Фото: Olympic
Парижда 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси давом этмоқда. Ушбу мусобақага спортчилар ўзгача тайёргарлик кўради.
Халқаро Олимпия қўмитаси мусобақа ғолибларини алоҳида пул мукофоти билан тақдирламайди. Аммо ушбу Олимпиададан бошлаб турли спорт ташкилотлари ўз спортчиларини молиявий мукофотлашни мақсад қилган.
Масалан, Халқаро бокс ассоциацияси Олимпия медалларини қўлга киритган спортчиларга пул мукофоти ваъда қилган. Бокс бўйича мусобақаларда олтин медални қўлга киритган спортчилар 100 минг АҚШ доллари, кумуш медал эгалари 50 минг ва бронза медали соҳиблари 25 минг АҚШ долларига эга чиқади.
World Аthlеtics шу йилдан бошлаб атлетика бўйича барча олтин медални қўлга киритган спортчиларга 50 минг АҚШ доллари беради.
Бундан ташқари, ҳар бир давлат ўз спортчиларини пул мукофоти билан тақдирлашни одат қилган. Ушбу ўзгача пойгада Гонконг етакчилик қилмоқда. Гонконглик спортчиларга Олимпиада олтин медали учун 768 минг АҚШ доллари ваъда қилинган. Олимпиадалар тарихида гонконглик спортчилар ҳеч қачон бир мусобақада биттадан ортиқ олтин медални қўлга киритмаган. Аммо бу йилги мусобақанинг 3 кунида спортчилар 2 та олтинни Гонконг ҳисобига қўшиб қўйди.
Қиличбозлик бўйича қатнашаётган Чунг Ка Лонг мусобақада тенгсиз бўлди. Қизиқарлиси, айнан унинг ўзи Токио Олимпиадасида ҳам зафар қучган эди.
Гонконг ҳисобида умумий 4 та олтин, 3 та кумуш ҳамда 5 та бронза медали мавжуд.
Сингапурлик спортчиларга олтин медал учун 1 миллион сингапур доллари ( 737 минг АҚШ доллари) берилади. Бундай совринга биргина сузиш мусобақаларида қатнашадиган Жозеф Скулинг эга чиққан. У 2016 йил Риода бўлиб ўтган мусобақада ўз мамлакати ҳисобидаги ягона олтин медални қўлга киритган.
Сингапур ҳисобида бугунги кунгача 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 2 та бронза медали мавжуд.
Тайван давлати ўз спортчиларига олтин медал учун 720 минг АҚШ доллари ваъда қилган.
Тайван ҳисобида барча Олимпиадаларни қўшиб ҳисоблаганда 7 та олтин, 11 та кумуш ҳамда 18 та бронза медали мавжуд.
Марказий Осиё давлатлари ҳам Олимпиада медали соҳибларини мукофотлашда бошқа давлатлардан қолишмайди. Масалан, Қозоғистон давлати спортчиларга пул мукофоти тақдим этишда дунёнинг энг юқори 10 давлатидан бири ҳисобланади.
Қозоқ спортчилари олтин медал учун 250 минг АҚШ доллари пул мукофотини қўлга киритади. Кумуш медал учун 150 минг АҚШ доллари ва бронза медали учун 75 минг АҚШ доллари ваъда қилинган.
Бундан ташқари қозоғистонликлар пулдан ташқари кўп қаватли уй эгасига ҳам айланади.
Маълумот учун, ҳозиргача қозоғистонликлар Париж Олимпиадасидаги 3 медални ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 15 та олтин, 21 та кумуш ва 38 та бронза медалига эга чиққан.
Ўзбекистон ҳам спортчиларни мукофотлашда бошқаларга ўрнак бўлади. Президент қарорига мувофиқ, Париждаги мусобақада олтин медални қўлга киритган спортчи 200 минг АҚШ доллари, кумуш медал учун 100 минг, бронза учун 50 минг долларни қўлга киритади.
Фото: Instagram
Ўзбекистонлик мусобақа совриндорларига пул мукофотидан ташқари автомобиль совға қилиш ҳам анъанага айланган. Масалан, Токио Олимпиадаси совриндорларига Tahoe ҳамда Trailblazer автомобили ҳам ҳадя қилинган эди.
Ўзбекистонлик спортчилар дзюдо бўйича Олимпиада чемпиони бўлган Диёра Келдиёровани ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 12 та олтин, 6 та кумуш ҳамда 20 та бронза медалига эга чиққан.
Қирғизистон спортчилари олтин медал учун 117 минг АҚШ доллари олади. Кумуш (82 минг) ҳамда бронза (58 минг 600) медаллари учун ҳам пул мукофоти ваъда қилинган.
Қирғизистонликлар ҳисобида ҳозиргача олтин медал йўқ. Қўшни республика вакиллари шу пайтгача 3 та кумуш ҳамда 4 та бронза медалига эга чиққан.
Тожикистон ҳукумати Олимпиада олтин медали учун 28 минг доллар, кумуш учун 23 минг ҳамда бронза учун 18 минг АҚШ доллари ваъда қилган.
Бундан ташқари, спортчилар худди қозоғистонликлар каби кўп қаватли уйларга эга чиқади.
Шу пайтгача тожикистонликлар 1 та олтин, 1 та кумуш ҳамда 2 та бронза медали совриндори бўлган.
Туркманистон Республикаси спортчиларга қанча пул мукофоти ваъда қилгани ҳақидаги маълумотлар очиқ манбаларда топилмади.
Фото: “Арабнеwс”
Туркманистонликлар тарихидаги ягона медални Токио Олимпиадасида қўлга киритган. Полина Гуреванинг кумуш медали учун унга Туркманистон ҳукумати 50 минг АҚШ доллари билан мукофотлаган эди. Бундан ташқари, спортчига автомобиль ва уй ҳам берилган.
Баъзи мамлакатлар мукофот миқдорини эълон қилмайди. Аммо спортчи бирор натижага эришса, муносиб тақдирлайди. Масалан, Саудия Арабистони учун 2020 йилда кумуш медали тақдим этган каратэ устаси беш миллион риал (тахминан 1,33 миллион АҚШ доллар) миқдоридаги мукофот билан тақдирланган.
Баъзи мамлакатлар ғолибларга пул мукофоти бермайди. Масалан Буюк Британия, Норвегия ҳамда Швеция каби давлатларда совриндорлар учун алоҳида пул мукофоти ажратилмаган. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”