22:00 / 24.06.2019
6 764

Зиё кўринишида кириб келаётган хавфдан хабарингиз борми?

Зиё кўринишида кириб келаётган хавфдан хабарингиз борми?
Қизига уйланмоқчи бўлган ота ҳақида нима дейсиз? Ёхуд фирибгарлик, алдов, кўзбўямачилик билан бахт-саодатга эришиш хусусида-чи? Бошқаларни хонавайрон қилиб, уриштириб, фитна чиқариш инсон учун ҳузур-ҳаловат манбаига айланиши мумкинми?

Худди шундай ғоялар ими-жимида қоғозга ўраб, болажонлар онг-тафаккурига киритиш учун эртак китоблари шаклида тақдим этилишига нима дейсиз? Бу каби эртакларнинг ғоявий, тарбиявий жиҳатларига қанчалик эътибор қаратилади?

Афсуски, бу масалага наш­риётлардаги эътибор жиддий дея олмаймиз. Айниқса, ўзбек халқ эртакларида бу муаммо яққол кўриниб туради. «Болажонлар учун» рукни остида нашр қилинаётган эртакларнинг аксариятида менталитетимизга мос келмайдиган эпизодлар, сюжетлар, қаҳрамонлар, диологлар ва бошқа салбий жиҳатларни кўриб беихтиёр ёқа ушлайсиз. Мақсад болалар тарбиясими ёки болалар баҳона бизнес қилишми?

Тузувчилар эртаклар сонини кўпайтиришни ўйлаб, у ёқ-бу ёғини ўзгартириб, янги «эртак» яратиш ҳоллари тез-тез учраб турибди. Бу эса эртакларнинг зерикарли, сийқаси чиққан, болалар тарбиясига тўғри келмайдиган эпизодларга тўлиб кетишига олиб келмоқда.
Бошқа соҳаларда фақат даромадни ўйлаш қанчалик муҳим, билмадиг-у, аммо эртак китоб­ларни фақатгина даромад манбаига айлантириш мамлакат ва халқнинг келажагига урилган болта, десак янглишмаган бўламиз. Бу борада кўп нарса нашриётларга боғлиқ. У ерда ишлаётган муҳаррирлар ҳар қандай китобни нашр учун қабул қилавермаслиги лозим. Афсуски, бу муаммо, деярли, барча нашриётларда мавжуд.

Қаёққа қараяпсиз, ўртоқ муҳаррир?
Эртак китоблари учун ҳам синчков мутахассиснинг холис баҳоси – тақризи ўта муҳим ҳисобланади. Улар эртакларнинг миллий, ғоявий, тарбиявий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратишлари шарт.
Мисол сифатида «O‘bekiston milliy ensiklopediyasi» Давлат илмий нашриётига (кейинги ўринларда «ЎзМЭ ДИН» деб юритилади) 2018 йилда келган бир нечта эртак китобларни миллий, ғоявий, тарбиявий жиҳатдан таҳлил қилиб кўрамиз.

«ЎзМЭ ДИН»га 2018 йилда мурожаат қилган «Канизак қиз», «Ақлли қиз», «Сусамбил», «Қуёш ерининг паҳлавони», «Бўри билан мерган», «Қирқ ёлғон», «Олмос ботир», «Дунё­­да йўқ ҳунар», «Олтин балиқ» сарлавҳали китобларнинг тўпловчилари бўлмиш Зилола Асқаралиева ҳамда Маҳбуба Ҳамдамованинг мазкур китоб­лари нашриёт жамоаси томонидан қайта ишланиб, нашрга тайёрланмоқда. Бу тўпламларга кирган кўплаб эртаклар нашрга яроқсиз деб топилди ва тузувчи билан келишган ҳолда китобдан чиқариб ташлашга қарор қилинди. Келинг, мазкур китобларга кирган эртаклар мисолида мавзуни бироз таҳлил қилишга уриниб кўрайлик.

«Дунёда йўқ ҳунар» китобидаги «Опа-ука» эртагида чол-кампир болалари кўплиги учун уларга овқат етказолмай сарсон яшашади. Бир куни ишдан кечикиб келган чол болалари овқатни бир томчи ҳам қолдирмай ичиб қўйганини кўриб, жаҳли чиққанидан уларни бир тоққа олиб бориб адаштириб келади...

Энди бир неча боласини шафқатсизларча адаштириб келаётган ўзбек отасини тасаввур қилинг. Уларни тириклай ўлимга ҳукм этишга рози бўлиб уйида бемалол ўтирган онаизорни ҳам бир кўз олдингизга келтиринг. Шу нарса халқимиз характерига тўғри келадими? (Тўғри, ҳаётда ўз фарзандини сотиб ёки ўлдириб юбораётганлар ҳам учраши мумкин. Лекин буларни болалар учун эртак тарзида эълон қилиниши қанчалик тўғри бўлади?) Вақтида бир майизни бўлишиб еган, қийинчиликларга, очарчиликларга сабр қилган аждодларимизнинг тутуми шунақами? Шуни тузувчи ҳис қилмаганми?

Бундай эпизодлар ҳаёт ҳақиқатига, ўзбек менталитетига, характерига зид бўлиши билан бирга, болалар орасида тарғиб қилинадиган ҳолатлар эмас. Уларнинг ҳеч қандай тарбиявий аҳамияти йўқ, аксинча, болаларнинг онгига салбий таъсир қилиши очиқ-ойдин кўриниб турибди. Бу эртакни ўқиган болажоннинг хаёлига нималар келмайди дейсиз? Ҳали энди-энди эсини таниётган болакайларимиз: «Ҳа, демак, мениям ота-онам ташлаб келиши мумкин экан-да», деган хавотир билан яшамаслигига ким кафолат бера олади?

Қизига ошиқ ота
Бола – мисоли оқ қоғоз, унга яхши сўз ёзилса, яхши, ёмон сўз битилса, аксинча бўлади. Ўзбек халқ эртаклари рукни остида бундай тўқималарнинг берилиши ўзини ҳурмат қилган ҳар бир муҳаррир, нашриёт ходими, қолаверса, ота-онани бефарқ қолдирмаслиги зарур.
Китобни нашрга тайёрлаш жараёнида мазкур эртак китобдан олиб ташланди. Лекин баъзи ҳолларда сон кетидан қувиш, болаларни эмас, кўпроқ гонорарни ўйлаш, ўз ишига масъулиятсизлик билан қараш бундай эртак­лар савдо расталаридан ўрин олишига сабаб бўляпти.
«Канизак ва подшо» китобидаги «Зулм ва қасос» эртагида эса ўз қизига уйланмоқчи бўлган подшо ва кейинчалик отасидан қасос олган қиз ҳақида гап боради.

Қиз уйдан қочиб кетади ва юриб-юриб бир мамлакатга бориб қолади. Бахтига, ўша мамлакат шаҳзодасининг унга ишқи тушади. Улар турмуш қуришади. Замоннинг зайли билан подшо бор-будидан айрилиб, қаландар гадо ҳолига тушиб, ўз қизи малика бўлган юртда сарсон-саргардонликка маҳкум бўлади...

Бу эртакнинг сюжети рус халқ эртакларидан шундайгина кўчириб олинган. Энди ўйлаб кўрайлик: қайси ўзбек отаси бундай жирканч иш ҳақида ҳатто ўйлаб кўра олади?! Бу каби эпизодларнинг ўзбек халқ эртаклари рукни остида берилиши, шубҳасиз, бизнинг менталитетимизга, болаларимиз онгига билиб-билмай қилинган ҳужум эмасми?
«Канизак ва подшо» китобининг яна бир эртаги – «Аҳмоқ жўралар» ҳам болаларга ҳеч қайси тарафлама сабоқ бўла олмайди, қайтага уларнинг хулқига салбий таъсир кўрсатади, ёлғонни, фириб беришни, найрангбозликни ўргатади.

Эртаклар бераётган «таълим»
Эртаклар замирида яхшилик, бағрикенглик, хокисорлик каби юксак ғоялар ётиши керак. Бошқача айтганда, эртаклар ўқувчини яхшиликка етаклаши шарт. Айниқса, ўзбек халқ эртаклари миллийлигимиздан, қадриятларимиздан, анъаналаримиздан, бой тарихимиздан ва муқаддас динимиз таълимотларидан озиқа олган ҳолда яратилиши лозим.

«Аҳмоқ жўралар» эртагидаги қирқ калдан бири ўртоқларининг ўзига кал деб лақаб қўйиб олганига аччиқ қилиб, кўп найранг­лар қилади. Эртакда унинг хунрезликлари батафсил баён қилинган. У ўртоқларига аччиқ қилиб, қанчадан-қанча ёлғон-яшиқ ишлатиб, одамларга фириб бериб бойлик тўплайди. Тўплаган бойлиги билан ўртоқларига роса мақтанади, ўртоқлари уни кўролмай ҳасад қилишади. Ҳатто ўлдирмоқчи бўлишади. Лекин охир-оқибат ҳасадгўй кал ўртоқларининг бошига етади. Яъни қолган ўттиз тўққиз кални ҳам сувга чўктириб ўлдиради...

Мазкур эртакка қуйидаги таърифларни бериш мумкин:
– эртакда ҳеч қандай тарбиявий ғоя мавжуд эмас, болаларни алдоқчилик, фирибгарлик, кўр-кўрона қасоскорлик, бераҳмликка ўргатади;
– услуби ҳам ўта ғализ, оғир ўқилади;
– эртакда тушунарсиз сўзлар талайгина. Масалан, «дангона қилмоқ», «тиркиш» кабилар;
– эртак турли тўқималар, уйдирмалар, асосида ёзилган бўлиб, ҳеч қандай дидактик асосга, ғояга эга эмас.

Болаларга иғвогарлик, чақимчилик, ҳасадгўйлик, хусуматлашишдан «таълим берадиган» эртаклардан бири «Олтин балиқ» китобига киритил­ган «Чивинбой»дир. Унда бир иғвогар чивин, эчкидан жаҳли чиққани учун, ўч оламан деб, ўнлаб ҳайвонларнинг орасига адоват уруғини сепиб, уларни бир-бирига душман қилиб қўяди. Хуллас, эчкини бўрига едирмоқчи бўлиб, бўрига арз қилади, бўри айтганини қилмагач, ундан ҳам ўч олмоқчи бўлиб, мерганга бориб, бўри овлашни таклиф қилиб, уни роса ёмонлайди. Мерган ҳам унинг иғвосига учмай ҳайдаб юборади. Чивинбой адоватларининг занжирини давом эттириб, овчидан сичқонга, сичқондан мушукка, мушукдан кучукка, кучукдан болаларга, болалардан момога, момодан шамолга шикоят қилади. Шамолдан бошқа ҳеч ким унинг макрига учмайди.

Тузувчи мазкур эртакнинг охирини чиройли якунласа бўларди. Яъни, чивинбойнинг барча қилган ёмонликлари ҳалқаси айланиб келиб ўзига тегса ва бундан ибратланиб, қилган ишидан пушаймон бўлса, эртакдан тарбиявий хулоса ясалса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Ғояси бузуқ эртаклар мазкур уч китоб – «Дунёда йўқ ҳунар», «Канизак ва подшо», «Олтин балиқ»нинг ўзида уч-тўртталаб учрайди. Уларнинг ҳар биридан юқорида мисол келтирганларимизга ўхшаган эртаклар чиқариб ташланди ва китоблар ихчамлаш­тирилди.

Таҳрир – маънавият божхонаси
Қайси нашриёт эртак китоблар босиб чиқараётган бўлса, уларнинг бир қанчасида юқоридаги камчиликлар учрайди. Бунинг илдизи эса, асосан, даромад учун, шошилиб, бепарво ишлаш, кўчирмачилик, кўр-кўрона тақлид, малакали ходимларнинг етишмаслигига бориб тақалади.
Эртакларнинг охирида болажонларга воқеалар мағзини чақишга ёрдам берадиган хулосавий изоҳлар – «қиссадан ҳисса»лар киритилса, янаям яхши бўларди. Асл ўзбек халқ эртакларида бу қисмлар мавжуд бўлиб, эртакда мисоли эпилог вазифасини бажаради. «Қиссадан ҳисса»ларнинг киритилиши учун эса эртакларнинг ғояси мукаммал бўлиши, эртак қисмлари эса шу ғоя атрофида бирлаштирилиши лозим.

Эндиликда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ҳам болалар адабиётига оид нашрларда, жумладан эртакларда, албатта, тақриз бўлиши шартлиги масаласи кун тартибига қўйилмоқда. Агентлик тасарруфидаги барча нашриёт ходимларига бу масалага жиддий эътибор бериш вазифаси юклатилди. Бу эса давлат томонидан болалар ва уларнинг тарбиясига берилаётган эътиборнинг амалдаги ифодасидир. Шундан келиб чиқиб, болалар адабиёти билан боғлиқ барча нашриётлар тақриз масаласига катта эътибор қаратиши зарур. Бунинг учун эса муаллифлар ва муҳаррирлар илм аҳли билан ҳамкорликда иш юритиши лозим. Илм-фан арбоб­лари, таниқли ёзувчи-шоирлардан тақриз олиш биринчи ўринга чиқиши лозим.

Эртак китобларни чоп этиш – ўта масъулиятли, мураккаб, эътибор талаб қиладиган, айни пайтда хайрли иш. Чунки эртак китоблар болажонларимиз онгу шуурига катта таъсир кўрсатади. Бу таъсирнинг ижобий ёки салбий бўлиши эса муаллиф, муҳаррир, олимлар ва зиёлиларга боғлиқ.
Ойбек ҲАЙДАРОВ

Манба: Od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Зиё кўринишида кириб келаётган хавфдан хабарингиз борми?