date

Ўзбекистон Глобал инновация индексда 79-ўринни эгаллади

Ўзбекистон Глобал инновация индексда 79-ўринни эгаллади

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан тайёрланган ва эълон қилинган 2025 йилги Глобал инновация индексида Ўзбекистон 139 та давлат орасида 79-ўринни эгаллади. Бу натижа мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва инновация салоҳиятининг сезиларли ўсиши ҳамда ривожланиш тенденцияларини яна бир бор тасдиқлайди.

Маълумот учун, Глобал инновация индекси ҳар йили сентябрь ойида эълон қилинади ва 2 та асосий субиндекс ҳамда 7 та йўналиш бўйича бирлаштирилган қарийб 80 та индикатор асосида тайёрланади. Бу индикаторлар мамлакатлар инновация салоҳияти, билим ва технология ривожланиши, бизнес муҳити ва бошқарув сифатини аниқлашда асосий мезон ҳисобланади.

Ўзбекистон 2015 йилда илк бор мазкур индексга кирган ва 141 мамлакат орасида 122-ўринни эгаллаган. Кейинги йилларда мамлакатнинг инновация салоҳияти сезиларли даражада ўсиб, 2024 йилда 132 мамлакат орасида 83-ўрин қайд этилган эди.

2025 йилги ҳисобот натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг “Innovation input” (сармоя ва ресурслар) субиндексида 69-ўрин, “Innovation output” (натижадорлик ва самарадорлик) субиндексида эса 92-ўрин қайд этилди. Баҳоланган 78 индикатор ичида 36 тасида ижобий ўсиш кузатилган, 7 таси эса ўзгаришсиз қолган.

Йўналишлар кесимида Ўзбекистон қуйидаги натижаларга эришди:

“Инсон капитали ва илмий тадқиқотлар” — +12 ўрин,

“Инфратузилма” — +1 ўрин,

“Бозор ривожланиши” — +4 ўрин,

“Билим ва технология маҳсулотлари” — +10 ўрин, ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Шу билан бирга:

“Бизнесни ривожлантириш” — -4 ўрин,

“Ижодий маҳсулотлар” — -1 ўрин, пасайиш қайд этилди,

“Бошқарув институтлари сифати” — ўзгаришсиз қолди.

Даромад даражаси бўйича Ўзбекистон қуйи ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳида 37 давлат орасида 7-ўринни эгаллаб, 2024 йилдаги 10-ўриндан юқорилади. Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида эса Ҳиндистон ва Эрондан кейин 3-ўринни эгаллади (2024 йилда 4-ўрин).

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон Глобал инновация индексда 79-ўринни эгаллади