2022 йилнинг август ойи. Терма жамоамиз CAFA U-19 чемпионатида иштирок этди. Тожикистон мезбонлик қилган турнирда фақат майдон эгаларини юта олдик.
Дастлаб, Эронга қарши ўйинда катта устунлик қилаётган бўлсак ҳам, сўнгги 5 дақиқада 2та гол ўтказиб юборганимиз учун 1 очко билан кифояландик. Кейин Қирғиз Республикасига қарши "нурсиз" ўйин. Биз учун энг кутилмагани сўнгги турда содир бўлди. Ҳамюртларимиз Афғонистон вакиллари билан дурангга рози бўлишди.
Ҳа, майдон сунъий эди. Ҳа, назорат бизнинг қўлимизда эди. Ҳа, тўп дарвозага киришни истамади. Лекин бу ваъжларнинг ҳеч бири "Пахтакор" мактаби, "Бунёдкор" ва "Насаф" академияларида тарбия топган, қўшимчасига, Ўзбекистон Суперлигасида ўйнаётган йигитларнинг афғонлар олдида ожиз қолиши учун асос бўлолмайди...
Муҳим турнир олдида турган, ЖЧ йўлланмаси учун Осиё грандларини енгиши талаб қилинадиган жамоанинг бундай омадсизлиги кишини хафа қилди. Эътирозларимни билдириш, натижа учун терма жамоалар марказидан изоҳ сўраш мақсадида ЎФАга бордим. Усмон Тошев хизмат сафари билан Хоразмда экан. Лекин ташкилот биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ёшларимиз устози Равшан Ҳайдаров билан бироз суҳбатлашдик.
Эрматов одатдаги хотиржамлиги билан натижадан хафалиги, аммо бунақа ўйинлар ўзимизнинг фойдамизга ишлаши ҳақида гапирди. Катта турнирларга борадиган жамоалар у ерда рўй берадиган эҳтимолий воқеаларнинг барчасига тайёр бўлиши кераклиги айтилди. Шу жойида Ҳайдаров гапга аралашиб, Тожикистондаги мусобақа ва Афғонистонга қарши сўнгги баҳсда йигитларнинг психологик жиҳатдан камчиликлари кўриниб қолганини тан олди:
"Эрон бизга жавоб голини урганда ҳам, афғонлар ҳисобни тенглаштирда ҳам бир хил муаммо пайдо бўлди. Йигитлар рақибдан олдин ўзини енгиши керак. Ҳаяжон, ҳиссиётларини назорат қилолмаган футболчи қаршисидаги рақибни тиз чўктиролмайди. Кўрган бўлсангиз, ўнлаб вазият яратдик. Ҳал қилувчи паллада шу нарса панд бераверди. Ҳужумчилар кўзини юмган ҳолатда уриб юрган вазиятларини голга айлантиришолмаяпти. Хуллас, бу яхшиликка бўлди. Энди психологик тарафлама яхшироқ ишлашимиз керак"...
Орадан 6 ой ўтди. Ироқ билан ўйинда 1 киши кам бўлиб қолган жамоамиз саросимага тушмади. Австралия ҳисобни очган паллада ҳам хотиржамлик ушлаб қолинди. Энг муҳими, қаторасига 2 ўйинда энг совуққон рақиблар "футбол лотореяси" орқали тиз чўктирилди. Бу ёшда корейсларни ютиш сенсация эмас. Ҳар доим улар билан тенгма-тенг курашганмиз. Лекин ҳар гал руҳан ютқазиб қўяр эдик. Ҳайдаров жамоасида шу нарса ўзгарган, ўзгартирилган. Футболчиларнинг психологияси билан алоҳида мутахассис ишлаяпти. Бу борада олдинга қадам ташлангани нафақат майдонда, балки унинг ташқарисида, футболчиларнинг гап-сўзларида ҳам кўринмоқда. Умид қиламизки, ғалабалар бардавом бўлади.
P/s. Ҳар ишда бир хайр борлиги яна исботланди. Эҳтимол, ўша куни Афғонистондан дарс олмасак ва ғурурланиб юраверсак, кеча Кореяни (ундан олдин Австралияни) ютолмасдик. Нима бўлган тақдирда ҳам бизга мундиал чиптасини совға қилган барчага ташаккур айтиб, Равшан Ҳайдаров шогирдларига финалда омад тилаймиз.
Фахриддин Рўзиев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг