date

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолатлари фош этилди

Навоийда ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолатлари фош этилди

Навоий вилоятида ноқонуний равишда олтин қазиб олиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатларга чек қўйилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент бўлимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида бир неча жиноий схема фош этилди.

Жумладан, Томди туманида ўтказилган махсус операция давомида фуқаро О.И. ва бошқа шахслар “Бессопан” саноат ҳудудида таркибида 315,1 грамм олтин моддаси бўлган, умумий баҳоси қарийб 569,8 миллион сўмлик 5 200 кг маъданли тошларни ноқонуний равишда қазиб олаётган пайтда қўлга олинди. Мазкур ашёлар далил сифатида мусодара қилинди.

Шу билан бирга, Конимех туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Т.Т. ва Т.Ғ. “Караката” маҳалласи ҳудудида тил бириктирган ҳолда махсус ускуналар орқали олтин изловчилар услубида қум ва тошлардан қимматбаҳо металл ажратиб олаётгани аниқланди.

Хатирчи туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилди. Фуқаро У.Р. ўз хонадонида қум-тошлардан олтин ажратиш билан шуғуллангани фош этилди ва ундан таркибида олтин зарралари бўлган 160 кг қум-тош ашёвий далил сифатида олинди. Худди шундай, фуқаро С.Х. ҳам “Зарафшон” маҳалласидаги уйида шу каби ноқонуний фаолият юритиб келгани маълум бўлиб, ундан 300 кг олтин аралаш қум-тош мусодара қилинди.

Мутахассислар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланишнинг жиддий кўламини кўрсатади ва иқтисодий ҳамда экологик хавф туғдиради.

Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 196-2-моддаси, яъни фойдали қазилмаларни рухсатномасиз, олтин изловчилар усулида қазиб олиш бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Қонун устуворлиги таъминланаётган шароитда бундай ноқонуний фаолиятларга қарши кураш янада кучайтирилиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Навоийда ноқонуний олтин қазиб олиш ҳолатлари фош этилди