date

Мадагаскарда ҳарбий тўнтариш: президент қочди, ҳокимият армия қўлида

Мадагаскарда ҳарбий тўнтариш: президент қочди, ҳокимият армия қўлида

Мадагаскарда уч ҳафтадан ортиқ давом этган оммавий норозилик намойишлари мамлакатда сиёсий тўнтариш билан якунланди. Президент Андри Радзуэлина мамлакатни тарк этди, ҳокимият эса армия қўлига ўтди.

14 октябрь куни CAPSAT элита ҳарбий бўлинмаси раҳбари, полковник Майкл Рандрианирина телевидение орқали чиқиш қилиб, “Биз ҳокимиятни қўлга олдик”, — деб эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар сенат, конституциявий суд ва сайлов комиссияси фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Шу билан бирга, парламентнинг қуйи палатаси — Миллий мажлис ҳозирча ўз ишини давом эттирмоқда. Энг қизиғи, ҳарбийлар баёнотидан бир неча дақиқа олдин депутатлар Радзуэлинни импичмент орқали лавозимидан озод этиш учун овоз берган эди. Аммо бу қарорнинг қонунийлиги шубҳа остида, чунки президент ўша пайтда парламентни тарқатиб юбориш ҳақида фармон чиқарганди.

Радзуэлиннинг ўзи мамлакатни душанба куни тарк этган. У ўз мурожаатида “ҳаёти хавф остида эканини” айтди ва “Мадагаскарнинг йўқ бўлишига йўл қўймаслигини” таъкидлади. Reuters агентлиги маълумотларига кўра, у Франция президенти Эммануэл Макроннинг розилиги билан француз ҳарбий самолётида мамлакатдан олиб чиқилган.

Франция — Мадагаскарнинг собиқ мустамлакаси бўлиб, 1960 йилда орол мустақилликка эришган. Макрон Мадагаскардаги воқеалар юзасидан изоҳ бериб, “Франция ёшларнинг норозилигини тушунади, аммо ҳарбийлар бу ҳолатдан сиёсий мақсадларда фойдаланмаслиги лозим,” — деди. Париж ҳозирча воқеаларга тўғридан-тўғри аралашиш ниятида эмаслигини билдирди.

Мадагаскарда норозилик намойишлари 25 сентябрда бошланган. Дастлаб одамлар узоқ вақт давом этган электр энергияси ва сув танқислигидан норози бўлган, аммо кейин талаблар сиёсий тус олиб, ҳукумат ва президентнинг истеъфосини талаб қилишга айланди.

Президент аввалроқ ҳукуматни истеъфога чиқарган ва намойишчилар билан мулоқотга тайёрлигини айтганди. Шунингдек, у пойтахт Антананаривудаги узилишлар бир ой ичида барҳам топмаса, лавозимини ихтиёрий тарк этишга ваъда берган. Бироқ бу қадамлар ҳам тинчликка олиб келмади.

БМТ маълумотларига кўра, намойишларни куч билан тарқатиш жараёнида 22 киши ҳалок бўлган, расмий маълумотда эса 12 нафар намойишчи ўлими тасдиқланган.

Вазият кескинлашишига CAPSAT элита бўлинмаси ҳам намойишчилар тарафини олиши сабаб бўлди. Улар ҳукумат буйруқларини бажаришдан бош тортиб, бошқа ҳарбий тузилмаларни ҳам шундай қилишга чақирди. Таъкидлаш жоиз, айнан шу CAPSAT бўлинмаси 2008 йилда ҳам Андри Радзуэлинни ҳокимиятга келтирган эди.

Мадагаскар бугун дунёдаги энг қашшоқ давлатлардан бири саналади. Аҳолининг тўртдан уч қисми қашшоқлик чегарасидан паст шароитда яшайди, ўртача йиллик даромад эса 600 доллардан ошмайди.

Халқаро таҳлилчиларнинг фикрича, Мадагаскардаги воқеалар яқинда Непал, Марокаш ва Индонезияда бўлиб ўтган ёшлар бошчилигидаги “Z авлод намойишлари”дан илҳомланган. Бу ҳаракатлар ижтимоий тармоқлардаги чекловлар ва ишсизлик каби омиллар сабаб пайдо бўлган бўлиб, уларнинг асосий шиори — “Адолат ва имкониятлар тенглиги”.

Мадагаскарда эса бу норозиликлар нафақат иқтисодий, балки сиёсий ислоҳотларга ҳам эҳтиёж кучайганини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Мадагаскарда ҳарбий тўнтариш: президент қочди, ҳокимият армия қўлида