date

Эндиликда соат 22:00 дан кейин базмлар тўхтатилади

Эндиликда соат 22:00 дан кейин базмлар тўхтатилади

Қирғизистонда тўй-томошалар ва кўнгилочар масканлар фаолиятига оид қоидалар яна бир бор кун тартибига чиқди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев сукунат ҳақидаги қонун ва ҳукумат қарорига қатъий амал қилиниши шартлигини кескин таъкидлади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, тўйлар, байрам тадбирлари, шунингдек, кафе, ресторан ва тунги клублар фаолияти соат 22:00 дан кечиктирмай тугатилиши лозим.

Ташиевнинг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамаси томонидан расман қабул қилинган қарорга қарамай, жойларда унга риоя этиш даражаси паст. У ўз сўзида айрим мисолларни келтириб, масалан, Бишкек шаҳрида яқинда ўтказилган тўй ярим тунгача давом этганини ва ҳеч ким томонидан чора кўрилмаганини қайд этди. Жалолободда ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилиб, тадбир соат 00:00 гача чўзилган.

Унинг сўзларига кўра, қонун ижросини назорат қилиш маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг бевосита вазифаси ҳисобланади. Шунга қарамай, кўплаб ҳокимият раҳбарлари топшириқни бажармаётгани таъкидланди.

“Маҳаллий раҳбарлар, сизлар ёзма тарзда берилган кўрсатмани бажармаяпсиз. Шу боис энди расман топшириқ бераман: 22:00 дан кейин барча жойларда тўйлар, байрамлар, кафе, ресторан ва тунги клублар фаолияти тўхтатилиши шарт. Агар кимдир қоидани бузса — электр таъминотини ўчиринг”, — деди Ташиев.

У, шунингдек, ресторан ва овқатланиш жойларида соат 22:00 дан кейин ҳар қандай ҳолатда электр энергияси узилиши кераклигини алоҳида урғулади.

Ташиевнинг бу чиқиши Қирғизистонда жамоат тартиби, тинчлик ва фуқаролар дам олиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида қабул қилинган чораларни янада кучайтиришга қаратилгани таъкидланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Эндиликда соат 22:00 дан кейин базмлар тўхтатилади