Давлат комиссияси қарорига мувофиқ, 2025–2026 ўқув йили учун хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларига 1320 та давлат буюртмаси квотаси тасдиқланди.
Шу муносабат билан, 2025 йил 29 сентябрдан 5 октябрга қадар (шу куни ҳам) тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёшлар мазкур квоталарга мувофиқ равишда абитуриент сифатида рўйхатдан ўтиш имкониятига эга бўлади. Бу жараёнда улар танлаган олий таълим ташкилоти ва таълим йўналиши ҳисобга олинади.
Рўйхатдан ўтганлар учун 2025 йил 12 октябрга қадар тест синовлари ташкил этилади. Ушбу жараёнда белгиланган тўлов ундирилиши ҳам назарда тутилган.
Тест натижаларига кўра, абитуриентларнинг тўплаган баллари қатъий кетма-кетликда шакллантирилиб, 2025 йил 17 октябрга қадар тегишли олий таълим муассасаларига расмий тарзда тақдим этилади.
Бундан ташқари, мазкур танловда давлат олий таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтиб, имтиҳон топширган, аммо талабаликка тавсия этилмаган абитуриентлар ҳам иштирок эта олади. Улар ўз баллари, фанлар мажмуаси ва таълим тили мос келган бакалавриат йўналишларига қайта танловдан ўтиш имкониятига эга бўладилар.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!