1 086
Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи: "Ўзбекистон муносиб рақиб, бу ўйин биз учун ҳам қизиқарли"
Хабарингиз бор, Қозоғистон терма жамоаси Европа Миллатлар Лигасида муваффақиятли қатнашиб, “В” лига йўлланмасини нақд қилди. Куни кеча кейинги босқичга чиққан терма жамоалар учун қуръа ташланди. Қозоғистон “Н” гуруҳида Дания, Финляндия, Словения, Шимолий Ирландия ва Сан-Марино терма жамоалари билан куч синашадиган бўлди.
Ниҳоят, олдиндан кутилаётган ўйин ўтказиладиган бўлди. 16 ноябрь куни Тошкентда “Пахтакор” марказий стадионида Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари иштирокида ўртоқлик учрашуви ташкил этиладиган бўлди. Марказий Осиёнинг икки кучли термалари ўртасидаги беллашувга қизиқиш аввалдан кучли эди.
Ёдингизда бўлса, яқинда Sports.uz журналисти Шуҳратбек Жўраев Қозоғистон терма жамоаси устози Магомед Адиев билан боғланиб эксклюзив интерьвю ташкил қилганди. Ўша суҳбатда ҳам Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйин масаласи кўтарилган бўлиб, Адиев мазкур ўйиннинг ўтказиш тарафдори эканини айтиб, футболимиз борасида жуда илиқ фикрларини айтганди.
ЎФА матбуот хизмати иккала терма жамоалар ўртасидаги баҳс ўтказилишини эълон қилди. Ўз навбатида Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Sports.uz журналистига ушбу учрашув ташкил этилишини тасдиқлади.
Шу ўринда яқинда сайтимизга берган интервьюсида терма жамоамиз, футболимиз ва етакчи ўйинчиларимиз борасида билдирган эътиборга молик фикрларини яна бир бор эътиборингизга ҳавола қиламиз.
“Ҳа, федерацияда Ўзбекистон – Қозоғистон терма жамоалари иштирокидаги ўртоқлик мақомидаги ўйинни ўтказиш масаласи бир неча бор кўтарилган. Агар шундай учрашув ташкил қилинса, ўйлайманки, бу жуда қизиқарли бўларди. Мана шундай беллашув ташкил этилган тақдирда Марказий Осиёда ҳақиқий дерби юзага келиб, ким аслида кимлиги ойдинлашган бўларди. Албатта, Ўзбекистон терма жамоасини анча кучли эканлигидан хабарим бор. Нега бўлмасин, мана шундай рақибга қарши ўйнаш Қозоғистон терма жамоаси учун ҳам жуда қизиқарли бўларди. Бир сўз билан айтганда, мен Ўзбекистонни муносиб рақиблар сирасига қўшаман.
Ўзбек футболи ҳақида гапирадиган бўлсам, унда маҳоратли ўйинчилар ва мураббийлар борлигини айтишим мумкин. Ҳозир ҳам ўзбек ўйинчилари миллий чемпионатда порлашгач, бошқа чет лигаларига йўл олишмоқда. Ўз вақтида мен ҳам футболчи сифатида юртингиздан чиққан ўйинчиларга қарши бир неча марта тўп сурганман. Масалан, Миржалол Қосимовга қарши. У жуда иқтидорли футболчи бўлган. Умуман, юртингиздан бундай иқтидор эгалари кўплаб етишиб чиққан ва бу жараён давом этяпти. Футбол қайси минтақада ўйналмасин, бари мен учун қизиқ. Бахтга қарши шу кунгача юртингизга ташриф буюриш менга ҳали насиб этганича йўқ. Умид қиламанки, кунлардан бир кун келиб албатта Ўзбекистонга ташриф буюраман ва тарихий шаҳарларингизни обдон айланиб чиқмоқчиман.
Юқорида айтганимдек, ўзбек футболида доим иқтидор эгалари етарлича бўлган. Ўзбекистон терма жамоаси мунтазам равишда Осиёдаги турнирларда иштирок этиб келгани учун унинг ижросидаги ўйинларни кузатиш доим насиб этавермайди. Футболингизни яқиндан биламан, дея олмайман. Аммо юртингиздан иқтидор эгалари етишиб чиқиши кишини қувонтирмасдан қўймайди. Ҳозирги кунда Элдор Шомуродовни танимаган мухлис бўлмаса керак. У “Ростов”да ўзини ёрқин намойиш этганидан кейин Италияга йўл олди. Топ-5 чемпионатлари сирасига кирадиган А серияда Шомуродов йўқолиб қолгани йўқ.
Айтишим даркорки, “Анжи”да ишлаётган чоғимда менга у ҳақида гапириб беришган. Ўшанда бу ўйинчингизни клубга таклиф этиш масаласи ҳам кўтарилганди. Ўша пайтда Шомуродов ўзимиз истаган футболчилар рўйхатида бўлган. Шу йўлда “Ростов” раҳбарияти билан дастлабки келишувга эришиб, уни ярим йилга ижарага олмоқчи эдик. Лекин якунда раҳбарлар қандайдир масала юзасидан келиша олмагандилар. Ҳозир эса у Италиядек мамлакатнинг кучли лигасида ўйнаяпти.
Ўзбек футболчилари орасида гап кетса менинг ҳаёлимга яна Одил Аҳмедов ҳам келади. У ўз вақтида “Анжи”да муваффақиятли тўп сурган. Тўғри у билан яқиндан таниш бўлмаганман. Лекин ўшанда “Анжи” таркибида юлдуз мақомидаги ўйинчилар жамланган маҳалда ҳам Аҳмедов уларнинг орасида йўқолиб қолмаган. Бу эса ўйинчингизни нақадар маҳоратли ижрочи бўлганидан далолат беради. Ёдингизда бўлса, ўшанда “Анжи”да ҳақиқий юлдузлар жамланганди. Буссуфа, Роберто Карлос, Виллиан, мана шундай шериклар билан ўйнаган даврда ҳам Аҳмедов доим асосий таркибда майдонга тушган. У жуда кучли футболчи бўлган.
Ҳа, Ўруновни биламан. У Россияга келган дастлабки пайтда “Уфа”да жуда яхши тўп сурган. Шу боисдан ҳам мутлақо ҳақли равишда уни Россиядаги топ клублар билан унаштира бошлагандилар. Лекин мана шундай топ клублардан бири саналадиган “Спартак”ка кўчиб ўтганидан сўнг Ўруновнинг ўйинида пасайиш кўзга ташланди. “Спартак”ка ўтгач, бутунлай бошқача ўйинчи сифатида гавдаланиб, олдинги шиддаткор Ўруновни худди бошқасига алмаштириб қўйишганидек таассурот уйғота бошлади. “Уфа”га қайтганидан кейин ҳам Ўрунов ҳамон ўша-ўша ўзи ўралашиб қолган руҳий ўрадан чиқа олмаяпти. Ваҳоланки, Остонда янада зўр ўйнаш учун барча сифатлар мужассам. Йигит ”Спартак”да ўз асабларини назорат қила олмаган кўринади. Чунки таниқли клубнинг ҳар бир ўйинчисига нисбатан атрофдагиларнинг босими ва таъсири жуда кучли бўлади. Агар у ўзидаги олдинги шиддатни қайтара олса яна аввалги даражасига чиқиши мумкин.
Шомуродовга тўхталадиган бўлсам, у бутунлай бошқа – Ўруновнинг тамоман тескариси. Айтишим керакки, “Ростов”га келган дастлабки кезларида Шомуродовда ҳам ҳаммаси ўхшамаган. Лекин ўз устида ишлади. Ўз навбатида у Россиядаги биринчи мавсуми охирига келиб ҳаммада яхши таассурот қолдира олган. Шу боисдан ҳам ҳақли равишда Элдор Шомуродов бошини тик тутган ҳолда Италияга равона бўлди. “Женоа”га келганда ҳам Шомуродов эришганларидан тўхтаб, бир жойда қотиб қолгани йўқ. Ўз устида ишлашда давом этгани учун анча жиддий клублардан саналадиган “Рома”нинг эътиборини тортди.
Бир сўз билан айтганда, бу икки юртдошингиз - Ўрунов билан Шомуродовнинг тақдирлари бир-биридан буткул фарқ қилади. Бири ўз устида ишлаб юқори даражага кўтарилган бўлса, иккинчиси ўзига нисбатан бўлган талабни анча пасайтириб юборгани етмаганидек, руҳий ўрадан чиқиб кета олмаяпти.
Агар Ўзбекистон УЕФАга кирадиган бўлса, европача футболга мослашиш учун бироз вақт керак бўлади. Яна такрорлайман: сизларда истеъдодли, сифатли ўйинчилар талайгина. Эҳтимол, шундай бўлган тақдирда Ўзбекистон дарҳол кучли термаларга рақобат туғдира олмаслиги мумкин, лекин Ўзбекистонга қарши ўйнаш барча учун бирдек қизиқ бўлиши аниқ. Бу масалани мен эмас, балки федерациянгиздагилар муҳокама қилишса яхшироқ бўларди. Айнан уларда шундай истак бўлса, УЕФА билан келишишлари керак.
Ўзбекистон ва Қозоғистон футболи ўртасидаги даражани таққослаш?! Менимча, бу саволингизга жавоб топа олмасам керак. Чунки ўзбек футболчилари ҳақидаги маълумотларни ўқиб турсам-да, ички чемпионат даражаси қанчалик эканлигидан мутлақо бехабарман. Бахтга қарши Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўйинларни ҳам томоша қилмаганман”, - деганди Магомед Мусаевич. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи