18:35 / 17.11.2021
2 107

«Ҳаёт қисқа, жон ширин» — талабалар блогини юритадиган талаба-блогерлар ҳикоялари

«Ҳаёт қисқа, жон ширин» — талабалар блогини юритадиган талаба-блогерлар ҳикоялари
Таълим ва талабалар муаммоларини кўтариб чиқадиган, катта аудиторияга эга таълим блогерлари борки, уларнинг ҳикоялари бир-биридан қизиқ. Талабалар кунида бу жонкуярларнинг ўз аудиториясига айтадиган қандай сўзлари бор?

«Юқоридан постларни ўчир, деган қўнғироқлар бўлса, соддалигимдан ўчириб юборардим» — «Ёшларни қўллаб-қувватлаш» канали муаллифи Эгамназар Абулбоқиев
Ўзим талаба бўлганим учун уларни қийнаётган муаммолар ва қийинчиликларни кўриб билиб тураман. Муаммолардан қочишни эмас, уларни жойида ҳал этиб яшашга ўрганганман. Фаолиятим давомида ёки ҳаётимда қанақадир муаммо бўлса, хотиржам ишларимни қилиб, ўқишимни ўқий олмайман.

Бу муаммо ва камчиликлар бошқаларни ҳам қийнайди, деган фикрдаман. Шунинг учун бу муаммоларни ҳал қила оладиган одамларга муаммо ҳақида билдириш учун блог очиб, уни юрита бошлаганман.

Канални энди очган пайтларим жуда содда эдим, қайсидир мендан юқори турувчи шахслар қўнғироқ қилиб, «мақолангни ўчир», деса, соддалигим сабабми, билмадим, ўчириб юборардим.

Кейинчалик мен ҳам зийраклик билан ишлай бошладим. «Каналимда 5та админ бор, шулардан бири ёзган, мени тишим ўтмайди», деб ўзимдан соқит қилишни бошладим. Лекин шундай қийинчиликлар ҳам бўлдики, видео мурожаатларимни ҳам жойлашга тўғри келиб қолди. Лекин у видео меники эмас, деб вазиятдан чиқиб бўлмасди.

Блогни юритишдаги асосий қийинчилик — цензура. Ҳаёт қисқа жон ширин. «Масофавий канал» канали админи Р.М.
«Масофавий таълим» каналининг фаолияти 2020 йил 16 мартдан Ўзбекистонда карантин эълон қилингани сабаб бошланган. Ўшанда барча таълим даргоҳлари илк марта онлайн таълимга ўтказилган. Ёшлар учун фойдали ва манфаатли бўлиши учун блог очишни ният қилганмиз.

Бунинг учун энг қулай платформа Телеграм эди. Канал очдик ва қисқа фурсатда обуначиларимиз 66 минг нафардан ҳам ошди. Карантин юмшатилиб, таълим даргоҳлари анъанавий таълимга қайтгач, бизга ҳам, бизнинг фаолиятимизга ҳам деярли эҳтиёж қолмади.

2020 йил тахминан сентябр ойлари эди, канал йўналишини ўзгартириб, асосан, талабалар учун ёзадиган каналга айландик. Каналнинг номи эса шундайлигича қолди — «Масофавий таълим». Қайсидир маънода бренд бўла олдик, деб ҳисоблайман. Шу сабаб номни ўзгартирмай сақлаб қолдим.

Бу йўлда ягона қийинчилик бор — цензура. Каналда талабалардан ташқари таълим мавзулари ҳам ёзиб борилади. Бугунгача қандайдир жиддий таҳдид ёки босим бўлмаган. Аммо бир неча марта билвосита постни ўчиришга уринишлар бўлган. Ички цензура ҳам баъзи нарсаларни ёзмасликка сабаб бўлиб туради. Ҳаёт қисқа, жон ширин.

«Таълим ва талабалар ҳаётида нимадир ўзгарган бўлса, кўплаб блогерлар ҳаракати билан бўлган» — Эгамназар Абулбоқиев
Фаолиятим давомида нималарнидир ўзгартиролдим, дея олмайман. Чунки мен айнан бир одамнинг мурожаати билан шуғулланмайман. Тизимли муаммоларни, яъни барча учун муаммо бўлиб келган масалаларни кўтарганман. Уларнинг айримлари ҳал бўлган, лекин фақат менинг ҳаракатим билангина эмас бошқа блогерларнинг ҳам бунда ҳиссаси бор. Блогер бир ўзи бўлса ниманидир ҳал қилиши қийин. Чунки идоралар биргина блогернинг каналида чиққан масалага унчалик ҳам эътибор бермайди. Лекин 5–6 блогер бир масалани кўтарса, ана ундан кейин масалани ўрганишни бошлайди.

«Энг катта ютуқ — карантин даврида ёшларга билим берганимиз» — Масофавий таълим канали асосчиси Р.М.
Карантин пайтида ёшлар учун сифатли тестлар ва масалалар тақдим эта олганимиз ютуғимиз бўлса керак. Биргина Телеграмдаги QuizBot орқали фанлардан тақдим этган тестларимизни жами 1,1 млн.дан ортиқ ёшлар ишлаган. Мавзулар, маълумотлар эса минглаб ўқилган, улашилган. Албатта, бунинг ортидан минглаб ёшлар нимадир ўрганганига ишончим комил.

Талабалар учун ёзишни бошлаганимизда ҳам бир қанча ютуқлар бўлди, ҳеч бўлмаса, талабалар мурожаати сабаб қайсидир ОТМ талабаларига стипендия вақтида берилмаётгани ҳақида ёзсак, эртасигаёқ уларнинг стипендиялари тарқатиларди. Яқинда ҳам шундай ҳолат бўлди. 3 ойдан бери кўпчилик ОТМлар стипендия бермаган. Бу ҳақда ОТМларни номма-ном ёздик ва эртасигаёқ стипендиялар берилишни бошлади.

Айтганча, ўтган йили шу канал сабаб, Ўзбекистондаги катта бир компаниядан алоқага чиқишди. Ҳамкорлик таклиф қилишди ва Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Тошкент давлат техника университети ётоқхоналарига жами 40 та кир юқиш машинаси бепул тақдим этилди. Уларга шу фикрни бердим. Бу таклиф эса уларга ёқди. 3 кун ичида 40 та машинани бепул етказиб беришди.

Олий таълим тизимида нима ўзгаришини хоҳлардим? — Эгамназар Абулбоқиев
Олий таълим тизимида биринчи навбатда талабаларга ҳам инсон сифатида қарашларини хоҳлаган бўлар эдим. Чунки кўп кузатаман: талаба деканатга ёки ректоратга ҳаттоки, ётоқхонасига борганда ҳам жуда совуқ муомала билан қарши олинади. Савол берса, тайинли жавоб ҳам ололмайди.

Кўплаб ўқитувчилар ҳам, замдеканлар ҳам талабаларнинг саволларига қунт билан жавоб бермайди, худди менсимайдигандек. Унинг устига Олий таълим муассасаларида очиқлик етишмайди, жуда кўп қарорлар яширилади ёки 1–2 кун қолганда эълон қилинади. Менимча, ахборот тизими яхши йўлга қўйилса, талабада ҳам абитуриентда ҳам ортиқча саволлар туғилмайди.

«Коррупция ва кадрлар муаммоси — асосий масала» — Р.М.
Олий таълим тизимида муаммолар кўп. Биринчи ўриндаги муаммо сифатида коррупция ва кадрлар масаласи, деб ҳисоблайман. Бундан ташқари, таълим сифати, қоғозбозлик, дафтарбозлик, зарур адабиётларнинг етишмаслиги, лабораторияларда керакли жиҳозлар ва реагентларнинг бўлмаслиги кабилар ҳам энг катта муаммолардан.

Ўзгартириш масаласида эса ҳеч иккиланмай эскича фикрлаб, эскича ишлайдиган, талабга жавоб бермайдиган, билимсиз, савиясиз, ўқитувчи, деган шарафли номга доғ тушириб юрган кадрларга компенсация бериб, ҳаммасини ишдан бўшатган бўлардим. Уларнинг жамиятга фойдасидан зарари кўп.

Талабалар энг кўп қайси масалада мурожаат қилади?
Талабалар энг кўп ўқишни кўчириш масаласида мурожаат қилишади. Улар «перевод» қилмоқчи бўлган ҳудуд ва йўналишлар қонунчиликка тўғри келмаётганини, лекин истисно тариқасида ижобий ҳал этиб беришларини сўраб, пост ёзишимни хоҳлашади. Лекин барибир ижобий ҳал бўлмаслигини билиб ёзмайман. Уни ҳал қилишнинг иложи йўқ, фақат қонунчиликка (ПҚ-5157) ўзгартириш киритиш билангина бу ҳал бўлиши мумкин, — дейди Эгамназар Абулбоқиев.

Мадина Очилова тайёрлади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият