22:38 / 15.12.2022
2 562

Муяссар Бердиқулова ота-онаси, болалик йиллари, ҳаётидаги қийинчиликлари ҳақида гапирди

Муяссар Бердиқулова ота-онаси, болалик йиллари, ҳаётидаги қийинчиликлари ҳақида гапирди
Фото: Видеодан скриншот
Халқ ардоғидаги актриса Муяссар Бердиқулова «Севимли» телеканалининг «Ўзим» кўрсатувига берган интервьюсида ота-онаси, болалиги, ҳаётидаги қийинчиликлари ва дардларини ҳеч кимга айтмагани ҳақида сўзлаб берди.

«Мактабда аълочи бўлмаганман, ўғил болалар оладиган баҳода ўқиганман»

Болалигимда жуда ҳам шўх қизча бўлганман. Наманган вилояти Норин туманининг Халқобод деган кичкина шаҳарчасида туғилганман. Ўша ерда катта бўлганман, болалигим ўтган. Мактабда ўқиб юрган кезларим ҳам устозимиз Мақсудахон ая «Ерга урса кўкка сапчийдиган Бердиқулова қайси бирингиз», деб сўраган. Эсимда: мен деб турганман, озғин бўлганман, ҳақиқатан ҳам шунақа эдим.

Мактабда аълочи бўлмаганман, ўғил болалар оладиган баҳода ўқиганман. Феъл-атворим ҳам шунақа бўлган, битта умумий дафтар тутганман. Дафтарни у томонига бошқа фанни, бошқа томонига нариги фанни ёзар эдим. Алгебра, математикадан кирган ўқитувчимиз: «Бердиқулова, сен ҳеч қачон ўқишга кира олмайсан, иккичисан, шундай қолиб кетасан», дер эди. Мактабни битириб ўқишга киргандан кейин олдига бориб, «Устоз, мен ўқишга кирдим», десам ҳайрон бўлган. Кейин «Кўрдингми, мен сенга бекорга танбеҳ бермас эдим, чунки шу танбеҳларим билан сен ўзингга мақсад қилгансан, мен бари бир ўқишга кираман, кўрасиз, дегансан ичингда», — деган.

«Мен ҳеч қачон онамнинг қаттиқ уришганларини ёки қарғаганларини эслай олмайман»

Дадам жуда санъатга қизиққан инсон бўлган, онам ҳам қўшиқ хиргойи қилиб иш қилиб юрар эди. Кўп китоб ўқир эди, томни тепасига чиқсак, сандиқ бўларди. Сандиқ ичи тўла китоб бўлган, Мигел Де Мопассангача ўқир эди. Ҳамма китоблар бор эди, шу даражада китобни яхши кўрарди, лекин ўзлари санъатга яқин одам бўлмаган. Дадам ревизор бўлиб, онам туғуруқхонада ишлаган. Онам ҳам, отам оддий инсон бўлган. Мен ҳеч қачон онамнинг қаттиқ уришганларини ёки қарғаганларини эслай олмайман. Исмлари Дилбархон бўлган, исмларига мос инсон бўлган. Бирорта инсонни ғийбат қилганларини эслай олмайман, Халқобод шаҳарчасидаги инсонлар ҳам онамни жуда тоза, покиза бўлганини эслаб гапиради. Онамдан ўтган, ўзим ҳам озодаликка жуда инжиқман.

«Менинг кўп оилавий сирларимни раҳматли дадам билмай кетган»

Ҳеч қачон ота-онамдан пул олиб ўқимаганман. Институтда ҳам ўзим ўқиб, ўзим ҳаракат қилганман. Ота-онамга умуман оғирлигимни туширмаганман. Шахсий ҳаётимда ҳам қанақадир муаммолар бўлса билдирмаганман. Менинг кўп оилавий сирларимни раҳматли дадам билмай кетган. Уларга айтмаганман, мен шунақа аёлман. Бизни шунчалик қийналиб катта қилди, ота-онани ўзи ёшлигида умрини биз учун сарфлайди.

Яна мен уларга муаммоларимни айтиб баттар қийнашни хоҳламайман. Шахсий ҳаётимдан ҳеч қачон ота-онамга шикоят қилмаганман. Уйимда ейишга ҳеч нарса қолмаганида ҳам айтмаганман, биз турмуш ўртоғим билан Миллий театр орқасидаги ётоқхонада яшаганмиз. У пайтлари сўм купонлари бўлар эди. Қийин пайтлари ҳам мен турмуш ўртоғим билан қийналяпман, демаганман.

«Турмуш ўртоғим менга жуда кўп яхшилик қилган, у инсондан бир умр розиман»

Менга шароит яратиб берган инсон биринчи ўринда ота-онам, улардан кейин албатта ҳаракат қилиб, шароит яратиб берган инсон турмуш ўртоғим бўлади. Мен у инсонга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Турмуш ўртоғим менга жуда кўп яхшилик қилган, у инсондан бир умр розиман. Унақа инсон дунёда йўқ, мен ҳеч қачон улардан ёмонлик кўрмаганман. Ҳар доим мени қўллаб-қувватлаган, шароит яратиб берган. Шунинг учун мен меҳнат қилиб уларни яратиб берган шароитлари билан, устозларни ўғитлари билан шу даражага етиб келдим.

«Бўйим жуда паст бўлгани учун жуда катта вазн тўпладим»

Мен операцияни ҳам гўзаллик, ҳам соғлиқ учун қилдирдим. Бўйим жуда паст бўлгани учун жуда катта вазн тўпладим. Синглим, дугонам Шаҳноза Отабоева орқали мен ҳам операция қилдирдим. Мухлисларимга ёқяпман, шукр. Вазним жуда оғирлашиб кетган вақтда тобим ҳам бўлмади, юрагим оғриди, оёққа оғирлик тушаркан. Ҳамма нарса қилиб кўрдим, натижа олмадим. Шунинг учун операция қилдиришга мажбур бўлдим. Аҳволим яхши.

«Кечириб юборганман, бироқ кечирсам ҳам шу нарса эсимда турибди»

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони олган пайтимда театрдаги ҳамкасбларим, устозларим мени табриклади. Битта актриса эса келиб қулоғимга «Табриклайман, жим юрса ҳам берар экан-а?», деди. Шу гап ўйиб кетган, нима қилганинг учун бу унвонни олдинг, деган маънони беради. Жуда ҳам ёмон таъсир қилган, демак, шунча ҳаракатим у инсон учун ҳеч нарса эмас экан, деганман. Кечириб юборганман, бироқ кечирсам ҳам шу нарса эсимда турибди. Инсонни жеркиш, ёмон гапларни айтиш кўнглида қолар экан.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Муяссар Бердиқулова ота-онаси, болалик йиллари, ҳаётидаги қийинчиликлари ҳақида гапирди