date

Ёлғон айбловлар фош бўлди, уч йигит қамоққа олинди

Ёлғон айбловлар фош бўлди, уч йигит қамоққа олинди

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Оҳангарон шаҳри билан боғлиқ шов-шувли хабар тарқалган эди. Унда бир гуруҳ ўсмирлар ППХ ходими 14 ёшли қизни дугонаси билан бирга тоғли ҳудудга олиб бориб, уларга ноўрин ҳаракатлар қилганини даъво қилиб чиқишган. Мазкур мурожаат кенг жамоатчилик эътиборини тортиб, тез орада муҳокамалар марказига айланганди.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти текширув ишлари бошланганини маълум қилган. Шунингдек, нашрларда тилга олинган ходим вақтинча лавозимидан четлаштирилгани билдирилган. Расмий изоҳда таъкидланишича, агар даъво қилинган ҳолатлар тасдиқланса, унга нисбатан қатъий қонуний чоралар, жумладан жиноий жавобгарлик қўлланиши мумкин.

Бироқ кейинчалик вазият кутилмаган бурилиш олди. 2 май куни Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати ушбу иш юзасидан янги маълумотларни тақдим этди. Унга кўра, ППХ ходимини айблаган 18 ёшли йигит ва унинг икки нафар тенгдоши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183, 194 ва 195-моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Суд қарорига мувофиқ, улар Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон шаҳар суди томонидан 7 сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Расмийларга кўра, суриштирув жараёнида йигит ўз қилмишларини тўлиқ тан олган.

Вилоят ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлагановнинг билдиришича, ҳолат иштирокчилари ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, шунингдек текширув натижалари мазкур айбловлар асоссиз эканини кўрсатган.

Айблов илгари сурилган йигит эса ўз мурожаатида хатосини тан олган. Унинг айтишича, у аввал тарқатган видеода ППХ ходимини ноўрин айблаган ва бу ҳаракат нотўғри бўлганини тушуниб етган.

Шу билан бирга, маълум бўлишича, у ИИБ биносига чақирилганда ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ҳудудда жанжал чиқарганликда ҳам айбланмоқда. Бундан ташқари, унга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини қасддан обрўсизлантириш, интернет орқали ёлғон маълумот тарқатиш ва гуруҳ бўлиб транспорт воситасига зарар етказиш ҳолатлари бўйича ҳам текширув ишлари давом этмоқда.

Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда тарқаладиган ҳар қандай маълумотни текширмасдан ишониш қанчалик хатарли эканини яна бир бор кўрсатди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса бундай ҳолатларга нисбатан қонуний чоралар кўришда қатъий позицияда эканини намоён қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ёлғон айбловлар фош бўлди, уч йигит қамоққа олинди