20:30 / 11.07.2023
169

Катта клубларнинг ёздаги тушунарсиз харидлари ҳақида

Катта клубларнинг ёздаги тушунарсиз харидлари ҳақида

Фотоколлаж: Real Madrid / Barcelona / Manchester United

Бу ёзги трансферлар ойнаси анча фаол кечмоқда ва ҳали июлнинг ярмига етмасдан одатда сўнгги кунларгача чўзиладиган келишувлар амалга ошиб улгурди.

Табиийки, масалан, Макалистернинг «Ливерпул»га ўтиши каби узукка кўз қўйгандек трансферлар етарли, аммо бу сафар кўпроқ савол уйғотадиган ўтишларга тўхталиб ўтамиз. Катта пуллар сарфланган бир қатор катта трансферлар борки, бир қараганда, маълум бир муаммога ечимдан кўра, мураббийлар қаршисида янги масалаларни пайдо қилади. Бу шубҳалар бу ўтишларнинг рискини ошириш билан бирга мураббийлардан алоҳида бир режалар, янги схемалар ва қўшимча меҳнат талаб қилади. Қуйида ўхшаб қолса, шубҳасиз, жамоани бир поғона юқорига кучайтирадиган, аммо аксинча эҳтимоли ҳам мавжуд бўлган трансферлар ҳақида.

Жуд Беллинҳем – РЕАЛ МАДРИД. 100 миллион евро

Карим Бенземанинг кетиши мадридликларнинг ҳужум чизиғига янги футболчи сотиб олишни тақозо қилади. Табиийки, Хоселу бу ўринга, яъни «Реал»нинг асосий ҳужумчиси бўлишга муносиб эмасдек. Килиан Мбаппенинг келиши эҳтимоли эса Бензема қолдирган бўшлиқни тўлиқ ёпиши қийин. Албатта, «Реал»дан ёз охиригача ҳужум чизиғига яна бир катта футболчини кутишимиз мантиқан тўғри, аммо у ҳолда, агар Винисиуснинг ҳам алмаштириб бўлмас футболчи эканини инобатга олсак, ҳимоя+ҳужумдаги қолган 4 позицияга номзодлар ҳаддан ташқари кўп эмасми? Валверде, Кроос, Модрич, Чуамени, Камавинга ва Беллинҳэм. Асосий таркибга интилаётган ва кўпинча ишончни оқлайдиган Родригони ҳам унутмаслик керак. Яна бир янги харид бўлмиш Арда Гулер ижарага кетмайдиган бўлди, у қанча дақиқаларга эга бўлади?

Албатта, Модрич ёки Кроос қирқдан ортиқ учрашувда қатнашиши даргумон, аммо қачонгача катта пулга олиб келинган Тчуамени ёки Камавингадан захира вариант ёки қанот ҳимоясини ёпишда фойдаланилади? Кўп футболчиларга етарли дақиқаларни топиб бериш имкони бор, аммо қиммат нархга келган юқори амбицияли футболчилар ўзининг барибир иккинчи даражали ўйинларда тушаётганини ҳис қилиши оқибати нима бўлади? Бир футболчининг келиши бошқа футболчининг ўсишида салбий таъсир қилиши, балким, якунда, етарли имконият берилмай сотилиши Беллинҳэм трансферини қанчалик фойдали қилади? Саволлар кўп.

Фото: «Реал» расмий сайти

Карло Анчелотти шогирдларининг кучли томонларидан келиб чиқиб, мос схема ва тактика топишига ўрганиб қолганмиз. Катта эҳтимол билан «Реал» ҳар доимгидек аввал бутун дунё кўз ўнгида турган истеъдодли футболчи учун курашни ғалаба билан якунлаб, ана шундан кейин ундан фойдаланиш йўлларини ахтаришни бошлайди. Аммо биринчидан, яримҳимояга максимал футболчиларни жойлаштириб, ҳужумда Родриго-Винисиусдан фойдаланиш варианти бироз таваккалчилик, зеро Винисиус айнан Бенземанинг ақлли ҳаракатлари, ўз вақтида ортга қайтиб, унга зоналар очиши ёрдамида бу қадар фойдали бўлганди. Иккинчидан, яна ротация варианти сифатида қолиш, Тчуамени ва айниқса, учинчи йилки, асосий позициясига эга бўлмаётган Камавинга билан муаммолар пайдо қилиши мумкин. Қочиб бўлмас муаммолар пайдо қилиши мумкин бўлган Беллинҳэм трансфери учун бунча кўп сарфлангани бироз тушунарсиздек.

Кай Ҳаверц – АРСЕНАЛ. 71 миллион евро

Агар 70 миллион евродан ортиқ нархга футболчи сотиб олинса, бу кучайтириш зарур бўлган аниқ позиция учун тайёр, мос номзод олиб келиниши керак. Яъни ё жамоа таркибида маълум бир позицияга учун юқори савиядаги ижрочи зарур бўлади ёки яхши ўйнаб турган бирор футболчи янада кучлироқ, юқорироқ даражадаги бошқа ном билан алмаштирилади. Масалан, Деклан Райс анча каттароқ суммага келаётган бўлса-да, мантиқ тушунарли: Райс «Вест Ҳэм»да икки таянч яримҳимоячидан бири сифатида ўйнаб келган, унинг келиши тўғридан тўғри ё Парти ёки Жаканинг ўрнини босади, ҳатто ўша чизиқни кучайтиради. Ҳаверц-чи?

Кай Ҳаверц қоғозда яримҳимоячи бўлса-да, амалда ҳужумчилар гуруҳига киради. Айтиш мумкинки, Эдегор, Мартинелли ва Сака алмаштирилмайдиган учлик. Уларни вақтида Троссар алмаштириб туриши мумкин. Ҳаверцни агар Артета жамоаси ҳужум чизиғига жойлаштирмоқчи бўлсак, кўпроқ Габриел Жезуснинг ўрнига тушади. Албатта, Ҳаверц қайсидир жиҳатларда бразилиялик ҳужумчидан устунлик қилади, қайсидир нуқталарда пастроқ. Маълум шартларда фойдалироқ бўлиши ҳам мумкин. Аммо Ҳаверц Жезуснинг ўрнида ўйнаши фақат маълум шароитларда эмас, доимий равишда жамоани кучайтира олади, дея оламизми? Умуман, ҳужум зонасидаги қайси позицияни Ҳаверц аниқ кучайтириши мумкин? Жавоб йўқ.

Фото: «Арсенал» расмий сайти

Ҳа, Ҳаверц яхши футболчи. Айниқса, Артетанинг тизимли футболида «Челси»даги сўнгги йилларидан кўра анча очилиши, Англиядаги энг яхши мавсумини ўтказиши мумкин. Аммо бу трансфер «Арсенал»ни қай даражада кучайтиради, аслида янги футболчига кўпроқ муҳтож бўлган бошқа позициялар турганда, катта пулни бироз туманли салоҳият учун сарфлаш тўғри эдими?

Мэйсон Маунт – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД. 65 миллион евро

Ҳа, Маунт каби футболчи доим ҳам бозорда топилавермайди. Эрик тен Ҳаг футболчини «Витесс»да ўйнаган пайтлариданоқ таниган, ўз жамоасида кўришни истаган. Агар ёш, истеъдодли, англиялик футболчини у қадар катта бўлмаган суммага қўлга киритиш имкони туғилса, ҳар қандай топ-клуб ҳаракат қилиб кўриши керак. Айниқса, ўрта чизиқда муаммолар бўлган, сифатли ижрочиларга эҳтиёж сезган «Манчестер Юнайтед» бўлса...

Уёғидан муаммоларни ҳам санаш мумкин. «Юнайтед» «тўққизлик»ни сотиб олиши аниқ, бу Ҳойлунд бўладими, Кейнми, шубҳасиз, жамоа олдинги чизиғида бир футболчи қўшилади. Рэшфорд алмаштириб бўлмас футболчи – у энди севимли чап қанотига ўтиши мумкин. Ўнг қанотда эса, ўтган йили юз миллионга олиб келинган Антони бор. Катта эҳтимол билан Маунт кўпроқ яримҳимоядаги учликдан бири бўлиши лозим. Мисол учун, доим ҳам формада бўлмайдиган Кристиан Эриксеннинг ўрнига.

Фото: «Манчестер Юнайтед» расмий сайти

Аммо муаммо шундаки, Маунт Эриксен каби Каземиронинг таянч зонадаги шериги сифатида эмас, олдинги чизиқда кўпроқ фойдали. Чизиқлар орасида очилиш, керакли зоналарда эркин пайдо бўлиш Маунтнинг «Челси»да намойиш қилган энг асосий истеъдоди. У ҳолда, Бруно Каземиро ёнига тушишига тўғри келади. Тен Ҳаг ўтган мавсум охирида Брунони айнан Каземиронинг олдида синаб кўрди ҳам. Гоҳида Забитцер, гоҳида Эриксен олдинги чизиқда майдонга тушди. Ўша схемаси билан мураббий гўёки олдиндан Маунт учун шароит тайёрлагандек, лекин ўзининг энг яхши ўйинларини айнан «ўнлик» позициясида ўтказадиган Брунонинг ўйинига бу қанчалик таъсир қилади? Маунтнинг келиши Брунонинг бор имкониятидан тўлиқ фойдаланишга халақит бериб қўймайдими?

Албатта, Каземирони ягона таянч футболчиси сифатида қолдирган ҳолда, Маунт ва Бруно икки «саккизлик» сифатида биргаликда ҳаракат қилишлари ҳам мумкин. Аммо Каземиро «Реал»да ҳам Кроос билан деярли бир чизиқда тўп сурган ҳолда, вазифаларни бўлиб олганди. Ўшандан буён икки ёшга қариган ва анча тезкор АПЛда Каземиронинг ўзи бутун таянч зонаси учун етарли бўлармикин? Аслида Маунтдан кўра, айнан таянчда шерик сифатида ўйнаш амалиёти бўлган Деклан Райс варианти жамоага кўпроқ зарур бўлгандек кўринмоқда.

Маунт «Юнайтед»ни кучайтириши шубҳасиз. Аммо бунинг учун Эрик тен Ҳаг барча футболчиларнинг устунликларидан оптимал шаклда фойдаланиш имконини берадиган янги схема ўйлаб топиши ёки баъзи футболчиларнинг позициясини ўзгартириши лозим бўлади.  

Луис Энрике – «ПСЖ»

Луис Энрикени биз кўпроқ Испания терма жамоаси мураббийи сифатида биламиз. Тўғри, унинг асосий ютуқлари «Барселона» билан бўлган, аммо ўша мавсумда асосий сеҳр Месси – Суарес – Неймар учлигида бўлганини ҳам яхши эслаймиз. Энрике ортиқча нарса ўйлаб топишга муҳтож ҳам эмасди, ўша учликка суянишдан яхшироқ вариант ҳам йўқ эди. Масалан, «Барселона» ҳақиқий топ-даражани беш ой – 2015 йилнинг январидан майигача намойиш қилган. Учликнинг ҳар бири энг яхши спорт формасида, энг яхши руҳий ҳолатда эканида «Барселона» Испания чемпионлигиниям, Чемпионлар Лигасиниям ютди. Турли муаммолар пайдо бўлганда, муҳими, доим ишлайдиган тизим ишлаб чиқишга келганда, Энрике оқсади.

Фото: «ПСЖ» расмий сайти

Шунинг учун Энрикенинг айнан мураббий сифатида портретини чизганимизда Испания миллий жамоасидаги ишлари кўпроқ кўринади. Айнан шу жамоада Энрикенинг анчайин тизимли мураббий экани, ўз ғоялари йўлида алоҳида индивидуал ижрочиларни қурбон қилишга ўйланиб ўтирмаслиги кўзга ташланади. Шу жиҳатдан олсак, «ПСЖ» Энрикенинг бутунлай акси.

Агар Мбаппенинг оқибатда Парижни тарк этиши, шу тариқа прессингга асосланган жамоавий футбол қуришда Энрикенинг иши осонлашиши мумкинлигини инобатга олган тақдиримизда ҳам «ПСЖ» амалга ошираётган трансферлар Энрикега мос тушмаётгандек.

Ли Кан Ин ва Мануэл Угарте номлари гўёки «ПСЖ»нинг эски гламур трансферлардан воз кечиб, ниҳоят меҳнаткаш футболчиларга эътибор қаратаётганини кўрсатса-да, эътибор беринг, ҳар иккиси ҳам асосан тўп учун яккакурашлар, ҳимоявий футболда ном чиқарган – Энрике эса, ҳар бир чизиқда пас маданияти юқори бўлган футболчилар бўлишини хоҳлайди. Ўз вақтида Бускетсдан воз кечмаслик учун Родрини ҳимоя марказида ўйнатганини эсланг. Ли Кан Ин ҳам, Угарте ҳам айнан пас бериш, креативлик борасида яққол муаммога эга футболчилар. Ёки Асенсио трансферини олайлик. Марко яхши футболчи, аммо Энрикега керакли салоҳиятга эгами? Мисол учун, Испания миллий жамоасида Энрике Асенсиодан доимий фойдаланмаган, кўпинча захирада қолдирган, умуман, Марконинг Энрике қўл остидаги статистикаси ҳам у қадар ҳавас қилгудек эмас – 17 ўйин, 1 гол.

Умуман, «ПСЖ» қай даражада ўзгараётгани ва қайсидир жиҳатдан ўзига бироз бегона вазифалар учун Луис Энрике қай даражада мос келади, кузатамиз.

Илкай Гундўған – БАРСЕЛОНА. Эркин агент

Илкайнинг «Барселона»га ўтиши Серхио Бускетсга ўринбосар сифатида қаралаётганди. Аммо клуб Ориол Ромеу ва Мартин Субименди каби тоза таянч футболчиларига қизиқаётгани шуни кўрсатмоқдаки, Гундўғаннинг трансфери у қадар режали эмас. Шунчаки, Илкайнинг болаликдаги орзуси «Барселона»да ўйнаш бўлгани, футболчининг эркин агент сифатида пайдо бўлиши клубга бошқа вариант қолдирмади: ким ҳам Илкайдан воз кечади?

Демак, агар «Барселона» айтайлик Субимендини қўлга киритадиган бўлса, Илкай катта эҳтимол билан «Манчестер Сити»даги позициясида, худди Френки де Йонг каби олдинроқда тўп суради. Бу уч футболчидан ташқари, яримҳимояда қатъий ўрнига эга бўлган Педри бор. Ўсиб келаётган Гави бор. Табиийки, бу футболчиларнинг бирортаси захира варианти бўлишга рози бўлмайди. Хавининг ҳатто ўйинчи алмаштиришларда ҳам бир хилликни яхши кўришини инобатга олсак, у барибир яққол ўн битталик асосий таркибни яратиб олишга ҳаракат қилади. Агар беш футболчи ҳам бир таркибга жойлаштириладиган бўлса ва Левандовскининг ўрнига тегмасак, жамоа қанотлари панд ейиши турган гап.

Фото: «Барселона» расмий сайти

Ўзи шундоғам, «Барселона»нинг чап қанот ҳужумида муаммолар бор. Дембеле ҳам, Рафиня ҳам асосан ўнг қанотда яхшироқ ўйин кўрсатишади. Ферран Торрес катта эҳтимол билан сотилиши, Фати ҳам қанотда ишончни оқлай олмаётганини инобатга олсак, аслида жамоага чап қанот вингери ҳам керак. Ўтган йили кўп ўйинларда Гави ушбу чизиқда синаб кўрилганди, аммо унинг ҳам ўрни кўпроқ марказда, жарима майдони яқинида.

Гундўғаннинг айтишича, Хави у билан гаплашганда ўз режалари, айнан Илкай билан боғлиқ фикрлари билан ўртоқлашган. Катта эҳтимол билан Гундўған – де Йонг – Педри учлиги асосий таркибда ўйнайди. Илкайнинг эркин агент сифатида Барселонага келганини инобатга олсак, топ трансфер, аммо қолган жиҳатларни, бошқа футболчилар ва зоналарни Хави қандай ҳал қилиши ростанам жуда қизиқ бўлади.

Қаҳрамон Асланов


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Катта клубларнинг ёздаги тушунарсиз харидлари ҳақида
ePN