқ. Лекин ҳозир яхши ният билан инглиз тилини ўрганишга ҳаракат қиляпман. Америкага боришни орзу қилган одам тил билиши керак.
АҚШда танишларим бор. Улар юк машинаси ҳайдайди, таксичилик қилади. Менга ҳам Америкага бориш насиб қилса, бошланишига юк машинаси ҳайдаш ниятидаман.
“Қизларим инглиз тилини ўрганишяпти”
Элбек Аюпов – Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридан, нефть-газ соҳасида ишлайди. 2 нафар фарзанди бор.
Грин карта ҳақида аввалдан билардим. 2008 ёки 2009 йилмиди, бир ўйнаб кўргандим, лекин натижаси билан қизиқиб ҳам кўрмагандим. Чиқмаган бўлса керак деб ўйлаганман. Анча йилдан кейин яна бир марта ўйнаб кўрдим ва 2020 йилгилар орасида менга ҳам ютуқ чиқди. Ҳозир 2020 йилгилар учун ажратилган визалар музлатилган. Менинг ҳужжатларим қабул қилинган ва “суҳбатга тайёр” статусидаман. Бу – виза олиш эҳтимоли бор дегани.
Ҳозир нефть-газ йўналишида лабораторияда ишлайман. Мутахассислигим – кимё. Агар АҚШга виза чиқадиган бўлса, айнан шу йўналишда иш топишга ҳаракат қилиб кўраман. Аёлим эса косметология йўналишида ишлайди, ўзининг доимий мижозларига эга. У ҳам Америкада шу ишини давом эттиришга ҳаракат қилса керак. Лекин тайёр мижозларини ташлаб кетишни унча хоҳламайди. Қизларимиз эса ҳозир инглиз тилини ўрганишяпти.
Суҳбатдошлар фикрларидан чиқарилган хулоса: АҚШ – мўъжизалар мамлакати эмас, орзуларига эришиш учун меҳнат қилганларга тезроқ ва кўпроқ нарсага эришиш имконини берадиган юрт. Аммо қаерда бўлса ҳам, ҳамма нарса инсоннинг ўзига, унинг потенциалига боғлиқ.
Айтганча, грин картага аризалар қабули тугашига икки кун қолди.
Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz журналисти «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»