
МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити доирасида Россия президенти Владимир Путин Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон билан алоҳида учрашув ўтказди. Учрашув аввалида Путин Москва яқинидаги мактабда содир этилган фожиа — 10 ёшли Қобилжон Алиевнинг ҳалок бўлиши муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Россия раҳбари мазкур ҳодисани инсонни ларзага солувчи, мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган жиноят сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, болаларга қарши содир этилган ҳар қандай зўравонлик жамият учун ўта хавфли бўлиб, айниқса, теракт ёки қасддан қилинган ҳужум шаклида бўлса, бу ҳолат умуман ақлга сиғмайди.
«Икки томонлама учрашувимизни сизга ва бир неча кун олдин ҳалок бўлган тожикистонлик боланинг яқинларига самимий ҳамдардлик сўзлари билан бошламоқчиман. Болаларга нисбатан бундай жиноят содир этилиши — жирканч ва кечирилмас ҳолат. Тергов тўлиқ олиб борилади ва айбдорлар қонун олдида жавоб беради», — дея Путиннинг сўзларини келтиради Кремл матбуот хизмати.
Россия президенти ушбу воқеа шахсан ўзига ҳам қаттиқ таъсир қилганини таъкидлаб, ҳалок бўлган боланинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлигини айтиб Имомали Раҳмондан уни етказиб қўйишни сўради. Унинг айтишича, болаларга қарши қилинган зўравонлик жиноятлари ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийлик чегарасидан чиқиб кетади.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни Москва вилояти Одинцово туманига қарашли Горки-2 посёлкасидаги мактабда даҳшатли ҳодиса рўй берган эди. Тўққизинчи синф ўқувчиси Тимофей К. пичоқ билан таълим муассасасига кириб, ўқувчиларга ҳужум уюштирган. Ҳодиса оқибатида мактаб қўриқчиси жароҳат олган, 10 ёшли Қобилжон Алиев эса ҳалок бўлган.
Тергов материалларига кўра, гумонланувчи ҳужум вақтида ўқувчилардан уларнинг миллати ҳақида сўраган, шунингдек, унинг кийимида оммавий қотилликларга ишора қилувчи ёзувлар бўлган. Ҳозирда у қотиллик ва суиқасд моддалари бўйича айбланиб, суд қарори билан икки ой муддатга қамоққа олинган.
Мазкур фожиа жамиятда катта резонанс уйғотиб, болалар хавфсизлиги масаласини янада жиддий кун тартибига чиқарди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.