Бугун Ўзбекистон терма жамоаси 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги финалида майдонга тушади. Ҳал қилувчи баҳсда терма жамоамизга Саудия Арабистони рақиб бўлади. "Championat.Asia"нинг россиялик журналисти Николай Егоричев саудияликларнинг ўйинини таҳлил қилди.
Мудофаа
Саудия Арабистони тўғрисида таъкидлаш лозим бўлган асосий жиҳат шундаки, улар ушбу турнир давомида ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормаган. Қизиқарли факт, лекин келинг, масалага бироз чуқурроқ ёндашамиз.
InStat маълумотларига кўра, Саудия Арабистонида xGA (рақибдан кутилган эҳтимолий голлар) кўрсаткичи 3.3га тенг. Ярим финалга йўл олган қолган жамоаларнинг кўрсаткичлари эса анча юқори: Ўзбекистон – 5.2, Япония – 5.3, Австралия – 5.6ни ташкил қилади. Турнир давомида уларнинг барчаси учтадан гол ўтказиб юборишди.
Шубҳасиз, Саудия Арабистонининг ҳимояси у қадар мукаммал эмас. Ҳа, саудияликлар ўз дарвозаси ёнида ишончли ҳаракат қилишади. Очиғини айтганда, уларга омад ҳам кулиб боққан: БААга қарши ўйинда дарвоза устуни уларни икки марта қутқариб қолди, австралияликлар эса ўзаро тўқнашувда дарвоза тўсинини нишонга олди, шунингдек, пенальтини аниқ амалга ошира олишмади.
Шу билан бирга, саудияликлар барча ҳимоядаги яккакурашларининг 58 фоизида устунлик қилган. Фақатгина Австралия (62 фоиз) ва Жанубий Кореяда (60 фоиз) улардан юқори кўрсаткич қайд эта олган. Таққослаш учун, Ўзбекистон терма жамоаси бу борада 52 фоиз кўрсаткичга эришган. Иккинчи қаватда устунлик қилиш бўйича ҳам Саудия Арабистони етакчилик қилмоқда – 59% (Жанубий Корея биринчи ўринда – 62%).
Шунингдек, саудияликлар рақиб ярим майдонида прессинг орқали самарадорликка эришишда ҳам юқори натижа қайд этганини таъкидлаш жоиз - 68%. Бу барча жамоалар орасида энг юқори кўрсаткичдир.
Ҳужумга ўтиш
Кўпинча саудияликлар қисқа ва ўрта паслар орқали ўйин ташкил қилишади. Улар турнир давомида 2600та узатма амалга оширган (ҳар бир ўйинда ўртача - 520тадан). Ўзбекистон терма жамоасида эса бу кўрсаткич сезиларли даражада кам - 2285та узатма (ҳар бир ўйинда тахминан 450та).
Бироқ Саудия Арабистони учрашувга турли йўллар орқали ёндашмоқда. Жамоа ҳужумларни гоҳ орқа позициядан, гоҳ олдинги чизиққа тўпни тепиб юбориш орқали бошлаши мумкин. Барчаси майдондаги вазиятга боғлиқ: тўпни ҳужум чизиғи ўйинчиларига тезкорлик билан етказиб бериш имкони бўлса, саудияликлар бундан албатта фойдаланишади.
Бу Ўзбекистон терма жамоаси учун катта муаммо. Жамоамиз японияликларга қарши баҳсда "вертикал футбол"ни таклиф қилди. Тимур Кападзе бошчилигидаги мураббийлар штаби жипслашган Японияни ажратиб ташлади, рақибни ҳимоядан ҳужумга тезкор ўтиш имкониятидан маҳрум қилди, аслини айтганда, уларнинг ўйин режасини барбод қилди. Саудияликларга қарши баҳсда эса бу борада анча машаққатли бўлади.
Ҳужум
Финалда энг ҳужумкор икки жамоа тўқнаш келади. Ўзбекистон терма жамоасида рақиб жарима майдони яқинидаги зонага 237 марта ҳамда 85 бор рақиб жарима майдончасига етиб боргани қайд этилган. Саудия Арабистонида бу кўртсаткич мос равишда 321 ва 91тани ташкил этади. Бу турнирдаги барча жамоалар орасида энг яхши натижалар саналади. Саудияликлар тўпга эгалик қилишда ўртача 61%, Ўзбекистон эса 56% кўрсаткичга эришган.
Саудияликлар хилма-хил техник жиҳатларга эга, рақиб футболчиларини алдаб ўтишда дадил ҳаракатлар амалга ошириришида (учрашувларда ўртача 24 та уриниш, улардан 60%и муваффақиятли). Саудия Арабистони футболчилари узоқдан зарба беришдан ҳам тап тортмайди, уларнинг кўпчилигида яхши зарба йўллаш қобилияти мавжуд. Турнир давомида уларда зарбалар сони 81тани ташкил этади, Ўзбекистон терма жамоасида эса бу кўрсаткич бироз кўпроқ – 87та.
Кўпинча саудияликлар позицион ҳужум ташкил қилишади, агар имкони бўлса, улар тезкор қарши ҳужум яратиши мумкин. Албатта, барчаси майдондаги вазиятга боғлиқ. Турли услубга эгалик Саудия Арабистони жамоасининг асосий қуроли ҳисобланади.
Заиф нуқталар
Камчиликлар қаторида саудияликлар ўзларини "юқори блок" билан ҳимоя қилишларини, яъни рақиб ҳужум пайтида ҳам имкон қадар олдинроқда прессинг уюштириб, рақибга бўш жой қолдирмасликка уринишини таъкидлаш мумкин. Бироқ бундай ҳолатларда қарши ҳужум орқали рақибни жазолаш мумкин, Саудия Арабистони турнир давомида бир неча бор шундай ҳолатга тушиб қолган.
Саудияликлар майдонда тез-тез ётиб олишлари ҳам эътиборимни тортди. Ҳар бир тўқнашувдан сўнг улар узоқ вақт майдонда ётади. Эҳтимол, уларга бу ҳаракатлар кучли таъсир ўтказар ёки улар вақт чўзишга ҳаракат қилишади, шунингдек, футболчилар ҳакамлардан рақиб учун карточка сўрашни ҳам ёқтиришади.
Қизиқарли фактлар
Турнирдаги бешта ўйиндан тўрттасида Саудия Арабистони майдондаги футболчилар сони бўйича кўпчилик бўлиб ўйинни якунлади. Мисол учун, Австралияга қарши ярим финалда ҳимоячи Жей Рич-Багуэлу биринчи бўлим охирида қизил карточка олди. Шу билан бирга, австралияликлар четлатишдан олдин яхшироқ ўйин кўрсатди ҳамда саудияликларга қараганда кўпроқ имкониятлар яратди.
Лекин энг ғалати четлатиш Вьетнамга қарши чорак финал баҳсида содир бўлди. Дарвозабон Ван Чуан Куан жарима майдончаси ташқарисига чиқиб, тўпга ўйнади, аммо япониялик ҳакам Юсуке Араки негадир унга қизил карточка кўрсатди. Ушбу вақт давомида Саудия Арабистони 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди.
Ҳакамларнинг Саудияга бўлган муносабатига ОФКнинг ҳамкори Саудиянинг "Neom" компанияси экани қандайдир тарзда таъсир қилган бўлиши мумкин.
Умуман олганда, Саудия Арабистони Ўзбекистон терма жамоаси учун принципиал рақиб саналади.
Саудияликлар финалга таркибда жиддий йўқотишлар билан ташриф буюради. Ярим финал доирасидаги Австралияга қарши баҳсда Хайтам Асири ва Наваф ал Акиди жароҳат олди. Асири турнир давомида ҳам марказда, ҳам қанотларда ҳужум ташкил этишда фаол ҳаракат қилган футболчи саналади. Ақиди эса Саудия Арабистони ёшлар терма жамоасининг асосий дарвозабони ҳисобланади.
Хулоса
Саудия Арабистони Японияга қараганда жиддий рақиб ҳисобланади. Саудияликлар билан тўқнашувда очиқ футбол намойиш этиш хавфли саналади. "Иккинчи рақам" остида ҳаракат қилиш, яъни ташаббус ва тўпни Саудия Арабистонига бериш, рақибни қарши ҳужумда жазолаш мантиқан тўғри қарор саналади. Вақти-вақти билан ҳужумлар ташкил этиш лозим, Ўзбекистон терма жамоаси фақатгина ўз дарвозаси ёнида рақибни қучоқ очиб кутиб олмаслиги керак.
Шунингдек, саудияликларга узоқ масофадан дарвозага зарба беришга йўл қўймаслик керак, чунки уларнинг кўпчилигида кучли ва аниқ зарба мужассам. Позициялар орасидаги катта бўшлиқларга йўл қўймаслик учун имкон қадар ихчам ҳимояланиш зарур.
Очиғи, Саудия Арабистонига қарши тайёргарлик Японияга тайёргарликдан кўра анча қийин бўлади. Лекин футболнинг гўзаллиги шундаки, унда ҳамма бўлиши нарса мумкин.
Николай Егоричев
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади