Бугун кўп кузатилаётган мудҳиш ҳодисалардан бири – автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг портлаши бўлмоқда. Бунинг оқибатида кўплаб кишилар ҳаёти хавф остида қоляпти, кўплар вафот этмоқда. Kun.uz мазкур муаммони келтириб чиқарувчи омилларни ўрганди.
Автомобилларга ўрнатилган газ баллонлари қанча босимда дамланиши меъёрий ҳисобланади? Улар қанча муддатда кўрикдан ўтказилиши зарур?
Афсуски, буни кўпчилик ҳайдовчилар билмайди ёки билса-да, газ баллонни меъёридан ортиқ дамлатаверади. Натижада республиканинг турли ҳудудларида газ баллонлар портлаши юз бермоқда ва бу қурбонларга сабаб бўлмоқда. Хўш, бу муаммонинг олдини олиш учун нималар қилиш зарур?
Газ баллонни 200 босимдан ортиқ дамламаслик зарур
Газ баллон ишлаб чиқарувчи корхоналар ускунага 15 йил кафолат беришади. Аммо кўплаб газ баллонлар бир неча йилда яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда. Бунинг асосий сабаби – баллонга меъёридан ортиқ газ қуйиш билан боғлиқ. Баллон портлаши ҳам ушбу омил оқибатида содир бўлади.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ техника назорати бўлими бошлиғи Бахтиёр Гаппаровнинг айтишича, газ баллонларни йилига мингта циклдан дамлатиш керак. Шунда 15 йилга 15 минг цикл бўлади. Аммо ҳозирда аксарият ҳайдовчилар 1 йилда 1,5-2 мингтагача етказмоқда.
«Газ баллонлардаги портлашларнинг аксари юқори босимда дамлатилиши сабабли юзага келмоқда.
Газни неча босимда қуйиш керак деб сўрасангиз, ҳайдовчиларнинг кўпчилиги билмайди. Шунинг учун ҳайдовчиларга айтиб ўтаман, 200 босимдан ошиши керак эмас. Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари ходимлари ҳайдовчи қанча илтимос қилса-да, пул берса-да, газ босимини 200дан оширмаслигини сўраб қоламан.
Узоққа қатнайдиган йўловчилар, машинага ўтиришдан олдин машинага газ «заправка» қилинган бўлса, монометрига қараб олишни, агар 200дан юқори дамлатилган бўлса, у машинага чиқмасликни сўраб қоламан. Бу хавфли.
Айрим нопок усталар капрон баллонлар устини шилиб, чиройли бўяб, «янги пўлат баллон», деб одамларни алдаб, транспорт воситасига ўрнатиб беряпти. Бу ҳам портлашларга сабаб бўлмоқда. Вилоятларда асосан капрон баллонлар портлаяпти. Бу баллонлар ҳозирда давлат стандартларига жавоб бермайди ва истеъмолдан чиқарилган. Газ қуйиш шохобчаларида уларга газ тўлдириш қатъиян тақиқланади», деди подполковник.
Бугунги кунда автомобиллар учун мўлжалланган газ баллонлари Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ишлаб чиқарилади. Шунингдек, бундай маҳсулотлар Италия, Жанубий Корея, Россия ва Хитойдан импорт қилинади.
Кўп ҳайдовчилар газ баллон хорижники бўлса портламайди, деган фикрда. Аммо баллон портлаши унинг қаерда ишлаб чиқарилганида эмас, балки нотўғри фойдаланиш билан боғлиқ, демоқда мутахассислар. Чунки Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган газ баллонлар сифати ҳам чет элникидан қолишмайди. Ваҳоланки, ўзимизда чиққан газ баллонлар хорижга экспорт қилинмоқда. Ҳозирда газ баллон портлаши билан боғлиқ энг кўп ҳолатлар Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Самарқанд ва Жиззах вилоятида кузатилмоқда.
Нотўғри ўрнатилган газ баллон ҳам портлайди
Газ баллон портлашига яна бир сабаб – унинг автомобилга нотўғри ўрнатилишида. Агар мазкур хатога йўл қўйилса, табиийки ҳайдовчи ва машинадаги йўловчилар ҳаёти хавф остида қолади.
«Миллий металл саноат» МЧЖ лаборатория бошлиғи Қаҳрамон Сайдаҳмедовга кўра, бунда бир неча муҳим омилга эътибор қилиш лозим.
«Аввало, автомобилга газ баллонни лицензияси мавжуд шохобчаларда ўрнатиш зарур. Баллон ўрнатувчилардан капот ости «клапан»лари тавсия этилган ишлаб чиқарувчиларники бўлишини талаб қилиш керак. Масалан, 4-авлод капот ости жиҳозлари сифатли ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳат – газ баллони 20 мегапаскалдан кўп бўлмаган босимда дамлатилиши шарт. Акс ҳолда баллонларнинг хавфсиз ишлаш муддати кескин камаяди ва ускуна эрта яроқсиз ҳолга келади. Айтиш керакки, газ баллон портлашига фойдаланувчи бефарқлиги, яъни инсон омили асосий сабабчи бўлмоқда. Ҳеч ким ҳайдовчини газ баллонни меъёридан ортиқ босимда дамлашга мажбурламайди. Аммо кўпчилик ҳайдовчилар кўпроқ йўл босиш мақсадида ортиқча дамлатишади. Натижа эса портлаш билан тугайди», деди мутахассис.
Газ баллон ичини йилда бир тозалаб ювдириш керак
«КТБ автосозлаш» МЧЖ директори ўринбосари Қаҳрамон Тўхтаназаровнинг айтишича, кўп ҳайдовчилар автомобилидаги газ баллонларни доимий назоратдан ўтказмайди. Шу сабабли баллонлар яроқсиз ҳолга келиб қолмоқда.
«Ҳайдовчида ҳам айб бор-да, қўшиб пул тўлаймиз кўпроқ газ қуйиб беринг дейди. Газ баллон резина эмаски, кенгайиб кейин тораядиган, ёрилиб кетади. Портлашларнинг кўп қисми «заправка»ларда юз беради. Аниқроғи газ дамлаётган пайтда бўлади.
Газ баллонни ичига сув қуйиб ювган пайтимизда ичидан қуйқа мой чиқади. Ўша баллонни ичидан емиради. Йилда бир марта ювдириш керак. Ҳайдовчилар темир устига ўрнатган газ баллонга умуман қарамайди. Резинкалар қўйилмаган. Натижада баллонни темир «еб» қўйган. Унинг портлаш хавфи юқори бўлади», дейди у.
Мутахассислар айтганидек, автомобил газ баллонларини 200 босимдан ортиқ дамламаслик керак. Агар ундан юқори босим берилса, баллон кенгаяди ва ёрилиш хавфи пайдо бўлади.
Газ қуйиш шохобчаларидан чиқаётган бир неча ҳайдовчига газ баллонларини қанча босимда дамлатишларини сўраб микрофон тутдик. Айтиш керакки, чиндан ҳам кўпчилик меъёр қанчалигидан бехабар.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳар бир ҳайдовчи аввало ўз хавфсизлиги учун жавобгарлигини, қолаверса, жамоат жойида автомобилда ҳаракатланар экан, атрофдагилар хавфсизлиги учун ҳам масъуллигини унутмаслиги лозим. Газ баллон портлаши бир кишининг эмас, ўнлаб инсонлар ҳаётига хавф солиши мумкин. Шу боис, мутахассислар айтганидек, ускунани доимий кўрикдан ўтказиш ва меъёридан ортиқ дамламаслик зарур.
Исломбек Умаралиев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди