date

“Навбаҳор”да янги давр бошланди: клубга янги бош мураббий тайинланди

“Навбаҳор”да янги давр бошланди: клубга янги бош мураббий тайинланди

Намангандаги машҳур “Навбаҳор” клуби раҳбарияти жамоа бош мураббийи лавозимидаги ўзгариш ҳақида расмий қарор қабул қилди. Янги танловга кўра, асосий таркибни эндиликда ёш мураббий Шерзод Жўраев бошқариб боради. У шу вақтга қадар клубнинг U-21 жамоасида фаолият олиб борган ва ёшлар лигасида жамоани юқори поғоналарга олиб чиққанди.

Жўраевнинг футболчилик йўли ҳам “Навбаҳор” билан узвий боғлиқ. У ўз карьерасининг катта қисмини айнан шу жамоада ўтказган, мухлислар орасида ҳам маҳаллий тарбияланувчи сифатида катта обрў қозонган. Кейинчалик эса Самвел Бабаян мураббийлик қилган даврларда ассистент сифатида иш тажрибасини оширган. Бу эса унга бош мураббий сифатида иш олиб бориш учун зарур билим ва кўникмаларни тўплаш имконини берди.

“Лочинлар”нинг U-21 таркибида у катта натижаларга эришган ва ёшлар жамоаси турнир жадвалида пешқадамлар қаторида эди. Энди эса унга Суперлига баҳсларида асосий жамоани юқори мақсадлар учун курашга олиб чиқиш вазифаси юкланмоқда.

"Бугун оқшомда жамоамиз маҳшғулоти олдидан вице-президент Акрамжон Гаппарович Дедабаев ташриф буюриб, футболчилар билан учрашди.

Учрашув давомида "Навбаҳор" жамоаси мураббийлар штаби вакиллари ва футболчиларга Шерзод Жўраевни бош мураббий сифатида таништирди.

Шерзод Ҳамидович Жўраев "Навбаҳор"нинг собиқ футболчиси, кўп йиллар жамоамиз мураббийлар штабида ёрдамчи сифатида фаолият олиб борган ҳамда мавсум стартидан шу кунгача ёшлар жамоамизни бошқараётганди. Шерзод Ҳамидович бошқарувида "Навбаҳор" U-21 ҳамоамиз ҳозирда мусобақа пешқадами сифатида турнир жадвалини бошқариб келаётган эди", –  дейилади клуб матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал “Навбаҳор” клуби раҳбарияти асосий таркиб бош мураббийи Сергей Лушан билан меҳнат шартномасини бекор қилганини маълум қилганди. Лушаннинг раҳбарлигидаги жамоа Суперлиганинг 22 туридан кейин ўрта поғоналарда – 7-ўринда бораётган эди.

Шу тариқа, энди жамоа ўз маҳаллий мураббийи билан янги саҳифа очмоқда ва мухлислар Шерзод Жўраев қўл остида клубнинг кейинги ўйинларда қандай натижа кўрсатишини қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Навбаҳор”да янги давр бошланди: клубга янги бош мураббий тайинланди