Машҳур қўшиқчи ва актриса Женнифер Лопез Бродвей саҳнасида дебют қилиш ниятида эканини очиқ айтди. У Entertainment Weekly нашрига берган интервьюсида, узоқ йиллардан бери театр саҳнасида ўйнашни орзу қилганини, бироқ аввал бандлиги сабаб бу истагини амалга ошира олмаганини маълум қилди.
Лопезнинг сўзларига кўра, “Ўргимчак аёл бўсаси” номли янги фильмда суратга тушиш жараёни уни саҳна ҳаётига яна қайтишга илҳомлантирган. Режиссёр Bill Condon тасвирга олган ушбу фильмда у Голливуд юлдузи Ingrid Luna ролини ижро этди ва бир нечта мусиқий чиқишларни ҳам амалга оширди. “Бу лойиҳа менга эски маҳоратимни эслаб, уни яна ривожлантириш имконини берди”, — деди Женнифер.
Санъаткор ўзининг болалик йиллари ҳақида сўзлаб, шундай дейди: “Ёшлигимда жазз, балет ва Бродвей рақс услубларини ўрганганман. Кейинчалик ҳип-ҳоп ва кўча рақсларини ҳам ўзлаштирдим. Мусиқий фаолиятимни бошлаганимда, асосан шу йўналишга эътибор қаратдим, шу боис одамлар мени кўпроқ шу тарзда танишган”.
Шунга қарамай, Лопез энди Бродвей саҳнасига қайтиш фикрида қатъий эканини билдирди: “Бироз секинлашиб, бир нарсага тўлиқ эътибор қаратиш яхши бўларди. Аммо бу, албатта, катта қарор”, — дея қўшимча қилди у.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!