
Netflix ва Sony компаниялари "К-Поп ва демон овчилари" анимацион фильмининг иккинчи қисмини ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолашди. Bloomberg хабарига кўра, фильм 2029 йилда томошабинларга тақдим этилади.
Давомий фильмнинг режиссёрлари яна Крис Аппелҳанс ва Мегги Кан бўлади. Тўрт йиллик танаффуснинг сабаби анимацион лойиҳалар устида узоқ вақт давомида ишлаш заруратидир.
"К-Поп ва демон овчилари" фильмининг биринчи қисми 20 июн куни намойиш этилган ва дарҳол халқаро хитга айланган эди. Netflix платформасида 325 миллиондан ортиқ кўриш билан, бу фильм стриминг хизматидаги энг машҳур релизга айланди.
Фильмнинг саундтреки ҳам катта муваффақиятга эришди: альбом Billboard 200 чартида биринчи ўринни эгаллади ва айрим қўшиқлар Billboard Hot 100 рўйхатига кирди. Ҳозирча давомий фильм кенг кўламли кинотеатрларда намойиш этиладими ёки йўқ, номаълум.
Биринчи қисм АҚШда чекланган миқдорда намойиш этилган ва тахминан 25 миллион доллар даромад келтирган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.