«Манчестер Юнайтед» клуби раҳбарияти яқинда ўтказиладиган учта учрашув жамоа бош мураббийи Рубен Аморимнинг келажагини белгилаб бериши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Mirror нашри орқали хабар тарқатилди.
Маълумотларга кўра, португалиялик мутахассис мавсум бошланганидан буён вазиятнинг оғирлигини англаб турибди. Манкунианликлар дастлабки тўртта беллашувда атиги тўрт очко тўплашга муваффақ бўлишди ва турнир жадвалида 14-поғонада жойлашиб турибди.
Клубнинг кейинги беллашувлари жиддий аҳамият касб этади. «Қизил иблислар» 20 сентябр куни «Челси»га қарши майдонга тушишса, 27 сентябрда «Брентфорд» билан, 4 октябрда эса «Сандерленд»га қарши баҳс олиб боришади. Айнан шу учрашувларда қайд этиладиган натижалар Аморимнинг лавозимида қолиш-қолмаслигига асосий мезон бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 40 ёшли Рубен Аморим ўтган йилнинг ноябрь ойида «Манчестер Юнайтед» жамоасига бош мураббий сифатида тайинланган эди. Шундан бери у ўз услубини жамоага сингдиришга ҳаракат қилмоқда, аммо ҳозирча натижалар мухлислар ва раҳбарият кутган даражада эмас.
Келгуси ўйинлар нафақат жамоа учун, балки мураббийнинг тақдири учун ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!