date

Покистонда қолиб кетган аёл элчихона ёрдами билан қайтди

Покистонда қолиб кетган аёл элчихона ёрдами билан қайтди

Фото: Дунё

Покистонда узоқ йиллар давомида мураккаб ҳаётий шароитда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароси С.Ж. ниҳоят юртига қайтарилди. Ушбу хайрли иш Ўзбекистоннинг Покистондаги дипломатик ваколатхонаси саъй-ҳаракатлари орқали амалга оширилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.

Маълум бўлишича, аёл шу йилнинг февраль ойида элчихонага мурожаат қилиб, Ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган. Ўрганишлар жараёнида у 2005 йилдан буён Покистон ҳудудида визасиз, яъни ноқонуний равишда яшаб келаётгани ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолгани аниқланган.

С.Ж.нинг тақдири эса анча драматик. У 2005 йилда Покистон фуқароси билан оила қуриш мақсадида ушбу давлатга борган. Бироқ шу йилнинг ўзида турмуш ўртоғи йўл-транспорт ҳодисасига учраб, ногирон бўлиб қолган. Шундан буён аёл йиллар давомида турмуш ўртоғини парваришлаб, унинг соғлиги билан шуғулланиб келган. Ҳозирда эса эркакнинг аҳволи нисбатан яхшиланган бўлса-да, ногиронлик асоратлари ҳали ҳам сақланиб қолган.

Текширувлар давомида аёлнинг молиявий имкониятлари жуда чеклангани, у фақат кундалик эҳтиёжларини қондириш даражасида даромадга эга экани маълум бўлган. Шу сабабли унинг мустақил равишда Ўзбекистонга қайтиши деярли имконсиз ҳолатга келиб қолган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан фуқаронинг шахси ва фуқаролиги тасдиқлангач, унга қайтиш учун махсус сертификат расмийлаштирилди. Шунингдек, Покистон Ички ишлар вазирлиги билан олиб борилган музокаралар натижасида аёлнинг 21 йил давомида визасиз яшагани учун белгиланган 8 400 АҚШ доллари миқдоридаги жарима бекор қилинди ва унга мамлакатни тарк этишга расмий рухсат берилди.

Бундан ташқари, дипломатик миссия томонидан авиачипта масаласи ҳам ҳал қилиниб, С.Ж. 2 май куни Ўзбекистонга олиб келинди.

Ушбу воқеа хорижда қийин аҳволга тушиб қолган ватандошлар учун давлат томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдам ва эътиборнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Покистонда қолиб кетган аёл элчихона ёрдами билан қайтди