Ўзбекистон футболсевар мамлакат ҳисобланади. 7 дан 70 гача футболдаги воқеаларни қизиқиш билан кузатиб боради, таҳлил қилади, ғалабаларга севинади, мағлубиятлардан ранжийди.
Шу сабабли мухлисларнинг футболимизга қўядиган талаблари доимо юқори бўлган. Терма жамоаларимиздан ва клубларимиздан халқаро майдонда катта ғалабалар кутишади.
Албатта жаҳон чемпионати орзусига ҳозирча эришганимиз йўқ. Лекин, бир нарсани ишонч билан айтиш мумкин, агар Мундиалга тизимли ривожланиш йўли билан ва мустаҳкам пойдевор қурган ҳолда чиқсак, бу муваффақият бир марталик эмас, мунтазам даражага чиқади. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бугунги фаолиятида ҳам айнан тизимдаги ислоҳотларни амалга ошириш ҳаракатларини кўришимиз мумкин.
Ҳар қандай ўсиш ва ривожланиш биринчи навбатда ҳуқуқий асосга эга бўлиши керак. 2019 йил 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари» тўғрисидаги фармони ўзбек футболи истиқболи сари муҳим қадам бўлди. Ўтган давр мобайнида фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Футболни ривожлантиришда энг аввало болалар футболи, оммавий футбол, селекция, иқтидорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.
Ҳусусан, мактаблараро лига ташкил этилиб, мусобақалар мунтазам кўринишга келтирилди. Футбол мактаблари ўртасидаги Республика миқиёсидаги мусобақалар қамрови ошди. Минглаб болалар ўз орзуларига эришиб, профессионал футболга илк қадамлар ташлади. Инфратузилмани яхшилаш, академиялар фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича аниқ ва кенг қамровли ишлар қилинди. ОФК ва ФИФА билан ҳамкорликда худудларда янги футбол майдонлари қуриб битқазилди ва мавжудлари халқаро стандартларга мос равишда таъмирдан чиқарилди. Футболимиз тарихида илк бор терма жамоалар учун замонавий марказ барпо этиш режаси тасдиқланди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти томонидан футболимизни ортга тортаётган келишилган ўйинлар, нопок ҳакамлик, тотализатор, ёш кичрайтириш каби иллатларни йўқ қилиш йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Футболдаги фаолиятида фақатгина моддий манфаатни устун қўядиган, бунга эришишда ҳар қандай номақбул йўлдан қайтмайдиганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди.
Жумладан, 2019 йилнинг апрель ойидан ҳозирга қадар ЎФА махсус Инспекцияси томонидан келишилган ўйинлар ҳамда ҳакамлар билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 25 нафар ҳакам ва инспекторлар, футбол клубларининг турли лавозимларида фаолият юритувчи 19 вакили, 8 нафар мураббий ҳамда 62 футболчи билан суриштирув ишлари олиб борилди. Унга кўра, ЎФА Этика қўмитасининг қарори билан 7 нафар ҳакам (2 ФИФА рефериси) футбол фаолиятидан четлатилди. 15 нафар ёрдамчи ҳакамлар, 3 инспектор турли миқдордаги жарималарга тортилди.
Клубларнинг 11 вакили, 4 мураббий, 27 футболчига интизомий жазо чоралари қўлланилди. Қуйи лиганинг 4 та клуби келишилган ўйинлар ва тотализаторда қатнашгани исботлангач, мусобақадан четлатилди. Аёллар футболида ҳам бундай ҳолатларга қарши кураш кенг кўламда давом эттирилмоқда. Ҳалол ўйин тушунчаси янги босқичга чиқди. Ўзбекистонда сўнгги йилларда шубҳали ўйинлар сони камайганини ОФК ҳам ўз ҳисоботларида қайд этгани эътиборга лойиқ.
Аҳолининг ўз севимли спорт тури билан мунтазам шуғулланиши учун оммавий футбол турнирлари ташкил этилди. Ҳусусан «ДХХ Кубоги» мусобақалари бутун мамлакатимизнинг 300 мингга яқин ёшларини қамраб олди ва ҳақиқий футбол байрамига айланиб кетди.
Болалар-ўсмирлар, оммавий футбол ва инфратузилма билан бир қаторда, профессионал жамоаларимизнинг фаолияти ҳам тубдан ўзгарди. ЎФА тасарруфидаги терма жамоаларимиз сони 10 тадан 19 тага етди. Уларнинг барчаси мусобақаларга тўлақонли йиғинлар орқали тайёрланиб, кучли спаринг шериклар билан мунтазам ўртоқлик ўйинлари ўтказиб келишмоқда. Ўтган йилнинг ўзида ўқув-машғулот йиғинлари сони 81 тани ташкил этди. Жамоаларимиз 185 марта турли даражадаги учрашувларда қатнашди. Тажриба алмашиш мақсадида бир қанча хорижлик таниқли мутахассислар терма жамоаларимизда ҳамда ЎФА бўлинмаларида фаолият олиб боришни бошлашди.
Терма жамоаларга футболчи етиштириш механизми босқичма-босқич йўлга қўйлди. Футболчиларни селекция қилиш ишлари профессионал даражага олиб чиқилди ва тўлиқлигича мураббийлар штаби томонидан, спорт принципларига мос равишда амалга ошириляпти. ЎФА раҳбарияти томонидан миллий терма жамоамиз ва бошқа термаларга кучли рақиблар топиш вазифаси белгиланди, шу кунга қадар Осиё, Европа, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка мамлакатларининг кўзга кўринган жамоалари Ўзбекистон терма жамоаларига рақиблик қилишмоқда.
Сўнгги уч йил давомида Ўзбекистон халқаро мусобақалар ўтказиш бўйича Осиё марказларидан бирига айланди, деб бемалол айтишимиз мумкин. Қитъамизнинг турли ёш тоифаларидаги расмий мусобақалари, Осиё чемпионатлари, саралаш ўйинлари ва Марказий Осиё минтақасининг ўнлаб турнирларига мезбонлик қилинди. Айниқса, пандемия ва ундан кейинги мураккаб даврда Ўзбекистон ҳар қандай даражадаги спорт тадбирларини юқори савияда ўтказди. ОФК томонидан ЎФАга билдирилаётган ишонч тобора ортиб бормоқда.
Халқаро мусобақалар мезбонлиги орқали мамлакатимиз футбол инфратузилмасини яхшилаш, мутахассислар малакасини ошириш, мухлисларга унутилмас футбол байрамини тақдим этишда катта натижаларга эришилди. Айниқса U23 Осиё кубоги ҳамда U20 Осиё кубоги мусобақалари юртимиз спортида катта воқеага айланди. Бу орқали ЎФАнинг нуфузли халқаро ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари янги босқичга чиқди. ФИФА, ОФК ва УЕФА билан қатор янги лойиҳалар мунтазам равишда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Сир эмас, ҳар қандай натижа ортида мутахассисларнинг профессионал фаолияти ётади. ЎФА футбол тизимидагиларнинг айнан профессионал даражада иш олиб бориши учун барча шароитларни яратмоқда. Футболнинг барча йўналишларини қамраб олган «Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази» ташкил этилиши бу йўлдаги муҳим қадам бўлди. Қолаверса, авваллари катта эътибор қаратилмаган спорт медицинаси каби йўналишлар янги босқичга олиб чиқилди.
ЎФА қошида спорт тиббиёти қўмитаси ташкил этилиб, футболимиздаги энг оғриқли нуқталардан бири бўлмиш витаминизация, соғлом овқатланиш, замонавий тиббий кўрикка эга бўлиш каби масалаларга илмий ёндошган ҳолда, тизим ишлаб чиқишни йўлга қўйди. Спортчиларнинг жисмоний ҳолатини назорат қилувчи замонавий технологиялар харид қилиниб, барча терма жамоаларга бириктирилди.
Бугунги кунда аёллар футболида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Турли ёш тоифаларида терма жамоалар ташкил этилиб, улар минтақавий турнирларда ижобий натижалар қайд этишяпти. ЎФА қошида аёллар футболи бўлими ва қўмитаси ташкил этилди. Мутахассислар футболи ривожланган мамлакатларда ўз тажрибаларини ошириб қайтишмоқда.
Маҳаллий турнирларни юқори савияда ўтказишга ЎФА раҳбарияти алоҳида эътибор қаратяпти. Суперлигамизнинг охирги мавсуми тарихдаги энг қизиқарли чемпионатлардан бири бўлди ва унда турли ўринлар учун кураш энг сўнгги турга қадар давом этди. Ўзбек клублари ОФК лицензияларини олишда ҳам фаоллик кўрсатиб келишмоқда. Нафақат Суперлига, балки Про лига баҳслари ҳам телеканаллар орқали жонли эфирда намойиш этилди. Чемпионатларга йирик компаниялар хомийлик асосда жалб этилди. Ўзбекистон биринчилардан бўлиб VAR тизимини ишга туширди ва ҳозирги кунда ҳам миллий чемпионат ўйинларида мунтазам қўлламоқда.
Тизимли ўзгаришлар ва янги даврга қадамлар ташланиши футболимиз ривожи, келажакдаги ютуқлар пойдевори сифатида амалга ошириляпти. Шу билан бирга, ҳозирнинг ўзида жамоаларимиз ижобий натижалар кўрсатишмоқда. Ҳусусан, Темур Кападзе бошқарувидаги Олимпия терма жамоасининг Осиё кубогидаги ёрқин ўйинлари мухлисларни стадионларга қайтарди дейиш мумкин. Финал учрашувига қадар 23 ёшли жамоамиз барча рақибларини ишонч билан мағлубиятга учратиб келди ва фақатгина ҳал қилувчи учрашувда имкониятни бой берди.
Шундай бўлсада, ушбу турнирдаги иштирок ижобий баҳоланди. Шу йилнинг март ойида мамлакатимиз яна бир йирик турнир, 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубогига мезбон бўлди. Ушбу турнирнинг ўзига ҳос томони, Жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этиши эди. Юқори савияда ўтган чемпионатнинг энг қувонарли томони, унда бизнинг ёшлар биринчи ўринга сазовор бўлишди!
Финал учрашувида терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриши ўзбек футболи тарихидан жой олди. Ёш футболчиларимизда мана шундай халқаро ўйинлар орқали ўзига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Яқин келажакда Олимпия ўйинлари ва Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун курашадиган футболчиларимиз ҳар қайси рақиб билан муносиб кураш олиб бора олишига мухлислар ҳам ишонч ҳосил қилишди.
Албатта, футболимизни янги босқичга олиб чиқишда ҳали амалга ошириладиган ишлар жуда кўп. Бутун дунёда бўлгани каби, юртимизда ҳам ОАВ вакиллари ҳамда футбол оммаси кечаётган жараёнларни синчиковлик ва талабчанлик билан кузатиб боради. Бу борада ЎФА шаффоф ташкилот сифатида фаолият олиб боряпти. Энг муҳими, Президент футболга давлат даражасида эътибор қаратиб, ишонч билдирди ва футболимизнинг ҳар жабҳасини қамраб олган янги Қарорни имзолади. Ушбу муҳим ҳужжат футболимиз ривожи учун катта туртки бўлиши ва келажакдаги янги ғалабаларга пойдевор бўлишига ишонамиз.
Даврон Файзиев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг