06:27 / 11.01.2019
35 708

Феруза Жуманиёзова: «Турмуш ўртоғим билан ҳар бир куним асал ойидек ўтяпти!»

Феруза Жуманиёзова: «Турмуш ўртоғим билан ҳар бир куним асал ойидек ўтяпти!»
Бир пайтлар ўзининг дилтортар қўшиқлари билан санъат оламида юлдуз каби порлаган қўшиқчи Феруза Жуманиёзованинг бугунги камнамолиги кўпчиликда ҳам қизиқиш, ҳам ҳайрат уйғотяпти. Биз бунинг сабабини билиш мақсадида хонандани суҳбатга чорладик.

— Санъатга қайтганингизга анча бўлса-да, ҳалиям хит қўшиқлар яратмадингиз, бунинг сабаби нимада?
— Менимча бундай эмас. Масалан, «Вой-вой лазги» қўшиғим хит даражасига кўтарилди, деб ўйлайман. Чунки концерт ва тўйларга борганимизда одамлар шу қўшиқни қайта-қайта сўрашяпти.

Охирги яратган шу қўшиғим халққа жуда манзур бўлди. Аслида, бунинг сабабини ҳам Худодан деб биламан. Чунки Аллоҳ истагани учун санъат соҳасида юрибмиз ва озми-кўпми яратган қўшиқларимиз мухлисларга маъқул келяпти.

— Унда нега телевидение ва радиоларда янги қўшиқларингиз айланмаяпти?
— Бунинг сабабларидан бири лицензиямиз бекор бўлган эди. Бундай пайтда санъаткорларнинг телевидение ва радиода клиплари айланиши мумкин эмас. Шукрки, лицензиямизни қайтадан олдик. Мана энди янги клипларимизни телевидение ва радиода айлантиряпмиз ҳамда мухлисларимизнинг яна кўнглига йўл топяпмиз.

— Машҳур пайтларингиздаги қарашларингиз билан ҳозиргиси ўртасида қандай фарқ бор? Нималар ўзгарди ёки нималардан ҳафсалангиз пир бўлди?
— У пайтлар жуда ёш эдим. Ҳаётнинг паст-баландини ва одамларнинг қандайлигини яхши билмасдим. Ҳозир озми-кўпми биламан, деб ўйлайман. Шу ўтган вақт оралиғида жуда кўп нарсалар ўзгарди. Олдинги қарашлар билан ҳозиргиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, десам ҳам бўлади.

Ҳафсалам пир бўлган томонлари, доимо ёнимда юрган ва ўзини менга дўст қилиб кўрсатган баъзи бир инсонларнинг хиёнати ҳамда иккиюзламачилигидир.

— Ҳеч ички оламингиз билан суҳбат қилганмисиз?
— Албатта, ҳар бир инсоннинг ўз ички олами бор ва у маълум лаҳзаларда ана шу олам билан ўз-ўзини имтиҳон қилиб туради. Бу ҳолат, менимча, ижод аҳли учун табиий ҳол бўлса керак. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, менинг битта камчилигим бор. У ҳам бўлса, ўта ишонувчанман. Бу характеримдан жуда кўп панд есам-да, барибир, одамларга ишонавераман. Ҳаммани ўзимдек, деб биламан ва қачондир алдаши ёки хиёнат қилиши мумкинлигини ҳатто тасаввуримга сиғдиролмайман.

Яқинларим ва дўстларим «Одамларга ишонма», дея кўп бор таъкидлашади, аммо фойдаси йўқ. Кўпчиликнинг ана шу ишонувчанлигимдан фойдаланишга ҳаракат қилишидан хафа бўламан гоҳида.

— Феруза Жуманиёзова олдинги машҳурлигига қайтиши учун нималар қилиши керак, деб ўйлайсиз?
— Олдинги машҳурликка қайтиш… (ўйланиб) Биласизми, у мен учун босиб ўтилган йўл. Энди ижодимда янги босқичга кўтарилишим керак, яъни олдингидан ҳам баландроқ ўринларга чиқиш пайти келди.

Албатта, олдинги машҳурликнинг ҳам тотли жиҳатлари кўп эди. Аммо ўша ҳолатга қайтаман, деб уриниш бу худди битта қўшиғи билан танилган санъаткорнинг орадан ўн йил ўтса-да, ўзини эслатиш учун давраларда такрор ва такрор шу қўшиқни куйлашига ўхшайди. Ахир ижодда янгиланиш, юксалиш ва улғайиш бўлиши керак.

Ҳозирги мақсадим, энди жаҳон миқёсидаги қўшиқлар яратиш. Ҳар бир санъаткор ўзбек шоу-бизнесида ном қозонгач, жаҳонга чиқишга интилиши керак, деб ўйлайман. Айни кунларда фақат ўзбекча эмас, балки бошқа тилларда ҳам қўшиқлар яратяпман.

— Кўпгина аёл санъаткорлар «Оилам учун санъатдан воз кечишга тайёрман», деган гапни айтишади. Сизнингча, санъат гаровга қўйиладиган нарсами? Умуман санъатдан воз кечиш санъаткорнинг ўзига нечоғлик боғлиқ?
— Албатта, оила муқаддас. Хоҳ санъаткор, хоҳ бошқа касб эгаси бўлсин, инсон учун оила биринчи ўринда туради. Аммо агар, инсоннинг санъатга бўлган меҳри ва иштиёқи она қорниданоқ бошланган бўлса, уни ҳеч нарса тўхтатиб қололмайди. Чунки санъат унинг қон томирларида, юрагининг туб-тубида яшайди. Аниқроғи, у санъат билан яхлит ҳолатда бўлади. Бундай бир бутунликни бир-биридан ажратиш мумкинми? Ёки одам ўз-ўзидан воз кечиши мумкинми?

— Оилангиз ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Фарзандларингиз нечта бўлди? Турмуш ўртоғингиз айни пайтда сизни қўллаб-қувватлаяптими?
— Ҳаётингга бир умр йўлдош бўладиган инсоннинг сени тушуниши нақадар катта бахт. Менинг бу борада омадим чопган, дея баралла айта оламан. Турмуш ўртоғим билан яшаган ҳар бир куним худди асал ойидек ўтяпти, десам ҳам бўлади. Оилам бу менинг энг осуда қўрғоним. Битта ўғлим бор, исми Абдуллоҳ. Бу йил мактабга чиқади.

— Биламизки, сизнинг санъаткор бўлишингизда онангиз катта жонбозлик кўрсатган. Ҳозир ҳам у киши сизни руҳлантириб турадиларми?
— Албатта, онам менинг илҳом манбаим, десам хато бўлмайди. У кишидаги қувват, иштиёқ ва санъатга бўлган меҳр менга ўхшаган санъаткорларнинг ўнтасига етиб-ортса керак. Онамнинг далдалари туфайли шу кунларга эришдим ва ҳамон ҳаракатдаман.

— Шогирдларингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз…
— Ўзимни ҳали шогирдман, деб ҳисоблайман. Аммо энди санъатга кириб келаётган ёшлар олдимга маслаҳат сўраб келишса, уларга ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда йўл-йўриқ кўрсатишга ҳаракат қиламан.

— Сир бўлмаса концерт беришни қачонга режалаштиргансиз?
— Агар мана шу кунларда яратаётган қўшиқларимиз халққа манзур бўлса албатта, концерт берамиз. Бу фақат режагина эмас, аксинча, шу кунларда концертнинг аниқ лойиҳаси ҳам яратиляпти.

— Ҳозир жонли ижрога бўлган талаб кундан-кунга ортиб боряпти. Сизнингча, бу санъатда сараланишни бошлаб бера оладими?
— Жонли ижрога бўлган талабнинг кучаяётганлигидан жудаям хурсандман. Албатта, бу санъатда сараланишни бошлаб беради. Ўзим ҳам концерт ва тўйларда кўпроқ жонли куйлайман.

— Жонли ижрода қанча вақт куйлай оламан, деб ўйлайсиз?
— Аллоҳ қодир қилгунча. Ҳозир эътибор берган бўлсангиз Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов, Султонпошша Ўдаевалар доим жонли ижрода куйлашади. Раҳматли Олмахон Ҳайитова ҳам то умрларининг охиригача жонли ижрода куйлади. Уларнинг овозига овоз қўшилса қўшилдики, асло кам бўлгани йўқ. Мана шу санъаткорларнинг ижодини кузатиб, овоздаги шира, жозиба жонли айтган сари сайқалланиб боришига гувоҳ бўлдим. Худо хоҳласа, мен ҳам шу санъаткорлар сингари жонли ижро йўлини тутаман, албатта.

— Озарбайжонча қўшиқларни жуда маромига етказиб айтгансиз. Шу кунгача нечта тилда қўшиқ куйлагансиз?
— Тўққизта тилда қўшиқ куйлаганман. Ўзбек, туркман, озарбайжон, эрон, тожик, уйғур, афғон, ҳинд ва турк тилларида.

— Ижтимоий тармоқлар орқали санъаткорлар гастроль уюштиришяпти. Сиз қачон вилоятлар бўйлаб гастролга чиқасиз?
— Ҳозирча гала концертларда иштирок этиб келяпмиз. Гастроль Худо хоҳласа, «Халқлар дўстлиги» санъат саройида бўлиб ўтадиган концертимиздан сўнг бошланади, албатта.

— Танқидни кўтара оласизми?
— Агар танқид тўғри ва унинг замирида ҳеч қандай шахсий ғараз бўлмаса, кўтара оламан. Кейин бу танқид ким томонидан бўлаётганлигига ҳам боғлиқ. Шу соҳа мутахассиси бўлса, унинг гапларини инобатга оламан. Агар шунчаки қандайдир фикр билдириш учун айтилган гап бўлса, аҳамият бермайман.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Феруза Жуманиёзова: «Турмуш ўртоғим билан ҳар бир куним асал ойидек ўтяпти!»