Урушдан кейин Ғазо секторида бошқарув тизими бутунлай янгиланмоқда. Times of Israel хабар беришича, Миср ташқи ишлар вазири Бадр Абдулъаттий маълум қилганидек, минтақа маъмуриятини энди 15 нафар фаластинлик технократлардан иборат махсус гуруҳ юритади. Унинг сўзларига кўра, номзодлар аллақачон танлаб олинган ва Исроил томонидан текширувдан ўтган.
Вазир таъкидлаганидек, “маъмурий қўмита” деб аталган ушбу гуруҳ Ғазо аҳолисининг кундалик ҳаётини барқарорлаштириш, инфратузилмани тиклаш ва фуқаролик тизимини қайта йўлга қўйиш билан шуғулланади. “Биз уларни аҳоли турмушини таъминлашга йўналтирамиз, «Тинчлик кенгаши» эса Ғазони тиклаш учун ажратиладиган халқаро маблағларни назорат қилади ва бошқариб боради,” — деди Абдулъаттий Associated Press агентлигига.
Маълумотларга кўра, янги қўмита фаластинлик барча сиёсий фракциялар, жумладан, ҲАМАС томонидан ҳам маъқулланган. Миср томонининг таъкидлашича, бу келишув “ўтиш даври”да сиёсий зиддиятларни юмшатиш ва аҳоли ҳаётини барқарорлаштиришга хизмат қилади.
Абдулъаттий шунингдек, ҲАМАС Трампнинг “тинчлик режаси”ни қўллаб-қувватлаётганини, бироқ ўтиш жараёнида сиёсий рол ўйнамаслигини билдирди. Исроил эса тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва гуманитар ёрдам оқимини кафолатлаш асосида Ғазодан қўшинларни чиқаришни бошлаши лозим.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Доналд Трамп аввалроқ Ғазо секторини тиклаш учун “Тинчлик кенгаши” тузиш ташаббусини илгари сурган эди. Унинг режасига кўра, кенгашга шахсан Трампнинг ўзи раҳбарлик қилади ва у тикланиш жараёнларини молиявий ҳамда ташкилий жиҳатдан мувофиқлаштиради.
10 октябр куни Исроил ҳукумати ҲАМАС билан отишувни тўхтатиш ва гаровда бўлганларни озод этиш тўғрисидаги келишувни тасдиқлади. Бу Трамп маъмурияти таклиф этган “тинчлик режаси”нинг илк босқичи бўлди. Эришилган келишувга кўра, Исроил армияси анклав ҳудудининг 53 фоизини назоратда сақлаган ҳолда янги позицияларга чекинади. 13 октябр куни гаровда бўлган охирги 20 нафар фаластинлик озод этилди.
Технократлар — сиёсатни эмас, амалиётни устун қўювчи мутахассислар бўлиб, уларнинг асосий вазифаси — сиёсий тортишувларсиз, билим ва тажриба асосида бошқарув самарадорлигини ошириш. Янги тузилма айнан шундай мутахассисларга суяниб, Ғазонинг тинч ва барқарор келажагини қуришга интилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!