12:55 / 20.06.2024
137

Кинорежиссёр: “Жадидларимизнинг мағрур ва ғолиб қиёфаларини чизишимиз керак”

Кинорежиссёр: “Жадидларимизнинг мағрур ва ғолиб қиёфаларини чизишимиз керак”
Тарихий жанрдаги “Исломхўжа”, “Илҳақ” ва “Ялангтўш Баҳодир” филмлари режиссёри ва сценарий муаллифи Жаҳонгир Аҳмедов ўзининг Facebook’даги саҳифасида жадидларни тасвирлашда уларни мағлуб қилиб кўрсатиш усулидан фойдаланмаслик кераклиги ҳақида ёзиб чиқди. Kun.uz киносценарийчининг фикрларини қуйида тўлиқ келтиради.

“Жадидларимизни тарғиб қиламиз деб аслида бунинг тескарисини қилаётганимизни англамаяпмиз. Қачон жадидлар масаласига тўхталсак, албатта, уларнинг мазлум, эзилган, абгор ва энг ачинарлиси, миллий қаҳрамонларимизнинг МАҒЛУБ қиёфалари акс этган расмларини тиркайверамиз. Мақолалар, постлар, маърузаларнинг ҳаммаси жадидларнинг қатағон қилинган даври, НКВД томонидан аёвсиз қийноқларга солингани, охир-оқибат отиб юборилгани тўғрисида бўлади.

Жадидлар ҳақида ишланган филмларнинг аксарияти оғзи-бурни қонга бўялган миллат ойдинлари, қовоғи уюлган, ҳар гапида стол муштлайдиган НКВД ходимлари билан бошланади. Жадидларимизнинг фожиали тақдирлари бутун миллатимизни қайғуга солиши табиий. Лекин улар МАҒЛУБ эдиларми?! Йўқ! Аслида жадидлар ҒОЛИБ эдилар! Уларни жисман енга олишган, аммо ғоявий эмас. Агар ғоявий енга олганларида, ўлдирмаган бўлардилар. Бунга “ўлмай қолган”ларнинг ижодлари қандай гуллаб-яшнагани ҳам яққол мисол бўла олади.

Нима, Қодирий 1935 йилда туғилиб, 1938 йилда отилганми? Чўлпон 1937 йилда туғилиб, 1938 йилда отилганми? Усмон Носир-чи? Уларнинг ижоди гуллаб-яшнаган даврлар бўлмаганми? Болаликлари, ёшликлари бўлмаганми? Қодирий қандай Қодирий бўлди? У қайси булоқларнинг сувидан симириб улғайган? Уни нима учун қатағон қилишди? Нима учун бутун бошли тузум биргина ёзувчини енга олмади?

Султон Абдулҳамид аслида Усмонли султонлар ичидаги энг кўп таназзулга учрагани, Усмонлилар империяси инқирозини бошлаб бергани эмасми? Айнан у билан буюк салтанат поёнига етмадими? Энди эътибор билан бир қаранг-чи, турклар Абдулҳамидни қандай қиёфада кўряпти ва бошқаларга ҳам кўрсатяпти? Мағрур, виқорли, салобатли. У ҳақидаги филм ёки сериалларни томоша қиларкансиз, "Султон Абдулҳамид маънан ва ғоявий жиҳатдан енгилмаган буюк ҳукмдор бўлган!" деган хулосани оласиз. Нафақат хулоса оласиз, балки бунга ишонасиз ҳам. Ишонтириласиз!

Жадидлар ҳақида сўз борганда, албатта, қатағон йилларини эсламай ўтишнинг имкони йўқ. Аммо ойдинларимизнинг ҳаёти фақат қатағондан иборат бўлмаган, қатағон улар умрининг сўнги, фожиали якуни холос. Улар миллат учун ёниб яшаган, мағрур ва енгилмас бўлганлар. Биз ўз китобларимиз, мақолаларимиз ҳамда филмларимизда жадидларнинг ана шундай қиёфаларини чизишимиз керак. Мағрур ва ғолиб”, – деб ёзган Аҳмедов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Кинорежиссёр: “Жадидларимизнинг мағрур ва ғолиб қиёфаларини чизишимиз керак”